Замонбобо
Мамлакат: О'збекистон
Ҳудуд: Қоракўл, Бухоро
Давр: Бронза
Мақоми: Турар-жой
Тадқиқотчи: Аҳмадали Асқаров
Топилмалар: Сопол буюм, ов қуроллари, жез буюмлар, тақинчоқлар

Замонбобо — сўнгги жез даврига оид ўтроқ деҳқонлар манзилгоҳи ва қабристони (мил. ав. 2 минг йиллик ўртаси). Бухоро воҳасининг ғарбидаги Замонбобо кўли ёқасидан топилган. Замонбобо турар жойлари усти чайла қилиб беркитилган ертўлалардан иборат бўлган. Ушбу ерда 45 та қабр очилган. Таги ясси ва думалоқ, безаксиз сопол идишлар, жез буюмлар, пайконлар, тош мўнчоқлар, тош ўроқ парчалари ва бошқалари топилган.[1]

Замонбобо ҳудудидаги қабристонлар очиб ўрганилганда 8 қабрда жуфт, 28 қабрда эса тоқ ҳолатдаги скелет қолдиқлари топилган. Бошқа икки қабрда эса катта одам скелети билан, ёш бола суяк қолдиқлари аниқланди. Мозорлар оддий чуқурлардан иборат, жасадлар қабрга букчайтирилган ҳолда ёнбошлатиб қўйилган. Эркаклар қабрларидан кўпроқ чақмоқтошдан ясалган ўқ учлари, найза ва пайконлар, пичоқсимон пластинкалар топилган. Аёллар қабрларидан қимматбаҳо тошлардан ясалган зеб-зийнат буюмлари мўнчоқ, маржон, мисдан ясалган кўзгулар ва аёл кишининг ҳайкалчаси топилган.

Замонбобо археологик ёдгорлигидан ярим ер-тўла шаклида чайла қолдиқлари топилган. Турар-жой узунлиги 23,5 метр, чуқурлиги 1 м, эни 9 м, умумий майдони 170 м² ни ташкил этган[2]. Чайла ҳудудида ўчоқ ўринлари, меҳнат қуроллари, ҳайвон суяклари, уй-рўзғор асбоб-анжомларининг синиқлари топилган. Замонбобо маконида уй ҳайвонлари суяклари ҳам учраб, ушбу суяклар асосан қорамол, қўй ва эчкига тегишли. Одамлар Замонбобо кўли атрофида чорвачилик билан шуғулланганлар. Баъзан ов қилиб туришган. Қазишма жараёнида ёввойи ҳайвонларнинг суяклари ҳам топилган.

1961-йилда археолог Аҳмадали Асқаров Замонбобо қабристонидан унча йироқ бўлмаган ердан, Зарафшоннинг эски ўзани Гурдуш-Гужайли қирғоғидан ушбу маданиятга тегишли турар-жой қолдиқларини очди. Қишлоқ ҳудудида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида замонбобода яшовчиларнинг хўжалиги ва ижтимоий ҳаётига оид янги материаллар топилган. Қазилган ҳудуддан ер-тўла типидаги кулба харобаси, бир қанча чайлалар, икки ярусли хумдон қолдиғи ҳамда девор қолдиқлари топиб ўрганилган. Ер-тўла майдони 200 кв.м ни ташкил этган[3]. Ер-тўладан қатор қилиб ўрнатилган ўчоқлар топилган.

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ Ж.Кабиров, А.Сагдуллаев. О'рта Осиё археология. Тошкент О'қитувчи 1990 — 134-бет. 
  3. ↑ Н.Эгамбердиева. Археология. Тошкент 2011 — 73-бет. ИСБН 978-9943-10-465-5.