Saf
Саф (арабча — қатор, сира) — ҳарбий бўлинма ва қисмларнинг бирга ҳаракат қилиши учун муайян тартибда жойлашуви. Қулдорликтузумининг вужудга келиши турли қўшин қисмларини маълум тартибга солиш, саф тузишни тақозо этган. Яқин Шарқ, Юнонистон, Қадимий Рим ва Карфагенда қурол-яроғларнинг ва ҳарбий ишнинг такомиллашуви, жанг араваларининг пайдо бўлиши жанговар сафга алоҳида диққат қилишга замин яратган. Туркий халқлар томонидан жаҳон ҳарбий санъати тарихида биринчи бўлиб отлиқ аскарлар сафининг жорий қилиниши суворий қўшинининг душман кучлари устидан тўла устунлигини таъминлаган.
Замонавий саф — ҳарбий хизматчилар, кичик бўлинмалар ва қисмларнинг низомга кўра, пиёда ва машиналарда бирга ҳаракат қилиш учун жойлашуви. Бунда қанотлар ўртасидаги масофа — сафнинг эни, 1шеренга (олдинда турган ҳарбий хизматчи)дан сўнгги шеренга (охирида турган ҳарбий хизматчи) орасидаги, машиналар билан турганда эса, 1 чизиқда (олдинда) турган машиналар билан сўнгги (орқадаги) чизиқда турган машиналар ўртасидаги масофа — сафнинг бўйи деб аталади. Бўлинмалар 1 ёки 2 шеренга (машиналар линияси)га ёхуд колонналар линиясига низом ёки командир белгилаб қўйган оралиқ масофани сақлаган ҳолда тизилиши — ёйиқ саф бўлиб, шунингдек, бошқа зарур ҳолларда қўлланади. Бўлинмаларнинг низом ёхуд командир белгилаб қўйган оралиқ масофани сақлаган ҳолда колонналарга тизилиши — юриш сафи деб аталади. У бўлинмаларнинг маршни бажариши, тантанали марш ва ашула билан ўтиш каби бир жойдан иккинчи жойга кўчиши, шунингдек, бошқа зарур ҳолларда қўлланади. Сафни бошқариш — командирнинг овоз, сигнал ва шахсий намуна, шунингдек, техник ва ҳаракат воситалари орқали бериладиган буйруқлари орқали амалга оширилади.
Колонна бўйича буйруқлар кичик бўлинмалар командирлари (машина бошлиқлари) ва тайинланган кузатувчилар орқали узатилиши мумкин.
Юриш сафи — бўлинма колоннага тизилган ёки колоннага тизилган бўлинмалар кетма-кет, мазкур Низомда белгиланган ёки командир томонидан тайинланган дистансия қолдирган ҳолда жойлашган саф. Юриш сафи бўлинмалар марш давомида ҳаракатланиши, тантанали юриши, саф қўшиғи билан ўтиши учун ва шу каби, бошқа зарурий ҳолларда қўлланади.
Ёнма-ён тизилган саф — бўлинмалар бир ёки икки шеренгали сафга (машиналар чизиғига) фронт бўйлаб бир чизиқда тизилган ёхуд колонналар чизиғига, мазкур низомда белгиланган ёки командир томонидан тайинланган интервал қолдирган ҳолда тизилган саф ҳисобланади. Ёнма-ён тизилган саф йўқлама, саноқ, кўрик, парад ўтказиш учун ва шу каби, бошқа зарурий ҳолларда қўлланади.
Етакчи — тайинланган йўналишда бош бўлиб бораётган ҳарбий хизматчи (бўлинма, машина). Қолган ҳарбий хизматчилар (бўлинма ёки машиналар) ўз ҳаракатини етакчига қараб мослаштиради.
Охирда борувчи — колоннанинг охирида бораётган ҳарбий хизматчи (бўлинма, машина).
Саф бошқариш амаллари оғзаки, сигнал воситасида ёки командир томонидан шахсан кўрсатиб бериладиган, шунингдек, техник ва ҳаракатчан воситалар орқали узатиладиган команда ва буйруқлар орқали бажарилади. Команда ва буйруқлар колонна бўйича бўлинма командирлари (машина катталари) ва тайинланган кузатувчилар орқали узатилиши мумкин.
Машинада бошқариш амали оғзаки бериладиган ёки алоқа воситалари орқали узатиладиган команда ва буйруқлар орқали бажарилади.
Сафда катта командир саф бошқариш учун ўзига қулай бўлган жойда бўлади. Қолган командирлар командаларни мазкур Низомда белгиланган ёки катта командир тайинлаган жойда қолиб беришади. Баталён ва бригаданинг юриш сафидаги взвод ва ундан катта бўлинма командирларига сафдан чиқишга фақат команда бериб, унинг ижросини текшириш учунгина рухсат берилади. Бўлинма „Сафлан“ командасига биноан саф тортади. Ушбу командадан олдин саф тортиш тартиби кўрсатиб ўтилади, мисол учун: („Гуруҳ, бир шеренгага Сафлан“). Бундай командага биноан, бўлинма ҳарбий хизматчилари сафдаги ўз ўмини белгиланган интервал ва дистансияга амал қилган ҳолда эгаллаб, қад ростлаб туриши лозим. Ҳамидулла Дадабоев, Худойназар Жуманазаров.[1]
Манбалар
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |