Yoʻtal
Йўтал — мураккаб рефлектор ҳолат, ихтиёрий ёки ғайриихтиёрий равишда тез нафас чиқариш ҳаракати; нафас аъзоларининг ҳимояланиш-тозаланиш реаксияларидан бири. Йўтал марказий нерв системаси (йўтал маркази узунчоқ мияда жойлашган) томонидан идора этилади. Нафас йўллари ва ўпка яллиғланганда, шунингдек, нафас йўлларига чанг, тўзон ва бошқа нарсалар тушганида йўтал пайдо бўлади. Баъзан нафас йўллари шиллиқ қаватининг „қичишиши“дан ёки безовталаниш ва зўриқишдан (асабийлашиш туфайли) йўтал юзага келади. Йўтал вақтида, аввало чуқур нафас олинади, сўнг нафас мускуллари таранглашади, ҳиқилдоқдаги овоз ёриғи эса беркилади — кўкрак бўшлиғида юқори босим вужудга келади. Шундан кейин торайган овоз ёриғи орқали кучли ҳаво оқими юқори босим билан кетма-кет ташқарига отилиб чиқади ва, айни вақтда, у ўпкадан балғам ёки бошқа зарраларни илаштириб ҳайдаб келади.
| Йўтал | |||||
|---|---|---|---|---|---|
|
Кўкйўтал билан оғриган боланинг йўтали.
| |||||
| Классификацияси ва ташқи линклар | |||||
| Ихтисос | Юқумли касалликлар | ||||
| КХК-10 | Р05 | ||||
| КХК-9 | 786.2 | ||||
| ДисеасесДБ | 17149 | ||||
| МедлинеПлус | 003072 | ||||
| эМедиcине | ЭНТ/1048560 | ||||
| МеСҲ | Д003371 | ||||
Таснифи
Йўтал узун-қисқалигига қараб хуружли (кўкйўталда), даврий (бронхитда), тўхтовсиз, қисқа (плевритда); товушига кўра — хириллаган (ҳиқилдоқ шикастланганда), бўғиқ (товуш бойламларининг яллиғланиши ва яраланишида); балғам ҳосил бўлишига қараб — ҳўл (балғам келади) ва қуруқ бўлади. Йўтал тез ва қаттиқ тутганда кўкракни оғритиши, беморни ҳаллослатиши ва ҳатто уйқу бермаслиги мумкин. Мудом ва бот-бот йўтал тутиши ўпка эмфиземаси, юрак-ўпка етишмовчилигига олиб келади. Йўтални бартараф этиш учун, аввало, шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Даволаш
Асосан, йўталга сабаб бўлган касаллик даволанади, балғам кўчирадиган, йўтал марказига таъсир этадиган дорилар берилади. Қуруқ йўталда оғриқни ва йўтални қолдирувчи дори-дормонлар тавсия этилади. Шифокор тавсиясига кўра, томоққа, кўкрак соҳасига горчичник қўйилади, иссиқ сутга асал қўшиб ичирилади, дорили ингалясия қилинади. Йўтал кўкйўтал, грипп ва бошқа инфексион касалликлар белгиси бўлиши мумкин, шу сабабли, йўталганда оғизга дастрўмол тутиш зарур (уни тез-тез ювиб, дазмоллаб туриш керак)[1].
Манбалар
Яна қаранг
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
