Abdulhamid Maxdum Chustiy
Абдулҳамид Махдум Чустий (арабча: عبد الحميد مخدوم چستي — (1877, Чуст — 1953, Олмалиқ) — қози, имом-хатиб.
Абдулҳамид Махдум Чустий | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Таваллуди | 1877-йил |
| Вафоти |
1953-йил |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | қози, имом-хатиб |
Ҳаёти ва фаолияти
Абдулҳамид Махдум Чустий Наманган вилоятининг Чуст тумани Тепақўрғон қишлоғида таваллуд топган. Дастлаб ўз қишлоғидаги бошланғич мактабда, сўнгра Дўзанда маҳалласидаги Қозикалон масжидида, ўн икки ёшдан бошлаб Қўқондаги мадрасалардан бирида таълим олган. Кейинроқ, Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўн йилга яқин таълим олиб, тегишли дарсларни ўқиб тамомлайди ва Чустда қози бўлиб иш фаолиятини бошлайди.
Абдулҳамид Махдум Чустий тўқмоқлик Олимхонтўра, тошкентлик Мулла Исохон аълам, Муҳаммад Ализода, авлиёоталик Мулла Мубашширхон Тарозий кабилар билан ҳамнафас, маслакдош бўлган, Ватан, дин ва жамият қайғусида умр ўтказган уламолардандир. У 1914 ва 1916-йилларда Туркистон уламолари ташаббуслари билан нашр этилган „''Ал-Ислоҳ''“ журналида мақолалар билан мунтазам қатнашиб турган.
Кейинчалик уламолар учраган қатағонлардан қочиб, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрига боради ва ўша ерда бир неча йил яшаб қолади. Диндорликда айбланиб, 1930 ва 1937-йилларда қамоққа олинади. Қамоқдан чиққач, Тошкентнинг Октябр (ҳозирги Олмазор) тумани Жарариқ маҳалласига кўчиб келиб, истиқомат қилади. Диний назорат ташкил этилгач, дўстларининг таклифи билан шу ерга ишга киради. 1946-йил Кўкча даҳасидаги Шайх Зайниддин масжидига имом-хатиб этиб тайинланади.
1947-йилда Мир Араб мадрасаси мудири Ҳожи Акбар Муҳиддинхонов вафот этгач, унинг ўрнига тайинланади. Мадрасанинг ўқув ишлари бўйича мудири Ғуломжон Изомий билан биргаликда ўқув дастурлари, дарс жадваллари, ўқув режаси каби услубий ишларни йўлга қўйишда бош бўлади. 1950-йил ўз хоҳишига кўра, эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.
Абдулҳамид Махдум Чустий Қур’он, ҳадис ва бошқа диний билимларни яхши эгаллаган эди. Сўзлари Жомий, Фузулий, Навоийдан келтирилган шеърий иқтибослар билан музайян, баъзида ўзи тамбурни қўлга олиб, ғазалхонлик ҳам қилиб кетаверадиган очиқ кўнгил, хушсуҳбат киши бўлган. „Девона“ тахаллуси билан ғазаллар ёзган.
Иқтибос
Мир Араб мадрасасининг 1951-йил битирувчилари орасида энг пешқадами бўлган Ишоқ махдум Соттиев ўзининг „Мажму’от ул-ахлоқ“ китобида мадрасага ўқишга боргани ва у ерда устозлар Абдулҳамид Махдум Чустий ва Муҳаммадхон Махдум Ўшийдан дарс олганини ёзади. „1978 йили меҳнат таътилига чиқиб, аввал Тошкентга, кейин Душанбега самолётда бориб, Хожа Яъқуб Чархий масжидларига тушдик, — деб хотирлайди у. — Масжидда бир кеча ётиб, пайшанба куни Мавлоно Яъқуб Чархий зиёратларига чиқиб, пешин намозини ўша масжидда ўқидик… Ундан кейин Хожа Яъқуб масжидларида ётиб, эртаси Абдулҳамид Маҳдум Чустий домламизнинг ўғиллари Абдулжабборхоннинг уйларида нонушта қилдик“. Демак, Абдулҳамид Махдум Чустийнинг фарзандларидан баъзилари Душанбе шаҳрида муқим яшаб қолган. Чустдаги хонадонида ҳозирда Абдулҳамид Махдум Чустийнинг набираси истиқомат қилади. Мир Араб мадрасасида таҳсил олган яна бир ўғли Темурхон Чустда тикувчилик қилиб умр кечирган.
Вафоти
Абдулҳамид Махдум Чустий 1952-йил номаълум сабаб билан қамоққа олинган ва бир йил ўтиб, 1953-йилда Тошкент вилоятининг Олмалиқ туманидаги қамоқхонада оламдан ўтган[1].
Адабиётлар
- Орифий. Мозийдан садолар. 6,18;
- Ўзбекистон Республикаси МДА-500, в. 45;
- Ўзбекистон Республикаси МДА-500, в. 45;
- Ўзбекистон Республикаси МДА-500, в. 45-46;
- Ишоқ Махдум Соттиев. Хотиралар. Мажм’уот ул-ахлоқ. (қўлёзма) 3, 96;
- Ўзбекистон уламолари. — Т.: „Мовароуннаҳр“, 2015, 115-116.
Манбалар
- ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.
| Ушбу мақолада Ислом энсиклопедияси (2020) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ислом шахсияти ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |