Муҳаммад Атоаллоҳ ал-Касм
Муҳаммад Атоаллоҳ ал-Касм (арабча: محمد عطا الله الكسم; 1844-йилда туғилган — 1938-йил 7-августда вафот этган) — 20-асрда Дамашқдаги энг муҳим уламолардан бири. У 1918-йилда Усмоний империясидан мустақилликка эришилганидан кейин Суриянинг илк бош муфтийси бўлган ва 1938-йилда вафотигача бу лавозимда ишлаган.
Ҳаёти
Муҳаммад Атоаллоҳ ал-Касм 1844-йилда Дамашқда олимлар, савдогарлар ва илм аҳлидан иборат бадавлат оилада туғилган бўлиб, уларнинг насаби Али ибн Абу Толибга бориб тақалади. Ўзи туғилиб ўсган Дамашқда Атоаллоҳ фиқҳни ўрганди ва ўша йилларнинг энг муҳим олимларидан айримлари, жумладан шайх Муҳаммад ат-Тантовий, шайх Абдуллоҳ ар-Рикобий ас-Сукарий ва шайх Салим ал-Аттордан таълим олди. Атоаллоҳ ёшлигидан бошлаб вафотига қадар Мактаб Анбар мактабида ишлаган ҳамда Умавийлар масжиди ва Ялбуға масжидида мударрислик қилган[1].
Буюк уруш бошлангунига қадар Атоаллоҳ бутун Левантдаги энг ҳурматли олимлардан бири эди. Урушнинг ўрталарида дамашқлик олим 1916-йил 6-майда Маржа майдонида бир неча аъёнлар ва депутатларни қатл этиш қарорини очиқчасига қоралагач, у билан усмоний ҳарбий ҳокими Жамол Пошо ўртасида низо юзага келди. Қатл этилганлар орасида Шафиқ Муайяд ал-Азм, Рушдий аш-Шамаа, Рафиқ Ризқ Саллум, Абд ал-Ваҳҳоб ал-Англизий каби депутатлар, зиёлилар ва ҳуқуқшунослар ҳамда ўша даврдаги Сурия жамиятининг бошқа миллатчи етакчилари бор эди; улар давлатга хиёнат ва фитна айби билан ўлимга ҳукм қилинган эди. Атоаллоҳ усмоний ҳукмронлигига қарши бош кўтарган, араб миллатчилигига хайрихоҳлик билдирган ва 1916–1918-йиллардаги қўзғолонни қўллаб-қувватлаган кўплаб араб олимлари, диний арбоблар ва зиёлилардан бири эди.
Уруш тугаб, 1918-йил сентябрда Дамашқ қулашидан кейин Атоаллоҳ ал-Касм Суриянинг қонуний араб ҳукмдори сифатида шаҳзода Файсал ибн ал-Ҳусайнга байъат қилди; Файсал Ҳусайн ибн Алининг, яъни Усмоний империясига қарши Буюк қўзғолон раҳбарининг вакили эди. У Авқоф қўмитаси раҳбари ва шариат суд тизими учун масъул бўлган Дамашқ Давлат кенгаши аъзоси этиб тайинланди. 1919-йил 11-майда Файсал уни шаҳар бош муфтийси этиб тайинлади ва бу лавозимда чекиш масаласини муҳокама қилгани сабаб диний уламоларнинг ғазабига учраган шайх Абу ал-Хайр Обидин ўрнини эгаллади[2].
Сурия Ислом халифалиги жамияти
Муфтий Атоаллоҳ ал-Касм Файсал ҳукмронлиги давомида ҳам лавозимида қолди ва 1920-йил ёзида Сурия соҳилидан Дамашқ шаҳрига қараб олдинга силжиётган франсуз армиясига қарши жиҳодга чақирди. 1924-йил март ойида у Туркия президенти Мустафа Кемал Ататüрк Усмонўғли оиласи қўлида асрлар давомида бўлиб келган бу мансабни бекор қилганидан кейин уммат учун мақбул халифа топишни мақсад қилган Ислом халифалиги жамиятини тузишда иштирок этди. Жамият таркибига вазир Бади Муайяд ал-Азм, шайх Аҳмад ал-Ҳасибий ва жазоирлик мужоҳид амир Абд ал-Қодир ал-Жазоирийнинг набираси амир Муҳаммад Саид ал-Жазоирий каби бир қатор шахслар кирган эди[3].
Исломий ҳидоят уюшмаси
1920-йилларнинг ўрталарида Атоаллоҳ ал-Касм ўз шогирдларидан бири шайх Маҳмуд Ясин томонидан тузилган Исломий ҳидоят уюшмасига қўшилди ва Араб академияси қароргоҳида ўтказилган тарғибот маросимида қатнашди. Маҳмуд Ясин уюшмага раислик қилди ва саводсизлар ҳамда қўзғолончи жангчиларнинг етим болаларини ўқитиш учун исломий мактаблар тармоғини яратишга қизиқиш билдирди, Атоаллоҳ эса муфтий сифатида бу лойиҳани қўллаб-қувватлади, бироқ франсуз разведкаси унинг мустамлакачиликка қарши фаолияти сабаб уни ёпиб қўйди[4].
Бош муфтий Атоаллоҳ ал-Касм 1938-йил 7-августда 94 ёшида вафот этди. Йигирма йиллик фаолиятидан сўнг унинг ўрнини Муҳаммад Шукрий ал-Истоний эгаллади. Атоаллоҳ ал-Касм бутун умри давомида бир қатор китоблар ва илмий рисолалар ёзган. Унинг энг муҳим асарлари Фасл’с Дисcоурсе он Wомен анд Ҳижаб Облигатион (Аёллар ва ҳижоб вожиблиги ҳақида Фаслнинг рисоласи) ҳамда Сатисфйинг Сайингс ин Респонсе то Wаҳҳабисм (Ваҳҳобийликка жавобан қониқарли сўзлар) эди.
Оиласи
Атоаллоҳ ал-Касмнинг кўплаб фарзандлари бўлган. Унинг уч ўғли араб миллатчилиги ва кейинчалик баасчилик доирасида муҳим шахсларга айланди, жумладан миллатчи зиёли ва назариётчи, Баас партияси асосчиларидан бири доктор Бади ал-Касм, 1980-йилларда бош вазир бўлган Абд ар-Рауф ал-Касм ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ишлаган ва ҳуқуқий, сиёсий ҳамда тарихий тадқиқотлар туркумини ёзган Бадр ал-Касм.
Манбалар
- ↑ ал-Саwаф, Муҳаммад Шариф. Шам Шариф: Тҳе Роле оф Журисц ин Дамасcене Соcиэтй ин тҳе Оттоман Эра (ар), Дамасcус, 2014 — 416–418-бет.
- ↑ ал-Саwаф, Муҳаммад Шариф. Шам Шариф: Тҳе Роле оф Журисц ин Дамасcене Соcиэтй ин тҳе Оттоман Эра (ар), Дамасcус, 2014 — 410-бет.
- ↑ ал-Жазари, Муҳаммад Саид. Мй нотес он Араб иссуэс анд тҳе Исламиc wорлд (ар), Алгиэрс, 1986 — 323-бет.
- ↑ ал-Тантаwи, Али. Мемориэс (ар). Сауди Арабиа: Дар ал-Манара, 1985 — 267-бет.