Зиддият (мантиқда) – муҳокама юритишда, матнда ва назарияда бири иккинчисини инкор этадиган 2 мулоҳазанинг мавжудлиги (қаранг Зиддият сонуни); (диалектикада) – предмет ва ҳодисаларга обектив равишда хос бўлган бир бутуннинг қарамақарши (мусбат ва манфий, туғилаётган ва ўлиб бораётган, янги ва эски) томонлари, белгилари, йўналишлари ўртасидаги муҳим муносабатлар. Шу муносабатлар кураши табиат, жамият ва тафаккур тараққиётининг манбаини, ҳаракатга келтирувчи кучини ва ички мазмунини ташкил этади. Тараққиёт зиддиятларнинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва бартараф қилиниши жараёнидан иборат. Зиддиятлар ҳар хил бўлиб, улар нарса ва ҳодисаларнинг ҳаракати ва ривожланишида турлича рол ўйнайди. Зиддиятлар ички ва ташқи, асосий ва асосий бўлмаган, антагонистик ва антагонистик бўлмаган зиддиятларга бўлинади. Ички зиддият – нарса ва ҳодисалардаги ички жараёнларнинг ифодаси, „ўзўзидан ҳаракатланиш“ нинг манбаи, ривожланишнинг асосий сабабидир. Ташқи зиддият – нарса ва ҳодисалар ўртасидаги муносабатларнинг ифодасидир. Мае, табиат билан жамият, организм билан муҳит ўртасидаги зиддият ташқи зиддиятдир. Ички ва ташки зиддиятлар ривожланиш жараёнида бир хил рол ўйнамайди. Ривожланишнинг моҳияти, асосан, ички зиддиятларнинг ҳал қилиниши билан белгиланади. Аммо ташки зиддиятларни ҳам эътибордан четда колдириш мумкин эмас. Ташқи зиддиятлар ривожланишга билвосита, яъни ички зиддиятларни ҳал қилишга ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Нарса ва ҳодисанинг моҳиятини, ҳолатини, келиб чиқиш ва ривожланиш қонуниятларини белгиловчи зиддиятлар асосий зиддиятлар деб аталади. Асосий зиддият тараққиётда ҳал қилувчи рол ўйнайди ва барча бошқа зиддиятларга таъсир кўрсатади. Асосий бўлмаган зиддиятлар ҳам мавжуд. Бош зиддият деб ривожланишнинг у ёки бу босқичининг моҳиятини белгилаб берадиган асосий зиддиятга айтилади. Нарса ва ҳодисалар ривожланишининг муайян босқичидаги бош зиддият асосий зиддиятнинг аниқ кўриниши ёки ифодасидир. Антагонистик зиддиятлар жамиятдаги манфаатлари бирбирига тубдан зид бўлган кучлар, ижтимоий гуруҳлар ва табақалар ўртасидаги зиддиятлардир. Антагонистик бўлмаган зиддиятлар жамиятдаги манфаатлари бирбирига мое келадиган ёки манфаатларини ўзаро келиштириш мумкин бўлган ижтимоий гуруҳлар ва табақалар ўртасидаги зиддиятлардир. Шўролар даврида социалистик жамиятда антагонистик зиддиятлар йўқ, унга фақат антагонистик бўлмаган зиддиятлар хос деган мафкуравий фикр тарғиб қилинган. Аслида бундай зиддиятлар мавжуд бўлсада, шўролар салтанати зўрлик билан бу зиддиятларнинг намоён бўлишига йўл қўймаган. Собиқ шўролар давлатининг баъзи минтақаларида содир бўлаётган қонли тўқнашувлар, фуқаролар уруши ўша ҳал қилинмай қолган зиддиятларнинг оқибатидир.

Жамиятдаги зиддиятлар турли шакл ва усуллар билан бартараф қилинади. Улардан баъзилари эскининг емирилиши ва янгининг қарор топиши асосида ҳал қилиб борилса, бошқалари шу зиддиятни ташкил қилган қарамақарши томонларни ўзаро келиштириш, муросаю-мадорага келтириш, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка эришиш йўли билан бартараф этилиши мумкин. Кейинги вақтда жамиятдаги зиддиятларни ҳал қилишда қўлланилаётган самарали усуллардан бири консенсус (ўзаро келишув) дир. Илгари зиддиятларни ҳал қилишнинг бу усулига етарли эътибор берилмаган. Янгича тафаккурнинг қарор топиши билан жамиятдаги зиддиятларни хал қилишда Гегел қайд қилиб ўтган консенсус усулидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлиб чиқди. Узоқ йиллар давомида бирбирига қарамақарши бўлиб келган давлатлар, жамиятдаги қарамақарши томонлар, кучлар, ижтимоий гуруҳлар, ҳаракатлар ва партиялар ўртасидаги зиддиятларни жамиятнинг умумий манфаатларидан келиб чиқиб ҳал қилишда консенсус усули жуда қўл келмоқда. Зиддиятларни бартараф этишдаги бу усул жаҳон халқларининг миллий тотувликка, ўзаро ҳамкорликка ва бирдамликка, барқарорликка эришишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Юқорида тилга олинган зиддиятнинг турларини бирбиридан фарқ қилиш зарур, лекин улар ўртасида мутлақ чегара йўқ. Воқеликда улар ўзаро чирмашиб кетади, бирбирига ўтади ва тараққиётда хилмахил рўл ўйнайди. Шунинг учун, зиддиятларнинг ҳар бирига аниқ ёндашиш, зиддият намоён бўладиган шароитни, муҳитни, вазиятни, у ўйнайдиган ролни тўғри ҳисобга олиш лозим.

Абдулла Актов[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил