Абулғози Баҳодирхон (Урганч – Хива) – Хива (Хоразм) хони (1643—1664-йиллар), шайбонийлар сулоласидан, ўзбек тарихчи ва табиб.

Абулгозий Баҳодирхон
Таваллуди 1603 25 август
Урганч
Вафоти 1664 апрел
Хива
Болалари Анушахон
Отаси Араб Муҳаммадхон
Онаси Меҳрибону ҳоним

Абулғози Баҳодирхоннинг оғалари Ҳабаш султон ва Элбарс султон оталари Араб Муҳаммадхонни енгиб, уни Қум қалъасига қамадилар. Отасининг тарафдорлари бўлган катта оғаси Асфандиёр Эронга, Абулғози Баҳодирхон эса Бухорога Имомқулихон ҳузурига қочди. 1623-йилда акаси Асфандиёрхон Хива тахтини эгаллагач, Абулғози Баҳодирхон Урганчга ҳоким қилиб тайинланди. Лекин Асфандиёрхон билан ўрталарида низо чиқиб, Абулғози Баҳодирхон 1627-йилда қозоқ хони Эшимхон ҳузурига қочди; кейин икки йил Тошкент ҳокими Тур-сунхон билан бирга бўлди. Кўп ўтмай, туркманларнинг таклифига биноан у яна Хоразмга қайтди. Асфандиёр уни Хива ҳокими қилиб тайинлашга мажбур бўлди. 1629-йилда туркманлар Эронга тобе бўлган Нисо ва Дурунни босиб олдилар. Асфандиёрхон Эрон билан муносабатларнинг тамоман жиддийлашиб кетишидан чўчиб, айбни Абулғози Баҳодирхонга тўнкади ва уни 1630-йил қишида Эрон подшоҳи ҳузурига гаров тариқасида юборди. Абулғози Баҳодирхон шу тариқа 10 йил Эронда, Исфаҳон яқинидаги Таборак қалъасида қамоқда яшади. 1639-йилнинг ёзида у тутқунликдан қочишга муваффақ бўлди. Абулғози Баҳодирхон бир неча йил тахт учун кураш олиб бориб, ниҳоят 1644-йил Хива тахтига ўтирди. Абулғози Баҳодирхон марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун кураш олиб борди. У 1663-йилда ҳокимиятни ўғли Анушахонга топширди.

Тарихга оид асарлари

Абулғози Баҳодирхон йирик тарихчи олим сифатида ҳам эътиборга сазовор. Унинг „Шажарайи тарокима“ ва „Шажарайи турк“ асарлари Ўзбекистон, умуман Ўрта Осиё тарихига оид қимматли манбалардан ҳисобланади.

Абулғози Баҳодирхон тиббиёт илмига оид „Манофиъул инсон“ („Инсонга фойдали нарсалар“) номли асар ҳам ёзган.

Ҳаёти

Машҳур адиб, тарихчи олим ва давлат арбоби, туркий халқлар шажарасининг яратувчиларидан. Абулғози Баҳодирхон Хива хони Арабмуҳаммад оиласида 1603-йил 23-августда туғилди. Ўн уч ёшлигидан (1616) бошлаб, тож-тахт учун курашларда иштирок этган. Абулғози 1644-йилда Хоразм тахтини эгаллайди, 20 йил ҳукмронлик қилади, 1664-йил апрелда вафот этади.

Асарлари

Абулғозининг „Шажарайи тарокима“ ва „Шажарайи турк“ номли тарихий асари ҳамда „Манофеъул-инсон“ номли тиббиётга оид рисоласи етиб келган. „Манофеъул-инсон“да 120 дан ортиқ хасталик, уни даволаш ҳақида маълумот берилган.

„Шажарайи тарокима“ (1661-йил) туркман халқи аждодлари, „Шажарайи турк“ (1663-1664-йиллар) Турклар (ўзбек) уруғлари ҳақида ёзилган. „Шажараи турк“ тўққиз бобдан иборат. Тарихий воқеалар бадиий бўёқлар, ҳаётий лавҳалар орқали тасвирланган.

Асар шарқ, рус ва ғарб олимларининг ҳам эътиборини тортган. Қозонда бир неча марта нашр этилган (Румянцев нашри, 1825-йил; Саблуков нашри, 1854-йил.; Демезон нашри, 1871-йил) Т. Н. Демезон асарни франсуз тилига таржима (1871-йил) қилган. Асар франсуз, инглиз халқлари орасида кенг тарқалган.

„Шажарайи турк“ ва „Шажарайи тарокима“ асарлари туркман, тожик, ўзбек, мўғул халқлари тарихини ёритишда таянч манбалардандир. Б.Аҳмедов, Қ.Муниров, К.Юсупов, Я. Ғуломов, М.Йўлдошев каби олимлар Абулғози маълумотларидан кенг фойдаланишган. А. Н. Кононов, А. М. Шчербак, С. И. Иванов каби тилшунос олимлар Абулғози асарларига суянишган. О.Шарафиддинов, М.Юнусов, В.Абдуллаэвлар адабиёцҳунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этишган.

Абулғози Баҳодирхон асарларининг Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида бир қанча қўлёзма нусхалари мавжуд (инв. № 7668, 1223, 4017).

Абулғози Баҳодирхон „Шажарайи турк“ номли асарини қайси вақтда ёзилганлигини ва бобларини кўрсатиб ўтади. "Тарих ҳижрий минг тақи етмиш тўрт (1074/1663 ёки 1664-йил) эрдиким, биз (Абдулғозийхон қ.м.) бу китобни ибтидо қилдуқ ва тақи „Шажарайи турк“ теб от қўйдиқ. Тақи тўққиз боб қилдуқ". Абулғози Баҳодирхон „Шажарайи турк“ асарининг ўзида келтирилган баъзи маълумотларга қараганда охиригача ёзиб тамомлашга улгурмаган. Унинг маълум қисми Абулғози Баҳодирхон вафотидан сўнг Маҳмудий ибн Муҳаммад Замон Урганжий томонидан ёзиб тамомланган[1].

ХИХ—ХХ асрларда "Шажарайи турк" нинг кўплаб танқидий таржималари нашр этилган бўлиб, замонавий олимлар учун тарихий манба бўлиб хизмат қилган. Профессионал олимлар томонидан амалга оширилган биринчи танқидий таржима 1825-йилда Қозонда нашр этилган. Қозонда нашр этилган матннинг туркча таржимаси филолог Аҳмад Вефик Пошо томонидан амалга оширилган ва дастлаб 1864-йилда нашр этилган.

Никита Бичурин биринчи бўлиб турк халқининг эпик аждоди Ўғуз-когоннинг таржимаи ҳоли билан ажойиб ўхшашлик борлигини пайқади. Хитой манбаларида бу модундир (ота ва ўғил ўртасидаги низо ва биринчисининг ўлдирилиши, истилоларнинг йўналиши ва кетма-кетлиги ва бошқалар). Бошқа олимлар томонидан тасдиқланган бу кузатиш илмий адабиётларда Модун номини Ўғуз-когоннинг эпик шахси билан боғлайди[2]. Ўхшашлик янада ҳайратланарли, чунки у ёзилган вақтда Шарқ ёки Ғарб тилларига таржима қилинган Хитой йилномалари йўқ эди, Абулғозий эса Шарқий Хунлар ёки Модунларни билмаган бўлиши мумкин эди.

"Шажарайи турк" нинг адабий аҳамияти шундаки, Абу ал-Ғозий чағатой адабий тилига форсий таъсири кучли бўлгани учун очиқчасига қарши чиқди. Абулғозий тили Хива ўзбекларининг осон ва содда халқ тили бўлиб, адабий чағатой тилидан кескин фарқ қилади. Абулғозий услуби, композицияларининг илмий хусусиятига қарамай, равшанлиги ва луғат бойлиги билан ажралиб туради. У ўзбек халқ иборалари ва мақоллари билан аралашиб кетган[3].

Абу ал-Ғозийнинг ўғли Абу ал-Музаффар Ануша Муҳаммад Баҳодир отаси Шажарайи Туркнинғ' ишини якунлашни Маҳмуд бин Мулла Муҳаммад Замон Урганчга топширди. У 1665-йилда қуриб битказилган. Асарда исломий Одам Ато ва туркларнинг тўнғич ўғли Ўғузхондан бошланган турк насабномаси санаб ўтилган ва унинг авлодлари, жумладан Чингизхон,Шайбонийлар сулоласи ҳақида афсонавий маълумотларни тақдим этиб, мўғулларнинг тарихий тушунчасини яхши тасвирлаб беради.

Манбалар

  1. ↑ Ўрта аср шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энсиклопедияси. – Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. – Б. 19.
  2. ↑ Таскин В. С., Материалс он тҳе ҳисторй оф тҳе Сüнну, трансл., Мосcоw, Сcиэнcе, 1968, Вол. 1, п. 129
  3. ↑ „Абульгази // Литературная энциклопедия. Т. 1. — 1930 (текст)“. феб-wеб.ру. Қаралди: 2022-йил 28-июл.

Нашр қилинган асарлари

  • Абулғози. Шажарайи турк. Т.: 1992;
  • Аблуғози Баҳодурхон. Шажараи тарокима. Т.: 1995.

Адабиёт

  • Ғуломов Я. Хоразмнинг суғорилиши тарихи. -Т.:1959;
  • Худойназаров Ҳ. „Шажараи турк“ ва унинг ўрганилиши.-Т.:1994;
  • Абулғози, Шажарайи турк, Т., 1992.