Юсуф (арабча: يُوْسُف ٱبْن يَعْقُوْب ٱبْن إِسْحَاق ٱبْن إِبْرَاهِيْم‎‎; Юсуф ибн Яъқуб ибн Ишоқ ибн Иброҳим) – Қуръонда тилга олинган пайғамбарлардан бири. Ривоятларга кўра, Яъқуб пайғамбарнинг Роҳила исмли хотинидан бўлган севикли ўғли. Библияда Иосиф деб тилга олинган. Қуръоннинг 12-сураси Юсуф номи билан аталади. Аллоҳ Юсуфга тушлар таъбирини аниқ айта олиш қобилиятини ато этди. Нақл қилишларича, Яъқуб ўз фарзандлари орасида Юсуфни кўпроқ яхши кўрар эди. Акалари унга ҳасад қилиб Юсуфни қудуққа ташлаб юборадилар, оталарига эса, Юсуфни даштда бўри еб кетди, деб ёлғон гапирадилар. Карвонда кетаётганлар Юсуфни қудуқдан чиқариб мисрлик катта амалдорга сотадилар. Амалдорнинг хотини Зулайҳо Юсуфни севиб қолиб йўлдан урмоқчи бўлади. Юсуф зино қилишдан ўзини тияди, лекин Зулайҳо иғвоси туфайли гуноҳсиз зиндонга ташланади. Зиндондагиларнинг ва Миср ҳокимининг туши таъбирини тўғри айтиб, у ердан қутулади. Давлат хазинасини сақловчи лавозимига тайинланади. Юсуф Миср тахтида адолат билан ҳукм юргиза бошлади. Зулайҳони ўз никоҳига олади. Бошқа давлатларда очарчилик юз берганда ҳам, Миср заминида тўкинчилик бўлади. Иттифоқо Канъон (ҳозирги Ливан)дан унинг акалари дон сўраб келиб қолиб, Юсуфни танимайдилар. Юсуф бир пухта тадбир билан уларни ўз хато-гуноҳларига иқрор қилади ва отаси Яъқубнинг кўзлари очилишига сабаб бўлади. Уни Мисрга олиб келади. Ислом анъанасида Юсуф чиройли йигит сифатида тасвирланади. Қуръонда Аллоҳ барча умматлари бошларига тушган бало-қазоларга сабр-қаноат қилса, уларни кулфатлардан халос этиб, саодатли кунларга етказажаги уқтирилади. Ўрта асрлар мусулмон шарқида яратилган кўпчилик бадиий асарларда Юсуф ҳақидаги ривоятдан кенг фойдаланилган[1].

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Юсуф“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Ю-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Ҳаволалар