Aliment
Алимент (лотинча: алументум – қарамоғидаги, боқимидаги) – бир шахснинг бошқа шахсга мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўлайдиган нафақаси. Алимент тўлаш мажбуриятлари асосан никоҳ, қариндошлик, ота-она, фарзандлик, фарзандликка олиш, болаларни тарбияга олиш натижасида келиб чиқади. Ота-оналар ҳамда болаларнинг алимент борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси (1998-йил 30-апрел) ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-қоидалар асосида амалга оширилади. Уларга биноан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Мазкур мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота-онадан суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-оналар ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир. Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга, шунингдек вояга етган меҳнатга лаёқациз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етмаган болаларига таъминот учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак. Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромаднинг 1 бола учун – 1/4 қисми; 2 бола учун – 1/3; 3 ва ундан ортиқ бола учун ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволи ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг 1/3 қисмидан кам бўлмаслиги керак. Вояга етган меҳнатга лаёқациз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ҳам ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади, келишувга эришилмаган тақдирда эса низо суд тартибида ҳал қилинади. Бундай болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи суд томонидан ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади. Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча ҳаражатларда иштирок этиши шарт. Қўшимча ҳаражатларда иштирок этишдан бош тортган ота(она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча ҳаражатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан алимент ушлаб қолинади. Ота-онадан болаларга ундириладиган алимент миқдори алимент тўловчининг ойлик иш ҳақига ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушлар ҳисобида ёки пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси ОК, 96-104-моддалар).Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар меҳнатга лаёқациз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди. Улар бундай ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг 1/3 қисмидан кам бўлмаслиги керак (Ўзбекистон Республикаси ОК, 109-110-моддалар). Оила аъзолари ва бошқа шахсларнинг, эр-хотинлар ва собиқ эр-хотинларнинг, қариндошлар ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари, алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш, алиментларни тўлаш ва ундириш тартибига оид қонун-қоидалар Оила Кодексининг В бўлим, 14-18-бобларида белгилаб берилган. Ана шунга кўра, алимент тўлаши шарт бўлган шахс алиментни ихтиёрий равишда шахсан ёки ўз аризасига мувофиқ ишлаб турган жойида ёхуд пенсия, нафақа, стипендия ва бошқа турдаги маблағ олаётган жойида тўлайди. Вояга етмаган болалар учун олинадиган алимент аризага мувофиқ ушбу кодекснинг 99-моддасида белгиланган миқдорларда ушлаб қолинади. Алимент тўловчининг иш, ўқиш жойи ёки турар жойи ўзгарганлиги ҳақида хабар қилиш мажбурияти ҳам бор. Бу мажбурият бўйича алимент ушлаб қолиши лозим бўлган иш берувчи (ташкилот маъмурияти) уч кун муддат ичида хабар бериши керак. Шунингдек алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг қўшимча иш ҳақи ёки бошқа даромади тўғрисида суд ижрочиси ҳамда алимент олувчи шахс юқорида кўрсатилган муддатда хабардор қилинади. Алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси ЖК 122 ва 123-моддаларида кўрсатилган. Моддий ёрдамга муҳтож бўлган, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқациз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами 3 ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаганликда айбли деб топилган шахс энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ билан жазоланади. Вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқациз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки улар ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан шундай бўйин товлаши ҳам юқоридагича жазоланади.
Президентнинг „Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармонига асосан 2021-йил 1-мартдан алимент ундириш тартиби ўзгарди. Мазкур фармон билан 1-мартдан бошлаб ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилиши белгиланди. Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисоб варағи билан бирлаштирилади. Бунда Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи (алимент олувчи) номига тегишли банк пластик картаси очилади ҳамда алимент пуллари, шу жумладан, қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пуллари ушбу алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисоб варағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади[1].
Фуқароларнинг ҳужжатларсиз ишлайдиган қатлами билан алимент ундирилиш тартиби белгиланган. Унга кўра, ноқонуний тартибда ишловчи (бозор, чет элдаги, даромади рўйхатга олинмайдиган) фуқаролар даромадлари ахборот тармоқларига кўра мониторинг қилинади. Фуқаронинг тўлаётган солиғи, банкка топширган нақд пулларидан келиб чиқиб унинг ўртача даромади ҳисоблаб чиқилади. Хориждаги ишчилар даромади хориждаги ҳамкорлар орқали муайян даврдаги даромадларни аниқлаш ишлари амалга оширилади. Умумий даромадлардан келиб чиқиб, алимент тўловчининг қарздорлиги аниқланади[2].
Манбалар
- ↑ „Ўзбекистонда 1 мартдан алимент ундириш тартиби ўзгаради“. Бугун.уз. 2021-йил 9-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021-йил 28-феврал. (Wайбаcк Мачине сайтида 2021-07-09 санасида архивланган)
- ↑ „Ҳужжатларсиз ишлайдиган фуқаролар билан алимент масаласи қандай ҳал қилинади? Мутасадди жавоб берди“. Бугун.уз. 2021-йил 13-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021 йил 2 март. (Wайбаcк Мачине сайтида 2021-07-13 санасида архивланган)
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |