Юрий Александрович Сенкевич – ХХ асрда яшаб ўтган машҳур совет ва рус сайёҳи, олим, журналист ва телебошловчи[1].

Юрий Сенкевич
Таваллуди 4-март, 1937-йил
Вафоти 25-сентябр, 2003-йил
Москва, Россия
Фуқаролиги аввал СССР, кейин Россия
Таълими Санкт-Петербург ҳарбий тиббиёт академияси
Касби Олим, шифокор, сайёҳ, журналист ва телебошловчи
Фаолият йиллари 1960/1962—2003-йиллар
Унвони Россия телеакадемияси академиги
Отаси Александр Сенкевич

Болалик ва ўсмирлик йиллари

Юрий Сенкевич 1937-йил 4-мартда Мўғулистоннинг Баян-тумен (ҳозирги Чойбалсан) шаҳрида туғилган. Ота-онаси Санкт-Петербургдаги ҳарбий тиббиёт академиясини тугатгандан сўнг шу шаҳарга ишга юборилганидан кейин Юрий Сенкевич туғилган. Сенкевичларнинг аксарияти тиббиёт соҳаси вакиллари эдилар. Ёшлигида биология, зоология ва умуман табиий фанлардан яхши сабоқ олган Юрий Сенкевич ота-онаси изидан бориб, 1960-йилда Санкт-Петербург ҳарбий тиббиёт академиясини тугатади[2].

Илмий тадқиқоти

1960-йил ўқишни тугатгандан сўнг, Юрий Сенкевич ҳарбий шифокор сифатида топшириқ олади[3]. Юрий Сенкевич 1962-йилдан бошлаб фан билан жиддий шуғуллана бошлади. Дастлаб, СССР Мудофаа вазирлигига қарашли Авиация ва коинот тиббиёти институтида, кейинчалик Москвадаги Тиббий-биологик муаммолар институтида экстремал вазиятларда инсон хулқ-атворининг хусусиятлари мавзусида тадқиқот олиб борган.

Антарктикага саёҳат

Тадқиқот мавзусининг муҳимлиги боис, Сенкевич 1964-йилда фазогирларни тайёрлаш гуруҳига қабул қилинди. 1967-йилда эса Юрий Сенкевич Антарктикага экстремал шароитда яшаш учун кураш бўйича ташкил этилган икки йиллик экспедицияда иштирок этиш учун таклиф этилган. Мазкур экспедиция дунёнинг энг совуқ қутби (-88,3 даража) номини олган материк – Антарктидадаги „Восток“ илмий текшириш стансиясида тадқиқотлар олиб борган. Ана шундан сўнг саёҳатлар Юрий Сенкевичнинг асосий машғулотига айланади. Мазкур экспедиция давомида сайёҳ, журналист сифатида ҳам шаклланади. Юрий Сенкевич „Халқлар дўстлиги“ журналида мазкур саёҳат тўғрисида қизиқарли маълумотларни эълон қилиб борган[2].

Хеердал экспедицияларида иштироки

Хеердал билан танишув

1969-йилда машҳур норвег сайёҳи ва олими Тур Хеердал тропик қамиш (папирус)дан ясалган „Ра“ кемасида қадимги халқларнинг океанлар оша сузишларни амалга оширган бўлиши мумкинлигини исбот қилиш учун Атлантика океани орқали саёҳатни ташкил этди. Хеердал ўзининг етти кишилик халқаро экипажига универсал инсон – шифокор, бир қатор табиий фанлар бўйича етук олим, инглиз тилини мукаммал биладиган журналист Юрий Сенкевични ҳам таклиф қилди.

„Ра“ экспедициялари

1969-йилдаги „Ра-1“ кемасида ташкил этилган экспедиция кеманинг ҳалокатга учраши туфайли муваффақияцизликка учраган бўлса, 1970-йилда „Ра-2“ кемасида 8 кишидан иборат халқаро экспедиция Кариб денгизи шарқидаги Барбадос оролигача сузиб бора олган[4].

Телевидение

1973-йилдан Юрий Сенкевич марказий телевидениедаги „Киносаёҳатчилар клуби“ кўрсатуви бошловчиси сифатида фаолият кўрсата бошлаган. Тиниб-тинчимас сайёҳ, олим ва нафис сўз устаси бўлган Сенкевич „Киносаёҳатчилар клуби“ни кўп миллионли телетомошабинларнинг севимли телекўрсатувига айланишига эриша олган. Мазкур кўрсатув экранга берилаётган маълумотларнинг кенг миқёслилиги, жиддийлиги, мазмунан чуқурлиги билан тезда шуҳрат қозонади. Кўрсатув мавзусини танлаш, муаллифлар ва меҳмонларни таклиф этиш билан Сенкевичнинг шахсан ўзи шуғулланган. Тур Хеердал, Жак-Ив Кусто, Карло Маури, Бруно Вайлатти, Жак Маёл, Жан Мелори, Фёдор Конюхов ва бошқа кўплаб машҳур сайёҳларнинг кўрсатувдаги бевосита иштироки унинг қизиқарлилигини янада оширган[5].
Кўрсатувда дунёдаги турли халқлар ва мамлакатларнинг ҳаёти, турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилиб, улар томошабинда саёҳат қилиш ҳиссини уйғотарди. Турли йилларда ўтқазилган ижтимоий сўровлар шуни кўрсатадики, Юрий Сенкевичнинг „Киносаёҳатчилар клуби“ ўзининг доимий кўпмиллионли мухлисларига эга бўлган. 30 йил давомида у журналист сифатида 200 дан ортиқ мамлакатларга ташриф буюрган. Юрий Сенкевич дунёдаги энг узоқ вақт (1973-2002-йиллар) хизмат қилган телебошловчи сифатида „Гиннесснинг рекордлар китоби“ га киритилган[3].

Кейинги саёҳатлар

1977—1978-йилларда Юрий Сенкевич Тур Хеердалнинг қамишдан ясалган „Тигрис“ кемасида Ҳинд океани бўйлаб саёҳатида кема шифокори сифатида иштирок этган. Уч минг йил аввалги лойиҳа бўйича ишланган ушбу кема Қизил денгиз қирғоқларидан йўлга чиққач, беш ой давомида Ҳинд океанида сузиб, Африканинг Жибути қирғоқларига қайтиб келган. 1979-йилда Юрий Сенкевич шимолий қутбга чанғида амалга оширилган ва 1980-1982-йилларда дунёдаги энг баланд чўққи Эверестга ташкил этилган экспедицияларда шифокор сифатида иштирок этган[6].

Илмий фаолияти ва ютуқлари

Саёҳатлари давомида олган таассуротларини 60 дан ортиқ илмий мақола ва рисолаларида баён этган, уларда инсон хулқининг экстремал вазиятлардаги физиологик жиҳатларини, узоқ саёҳатлар давомидаги ўзаро муносабатларнинг хусусиятларини кенг ёритиб берган. Олимнинг „Ра“да Атлантика орқали", „Тигрис“ океанда", „Уларни уфқ чорлаган“ ва „Умрга тенг саёҳат“ каби асарлари орасида машҳур.

Қарашлари

Юрий Сенкевич дунёдаги барча халқлар маданияти ва тарихига чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан қарайдиган сайёҳ эди. У „ўз тарихига бўлган қизиқиш – миллатнинг маданиятлилиги белгисидир“ деган сўзларини турли учрашувларида тинмай такрорларди. машҳур сайёҳ ХХ асрнинг 80-йиллари бошида Тошкентга қилган сафарида ёш географлар ва сайёҳлар билан бўлган учрашувда Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси ҳақида гапира туриб, худди шу сўзларни ишлатган.

Ютуқлари

Юрий Сенкевич тиббиёт фанлари номзоди, Россия сайёҳлар ассосиацияси президенти, Россия телеакадемияси академиги ва қатор халқаро мукофотлар совриндори бўлган[7].

Ҳаётининг сўнгги даври

Юрий Сенкевич машҳур норвег сайёҳи, олим Тур Хеердал билан жуда яқин дўст бўлган. 2002-йилда Тур Хеердалнинг вафот этганлиги ҳақидаги хабарни эшитгач, Юрий Сенкевич юрак хуружи билан оғриб, ётиб қолади. Аммо Юрий Сенкевич умрининг охирги йилларида саломатлиги яхши эмаслигига қарамасдан, саёҳат қилишда давом этган. Жумладан, 2001-йилда Швейсария, Испания, Дондаги Ростов вилояти, Қозоғистон, Чукотка, Ханти-Мансийск, Хитой ва Ҳиндистонга, 2002-йилда эса Чукотка ва Врангел оролларига саёҳат қилади. Олим 2003-йилнинг 25-сентябрида ўз иш жойида вафот этган[8]. Сенкевич Москва шаҳрининг Новодевичем қабристонига дафн қилинади[9].

Абадийлаштириш

Юрий Сенкевичнинг номи турли обектларда абадийлаштирилган. „Аэрофлот“ компанияси самолётларидан бири; умумий юк кўтариш қобилияти 100 минг тонна („Титаник“дан икки баравар кўп) бўлган кема ва Москва давлат туризм индустрияси институти Юрий Сенкевич номи билан аталган. Сибирдаги Омск шаҳрида „Сенкевич“ ресторани бўлиб, унинг деворларидан бирида сайёҳ иштирок этган „Ра-2“ кемаси саёҳатининг фил терисига ишланган харитаси осиб қўйилган[8].

Манбалар

  1. ↑ „Юрий Александрович Сенкевич“ (Рус тили) (2023-йил 3-март). Қаралди: 2024-йил 9-июн.
  2. ↑ 2,0 2,1 Гадоев К., Бердиева С. Жаҳонгашта сайёҳ-олимлар. Тошкент: „Ўзбекистон“, 2011. 256-бет.
  3. ↑ 3,0 3,1 „Юрий Сенкевич“ (Инглиз тили). Қаралди: 2024-йил 9-июн.
  4. ↑ Гадоев К., Бердиева С. Жаҳонгашта сайёҳ-олимлар. Тошкент: „Ўзбекистон“, 2011. 256-257-бетлар.
  5. ↑ Гадоев К., Бердиева С. Жаҳонгашта сайёҳ-олимлар. Тошкент: „Ўзбекистон“, 2011. 257-бет.
  6. ↑ Гадоев К., Бердиева С. Жаҳонгашта сайёҳ-олимлар. Тошкент: „Ўзбекистон“, 2011. 258-бет.
  7. ↑ Гадоев К., Бердиева С. Жаҳонгашта сайёҳ-олимлар. Тошкент: „Ўзбекистон“, 2011. 258-259-бетлар.
  8. ↑ 8,0 8,1 Гадоев К., Бердиева С. Жаҳонгашта сайёҳ-олимлар. Тошкент: „Ўзбекистон“, 2011. 259-бет.
  9. ↑ Варвара Райская. „Юрий Сенкевич“ (Рус тили). Қаралди: 2024-йил 9-июн.