Zaxm
Захм ёки сифилис – барча аъзо ва системаларнинг зарарланиши билан кечадиган сурункали таносил (венерик) касаллиги. Захм қадимдан маълум. Унинг ер юзида пайдо бўлиши ва тарқалиши ҳақида турли фикр ва назариялар мавжуд. Кўп олимлар фикрига кўра, Христофор Колумбнинг захм билан касалланган матрослари Испанияда захм тарқалишига сабаб бўлган. 1496-йилда эпидемия бошланиб, Италия, Франсия, Швейсария, Германия, кейин Австрия, Венгрия ва Полшага тарқалган. Айрим олимлар Европа, Осиё ва Яқин Шарқда қадим замонларда ҳам мавжуд бўлган деган фикрдалар. Ўтмишнинг буюк олимлари Гален, Гиппократ, Абу Али ибн Сино ва бошқаларнингнинг асарларида ёзилган касаллик белгилари (яра, афта, кондилома ва бошқалар) айнан клиникасини эслатади. Захм ХВИ бошларида деярли бутун дунёда пайдо бўлган. Захмни оқиш трепонема (Спирохеталар) қўзғатади (бу микроорганизм анилин бўёғи билан ёмон бўялганлиги учун оқиш дейилади). У бемор қонида, теридаги ярада, лимфа тугунлари, орқа мия суюқлигида, сўлагида, нерв тўқималари ва ҳамма аъзоларида, ҳатто захм билан оғриган аёл сутида ва эркак шаҳватида ҳам бўлади. Оқиш трепонема организмдан ташқарида қуритилганда ўлади, лекин нам муҳитда (масалан, шаҳват, сўлакда, қин шилимшигида) узоқ яшайди[1].
| Сифилис | |
|---|---|
|
| |
| КХК-10 | А50-А53 |
| КХК-9 | 090-097 |
| МедлинеПлус | 001327 |
| эМедиcине | мед/2224 эмерг/563 дерм/413 |
Юқиши ва касаллик аломатлари


Бемор захм тарқатадиган манбадир; у соғлом киши билан ўпишганда, жинсий алоқа қилганда ёки унинг идиш товоқларидан фойдаланганда касаллик юқади. Кейинги йилларда қон қуйиш йўли билан ҳам (трансфузион) захм юқиш ҳоллари аҳёнда кузатилади. Оқиш трепонема терига ёки шиллиқ пардага киргач, тез кўпаяди ва лимфа томирлари орқали бутун организмга тарқалади. Захм билан касалланган одам аввал ўзини мутлақо соғлом сезади, 3—4 ҳафтадан кейин (яширин – инкубацион давр тугагач) оқиш трепонемалар кирган жойда захмнинг биринчи белгиси – оғримайдиган бирламчи сифилома (қаттиқ шанкр) пайдо бўлади. Бемор фурункулёз, ўпка яллиғланиши, ангина, сўлак ва бошқа касалликлар сабабли бирор антибиотик билан даволанган бўлса, захмнинг яширин даври анча чўзилиши мумкин. Бундай ҳолларда антибиотикнинг тегишли дозаси трепонемаларни йўқ қила олмай, уларнинг ривожланишини бир оз тўхтатиб қўяди, натижада яширин давр анча чўзилиб кетишидан ташқари, касаллик бошқача кечиши мумкин. Қаттиқ шанкр пайдо бўлиши билан захмнинг биринчи даври бошланади: яра (шанкр)га яқин лимфа тугунлари яллиғланиб шишади, катталашади ва бир оз қаттиқлашади; кўпинча дармон қурийди, иситма чиқади, бош оғрийди, айниқса кечаси суяклар қақшаб оғрийди, уйқусизлик кузатилади. Бу давр 6-9 ҳафта давом этади ва ўз вақтида даво қилинмаса, иккинчи даврига ўтиб кетади: оғиз шиллиқ қавати, жинсий аъзолар, қўл, оёқ ва баданда доғ, тугунча ва ҳакозо кўринишида катта-кичик, ранг-баранг тошмалар (йирингли тугунчали) пайдо бўлади; кўпчилик беморларнинг сочи тўкила бошлайди, суяк, бўғим, мускул, қон томирлар, юрак, кўз, қулоқ, ички аъзолар ва нерв системаси зарарланиши мумкин. Бу даврда бемор атрофдагилар учун ўта хавфли ҳисобланади. Иккинчи давр бошида пайдо бўлган тошма ҳеч қандай даво қилинмаса ҳам, бир қанча вақтдан кейин бутунлай йўқолиб кетади; бемор ўзини соғлом сезиб, ҳеч нарсадан шикоят қилмайди, лекин бу беморнинг дарди ариди ва у атрофдагиларга касаллик юқтирмайди, деган гап эмас. Бу фақат захмнинг латент ёки яширин даври, холос. Бемор қунт билан даволанса, соғайиб кетади. Даво қилмай қўйса, касаллик тўсатдан қайталаниб (рецидив), иккинчи даврнинг ҳамма белгилари намоён бўлади ва бир қанча вақтдан кейин улар яна йўқолади. Бу жараён бир неча марта такрорланиши мумкин. Ҳар галги қайталаниш олдингисидан фақат кам тошма тошиши билан фарқ қилади. Бемор врач айтганларини қилмаса, спиртли ичимликлар истеъмол қилса,[2] тахминан 3-5 йилдан кейин иккинчи давр захмнинг охирги, учинчи даврига ўтади: олча данагидек дўмбоқчалар ёки тухумдек, баъзан ундан каттароқ гуммалар пайдо бўлиб, тўқималарни емиради, ярага айланади ва чандиқланиб битади. Касаллик оқибати гуммалар ўрнашган жойга боғлиқ. Мия, юрак, томир, жигар каби ҳаёт учун муҳим аъзолар зарарланса, бемор ҳаёти хавф остида қолади; юз зарарланган бўлса, бурун скелети емирилиб, бемор бадбашара, бурни эгарсимон бўлиб қолади. Ҳаракат, кўрув, эшитув аъзолари, нерв системасининг зарарланиши кишини умрбод майиб қилиб қўяди.
Захм ҳамма вақт ҳам учинчи даврга ўтавермайди. Бемор касалликнинг биринчи даврида даволана бошласа, иккинчи даври пайдо бўлмай тузалиб кетади. Бемор вақтида даволанмай, касаллигини ўтказиб юборса, захмнинг уччала даври бирин-кетин рўй беради. Захмнинг биринчи давридаёқ нерв системаси зарарланади, лекин бу учинчи даврда жуда оғир ўтади – орқа мия сўхтаси ва авж олувчи фалажга сабаб бўлади; бунда янги даво воситалари ҳам беморга фойда бермай қўяди.
Захмнинг онадан болага юқиши
Касал она даволаш курсини тўлиқ ўтмаган бўлса, захм хомиласига ўтиши мумкин. Аёлнинг бўйида бўлишидан олдин ёки ҳомиладорлик даврида эркак унга захм юқтирганда ҳам касаллик болага ўтади[3]. Бу ирсий эмас, туғма захмдир. Захм аёлнинг фарзанд кўрмаслигига сабаб бўлмайди, бироқ ҳомиладор захм билан оғриб даволанмаса, одатда, ҳомиладорликнинг 4—5 ойида боласи тушади ёки захм боланинг чала (7—8 ойлигида) мажруҳ, баъзан ўлик туғилишига сабаб бўлади. Захм белгилари йўқлиги учун унинг яширин даврини ўтаётган она ўзини соғлом ҳис қилади ва кўпинча дарди жуда оғир, захм билан касалланган бола туғади. Етук туғилган болада биринчи кунлари ёки биринчи ой охири ёки иккинчи ой бошида туғма захм белгилари намоён бўлади. Суяклар зарарланиши қаттиқ оғриққа сабаб бўлиб, бола ухлай олмайди ва йиғлай беради; баданига доғга ўхшаш ва тугунсимон жуда кўп тошма тошади; кўпинча ички аъзолар, нерв системаси ва сезги аъзолари зарарланади. Кечиккан туғма захм, одатда, бола 5 ёшдан балоғатга етгунча рўй бериши мумкин. Даволанмаган ёки чала даволанган болалардагина кечиккан туғма захм ҳаёт учун хавфлидир[4].
Давоси
Бемор врач айтганларини қилиб, қунт билан узоқ даволаниши керак. Захм даврларига қараб махсус даво тадбирлари белгиланади, захмга карши дорилар буюрилади. Беморлар венерология диспансерларида ҳисобга олиниб, мунтазам текшириб турилади. Касаллигини яшириб, даволанмай юрган ёки давоми тўхтатиб қўйган беморлар қонун йўли билан мажбурий даволанади[5].
Олдини олиш
Диспансерлар захм билан оғриган бемор оила аъзоларини, у билан жинсий алоқада бўлган кишиларни текширади, бемор кимдан касаллик юқтирганини аниқлайди ва захмнинг тарқалишига йўл қўймаслик тадбирларини кўради[6].
Адабиёт
- Арифов С, Эшбоев Э., Тери ва таносил касалликлари, Т., 1997.
Манбалар
- ↑ Ҳарпер КН, Оcампо ПС, Стеинер БМ, эт ал (2008). "Он тҳе оригин оф тҳе трепонематосес: а пҳйлогенетиc аппроач". ПЛоС Негл Троп Дис 2 (1): э148. дои:10.1371/жоурнал.пнтд.0000148. ИССН 1935-2727. ПМИД 18235852. ПМC 2217670. ҳттп://www.плоснтдс.орг/артиcле/инфо%3Адои%2Ф10.1371%2Фжоурнал.пнтд.0000148.
- ↑ Генетики подтвердили вину Колумба в распространении сифилиса (Wайбаcк Мачине сайтида 2008-01-17 санасида архивланган) // МедПортал.ру. – 15.01.2008. Андоза:Проверено
- ↑ Лернер В, Финкелстеин Й, Wитзтум Э (Жуне 2004). "Тҳе энигма оф Ленин'с (1870-1924) маладй". Эур. Ж. Неурол. 11 (6): 371–6. дои:10.1111/ж.1468-1331.2004.00839.х. ПМИД 15171732.
- ↑ Соколовский Е. В., Красноселских Т. В. Сифилис – на рубеже тисячелетий (Wайбаcк Мачине сайтида 2008-06-14 санасида архивланган) // Венеролог. – № 4. – 2005. – С. 76-77.
- ↑ Картамышев А. И. „Патогенез Сифилиса“, . Кожные и венерические болезни, 75000 экз, М.: МЕДГИЗ, 1953.
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |