Yuridik shaxs
Юридик шахс — фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг конкрет субъэкти.
Юридик шахс — фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларининг субъектлари ҳисобланувчи корхона, муассасалари, ташкилотлар. Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигига кўра, Юридик шахс ўз мулкида, ёки оператив бошқарувида алоҳида молмулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу молмулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилотдир. Юридик шахслар мустақил баланс ёки сметага эга бўлишлари керак.
Ўзбекистон Республикасининг ФКда Юридик шахсларнинг қуйидаги иккита тури фарқланади: 1) тижоратчи ташкилотлар, яъни фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган ташкилотлар. Масалан, хусусий корхоналар, хўжалик ширкатлари ва жамиятлари; 2) тижоратчи бўлмаган ташкилотлар, яъни фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ташкилотлар. Масалан, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари. Юридик шахслар фуқаро (фуқаролар) томонидан (масалан, хусусий корхона, масъулияти чекланган жамият, нотариал контора каби шаклларда), Юридик шахсларнинг ўзлари томонидан (масалан, ўзга аксиядорлик жамиятининг аксияларини сотиб олиши йўли билан, Юридик шахслар бирлашма ёки уюшма иттифоқларига бирлашиши орқали), давлат томонидан (масалан, оператив бошқарувга асосланган таълим муассасасини ташкил қилиш, давлат молмулки бўлган корхона очиқ аксиядорлик жамиятига айлантирилаётган пайтда аксияларнинг бир қисми давлатнинг ўзида қолган ҳоллар) таъсис этилиши мумкин. Улар, ўз навбатида, ташкил қилинган Юридик шахснинг муассислари (таъсисчилари) ҳисобланадилар. Шунингдек, ЎзРда Юридик шахснинг таъсисчиси чет эл фуқароси, чет эл компанияси (Юридик шахси)[сайт ишламайди] ҳам бўлиши мумкин. Қоидага кўра, устав жамғармасининг миқдори таъсис этилаётган Юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилаётган пайтда 150000 АҚШ долларидан ортиқ ва улушнинг камида 30 фоизини четел инвесторининг ҳиссаси ташкил эца, бундай Юридик шахс — қўшма корхона, агар юз фоиз улуш чет эллик инвесторга тегишли бўлса, бундай Юридик шахс — хорижий корхона ҳисобланади. Айни вақтда бундай мулкий сензлар маҳаллий Юридик шахсларга ҳам ўрнатилган. Чунончи, масъулияти чекланган жамиятнинг, хўжалик ширкатининг устав фонди жамиятни, ширкатни давлат рўйхатидан ўтказиш пайтидаги қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан кам бўлмаслиги керак. Айни вақтда Юридик шахсларнинг мулкий маблағлари соҳасида айрим чеклашлар ҳам мавжуд. Масалан, Юридик шахснинг бир тури бўлган сиёсий партиялар хайрия ёрдамини фақат Ўзбекистон Республикаси Юридик шахслари ва фуқароларидан оладилар (Ўзбекистон Республикасининг 2004-йил 30-апрелдаги „Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида“ги қонуни). Ўзбекистон Республикасининг „Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида“ги қонуни (2000-йил 25-май)га кўра, Юридик шахслар қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланишлари мумкин. Шунингдек, айрим фаолият турлари билан фақат рухсатнома (лицензия) орқали шуғулланишга йўл қўйилади (ЎзРнинг 2000-йил 25-майдаги „Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида“ги қонуни). Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001-йил 12-майдаги қарори билан „Амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати“ белгиланган. Уларга, жумладан, атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш, геодезия ва харитаграфия фаолияти, маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаш, ноширлик, тиббий, нодавлат таълим муассасалари фаолияти кабилар киради. Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасига кўра, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиги ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек, ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади. Махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш ҳам тақиқланади.
Юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқати у тузилган пайтдан, яъни давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади ва унинг фаолияти тугаши (тугатилиши) билан тугайди. Юридик шахс устав асосида ёки таъсис шартномаси ва устав асосида ёхуд фақат таъсис шартномаси асосида иш олиб боради. Қонунда назарда тутилган ҳолларда тижоратчи ташкилот бўлмаган Юридик шахс шу турдаги ташкилотлар ҳақидаги низом асосида иш олиб бориши мумкин. Юридик шахс қонунларга ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ иш олиб борадиган ўз органлари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлади ва зиммасига фуқаролик бурчларини олади. Юридик шахс органларини тайинлаш ёки сайлаш тартиби қонунлар ва таъсис ҳужжатлари билан белгиланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда Юридик шахс ўз иштирокчилари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиши ва фуқаролик бурчларини ўз зиммасига олиши мумкин. Юридик шахсларнинг фаолияти қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) ёки тугатиш (муассисларнинг қарори билан, фаолият рухсатномасиз олиб борилганда, банкрот деб топилганда — суднинг қарори билан) орқали бекор бўлади.
Мамлакатимизда Юридик шахслар фаолиятини бевосита тартибга солувчи бир қанча қонун ҳужжатлари мавжуд: „Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида“ (1991-йил 15-феврал). „Аксиядорлик жамиятлари ва аксиядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида“ (1996-йил 26-апрел). „Нотариат тўғрисида“ (1996-йил 26-декабр), „Адвокатура тўғрисида“ (1996й-ил 27-декабр), „Оммавий ахборот воситалари тўғрисида“ (1997-йил 26-декабр), „Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида“ (1998-йил 30-апрел), „Фермер хўжалиги тўғрисида“ (янги таҳрирда 2004-йил 26-август), „Деҳқон хўжалиги тўғрисида“ (1998-йил 30-апрел), „Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида“ (1999-йил 14-апрел), „Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун Юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида“ (2000-йил 15-декабр), „Хўжалик ширкатлари тўғрисида“ (2001-йил 6-декабр), „Масъулияти чекланган ҳамда қўшма масъулиятли жамиятлар тўғрисида“ (2001-йил 6 -декабр), „Хусусий корхона тўғрисида“ (2003-йил 11-декабр)ги ва бошқалар қонунлар.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ҳуқуқшуносликка оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |