Адабиёт музейи (Тошкент), 2022

Адабиёт музейи, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи (Тошкент шаҳри) – маданий-маърифий ва илмий муассаса. 1940-йилда Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан Республика кўргазмаси 174 тариқасида ташкил топган. 1944 – 68-йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институти бўлими, 1968 –1978-йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Адабиёт музейи, 1978 – 1991-йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Ҳ. С. Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтининг музей бўлими. 1991-йилдан Ўзбекистон Фанлар Академияси Адабиёт музейи. Музей экспозицияси 40 хонага жойлашган, 8 бўлимдан иборат. Жамланмасида қарийб 34 минг кўргазма бор (1997-йил). Музейда ўзбек адабиётига оид асарлар, қўлёзма ва тошбосма китоблар, халқ ҳофизларининг овоз ёзувлари, наққошлик санъатига доир кўргазмалар (ёғочдан ишланган панжара, А. Файзуллаев, 1968-йил), ХХ асрга оид сопол буюмлар мавжуд. Музей кўргазмалари темурийлар даври экспозицияси билан, ўзбек адабиёти тарихи экспозициялари эса Алишер Навоий ижодидан бошланган: „Хамса“нинг қўлёзма, фото ва кўчирилган нусхалари, достонларга ишланган миниатюралар, расм ва безаклар, шоир ҳаётига оид портретлар, ҳайкаллар, харита, китоб, ҳар хил совға ва албомлар, лаган, кўзачалар бор. Бухоролик 14 қиз томонидан Навоий, Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун расмлари зар билан тўқилган гилам (1968-йил) музейга алоҳида кўрк бағишлайди. Жомий хонасига шоир асарларининг турли даврда кўчирилган нусхалари қўйилган. Музейнинг бошқа хонасидаги кўргазмалари орасида Ҳофиз, Низомий, Фирдавсий, Хусрав Деҳлавийларнинг бир қанча қўлёзмалари бор. Бобур ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги кўргазмалар ичида „Бобур ҳайкали“ (ҳайкалтарош А. Гриш-ченко, 1968-йил) ва ипак билан тўқилган „Бобур портрети“ (чевар Ф. Сайдалиева, 1974-йил) алоҳида ўрин тутади. Музейда Зебуннисо, Турди, Нодира, Увайсий, Маҳзуна ва бошқалар шеърларидан намуналар, қўлёзмалар ва асарларига ишланган тасвирлар, намуналар бор. Музейнинг ҳозирги замон адабиётига бағишланган хоналарига „ХХ аср ўзбек адабиёти“, „Истиқлол даври ўзбек адабиёти“ экспозициялари жойлаштирилган. 200 дан ортиқ ўзбек шоир ва ёзувчилари ижодий йўлини ёритувчи кўргазмалар қўйилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил