Абдураҳмон Офтобачи, Николай Каразин, ХИХ-асрлик бек.

Абдураҳмон офтобачи (тахминан 1844 - 1884, Оренбург) – Қўқон хонлигида офтобачи, сўнгра парвоначи, минг-боши бо`лган. Қўқон хонлигининг жанубий қисмидаги тоғли вилоятларда яшовчи қирғизлар ва қипчоқларнинг бир қисми томонидан Худоёрхонинг зулмига, хусусан солиқ сиёсатига қарши бошланган қўзғолон раҳбарларидан. Уларга ўзбек ва тожиклар қўшилиб умумхалқ ҳаракатига айланиб кетган (қаранг Пўлатхон қўзғолони).

Худоёрхон қўзғолонни бостириш учун Абдураҳмон офтобачи ва Иса авлиё бошчилигида қўшин жўнатган, бироқ улар қўзғолончилар томонига ўтган. Қўзғолончилар Ўш, Наманган, Андижон ва Асакани олганлар. Хон қўзғолонни бостириш учун Туркистон генерал-губернаторлигидан ёрдам сўраган ва уни кутмай Тошкентга қочган. М. Д. Скобелев бошчилигидаги жазо қўшини Қўқонга 1875-йил 13-июлда етиб келган. Қўзғолончилар 1873-йилдаёқ Пўлатхонни хон деб э’лон қилганларига қарамай Абдураҳмон офтобачи Худоёрхон қочиб кетгандан сўнг тахтга Худоёрхоннинг катта ўғли Насриддинбекни ўтқазади. Абдураҳмон офтобачи қўзғолончилар сафини янги кучлар билан тўлдириб, қипчоқлар ва оддий жангчиларга даҳбоши, элликбоши каби унвонлар бериб, уларни янгидан тузилаётган қўшинларга бошлиқ этиб тайинлаган. 1875-йил 22-августда Маҳрам жанги бўлиб, унда қўзғолончилар ёмон қуролланганликлари, ҳарбий маҳорат йўқлиги туфайли енгилганлар. 8–9-сентабрда Абдураҳмон офтобачининг 5 минг кишилик лашкари М. Д. Скобелев қўшини билан Мингтепа қишлоғида жанг қилиб мағлубиятга учраган. Абдураҳмон офтобачи 25 йигити билан Ўзганга қочган. Бу жангларда Пўлатхон Абдураҳмон офтобачига ёрдам бермаган. Абдураҳмон офтобачи ва Пўлатхонларнинг ўзаро рақобатидан фойдаланган рус қўшинлари Қўқон, Марғилон ва Ўшни жангсиз эгаллайди. М. Д. Скобелев Абдураҳмон чопиқ бошчилигидаги қипчоқларга узил-кесил зарба бериш учун қипчоқларнинг Норин билан Қорадарё оралиғидаги қишлов ерига 1876-йил қишида ҳарбий экспедисия уюштирган. Қўзғолончилар бундан хабар топиб рус қўшинини Андижонда кутиб олганлар. 1876-йил 8-январдаги жангда қўзғолончилар яна мағлубиятга учраганлар. 18-январда Абдураҳмон чопиқ бошчилигидаги лашкар Асакада енгилиб, шаҳарни ташлаб чиққан. 19-январда Пўлатхон сулҳ таклиф этиб Хўжандга К. П. Кауфман ҳузурига элчиларини юборган. Бундан Абдураҳмон чопиқни рус айғоқчилари огоҳ этадилар. Абдураҳмон чопиқ ўз ҳаётини сақлаб қолиш ва мавқега эга бўлиш илинжида 1876-йил 20-январда таслим бўлиши ҳақида музокаралар олиб бориш учун ишончли кишиларини жўнатган, 24-январда генерал М. Д. Скобелев билан шахсан учрашганидан сўнг ўз сафдошлари (26 сафдоши ва 400 жангчи) билан таслим бўлган. Абдураҳмон чопиқ ўз тасарруфидаги қўзғолончиларни тарқатиб юборган, бу билан қўзғолон мағлубиятга маҳкум этилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Бобобеков Ҳ. Н., Қўқон тари-хи, Т., 1996; Бобобеков Ҳ. Н., Пўлатхон қўзғолони, Т., 1996.Ҳайдарбек Бобобеков.