Чунсин, Юйчен, Басян — Хитойнинг жан.ғарбий қисмидаги шаҳар, Сзялинсзян дарёсининг Янсзи дарёсига қуйилиш ерида. Сичуан провинсиясида. Аҳолиси 3,2 млн. киши (1990-йиллар ўрталари). Транспорт йўллари чорраҳаси. Аэропорт бор, дарё порти. Мамлакатнинг йирик савдо ва саноат марказларидан. Қора металлургия, саноат жиҳозлари, приборсозлик, кимё, резина, нефтни қайта ишлаш, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати корхоналари мавжуд. Қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Университет ва бошқа олий ўқув юртлари, 2 иссиқлик электр стансияси, ГЕС каскади бор. Шаҳарга 3 минг йил аввал асос солинган. 1937—1946-йилларда Хитойнинг вақтинчалик пойтахти бўлган. Ч. яқинидан тошкўмир қазиб олинади.