Йиллик ҳалқа, йиллик қаватлар — 1) ўсимликларда ксилема (ёғоч) нинг ўсиш зоналари; ёз-қишнинг алмашинишига караб, камбий фаолиятининг ўзгариши натижасида вужудга келади. Дарахтларнинг пояси, шохи ва илдизини кўндалангига кесиб Й.ҳ.ни кўриш мумкин. Вегетация даврининг бошида ҳосил бўлган ксилема тузилиши, ранги, ялтироқлиги, ўлчами ва б. механик хоссалари билан вегетация даврининг 2-ярмида ҳосил бўлган ксилемадан фарқ қилади. Ўсимликнинг илдиз бўғзини арралаб ва кесилган жойидаги Й.ҳ.лар сонига қараб, дарахт ёшини аниқлаш мумкин: 2) ҳайвонларда — баъзи тўқималарда ҳар йили ривожланиб, узоқ сақланадиган (индивиднинг ёшини аниқлашга ёрдам берадиган) ҳосилалар. Й.ҳ- узоқ вақт ривожланган ва муҳим ўзгаришларга учрамаган скелет тузилмаларида ҳосил бўлади. Мас, Й.Ҳ. балиқ тангачаларида, моллюска чиғаноқларида ва судралиб юрувчилар калла суягининг ясси қисмида, тирноқларда бўлади. Й.ҳ. сонига қараб, индивиднинг ёши, у ё бу даражада кенглигига қараб, ўсиш суръати аниқланади. [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил