Kontent qismiga oʻtish
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦
Ilova test rejimida ishlamoqda: matnlar, jumlalar va soʻzlardagi xatoliklar tez orada tahrirchilar tomonidan tuzatiladi ✦

Alisher Navoiy

ZiyoSfera, erkin ensiklopediya
Википедияда исми Алишер бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд. Бу мақола ўзбек ва бошқа туркий халқларнинг шоири Алишер Навоий ҳақидадир. Навоий сўзининг бошқа маънолари учун мана бу саҳифага ўтинг.
Алишер Навоий
чиғатойча: علي شیر نوایی‎‎
Таваллуди 9-феврал 1441-йил
Вафоти 3-январ 1501-йил(1501-01-03)
(59 ёшда)
Ҳирот, Темурийлар империяси
Касби Давлат арбоби, файласуф, шоир, ёзувчи

Алишер Навоий (чиғатойча: علیشیر نوایی‎‎[1]; форсча: نظام‌الدین علی‌شیر نوایی‎‎; 1441-йил 9-феврал — 1501-йил 3-январ) — Темурийлар давридаги туркий халқларнинг шоири[2], мутафаккир ва давлат арбоби[3][4][5][6]. Ғарбда Чиғатой адабиётининг буюк вакили деб қаралади.

Тарихчи Али Яздий назарига тушган, шоир Лутфий ёш шоир истеъдодига юқори баҳо берган, Камол Турбатий эътирофини қозонган. Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад каби устозлардан таълим олган, Абдураҳмон Жомий билан ижодий ҳамкорликда бўлган. Навоий 1469-йилгача темурийлар орасидаги ички низолар сабабли Ҳиротдан йироқроқда яшаган.

Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтига ўтиргач (1469), Навоий ҳаёти ва ижодида янги босқич бошланади, муҳрдорлик (1469-йилда) мансабига, вазирлик (1472-йилда) ва Астробод ҳокимлиги (1487-йилда) лавозимига тайинланади. 1480–1500-йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан бир неча мадраса, 40 работ (сафардаги йўловчилар тўхтаб ўтиш жойи), 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 та ҳовуз қурдиради. Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийга „муқарраби ҳазрати султоний“ („султон ҳазратларининг энг яқин кишиси“) деган унвонни беради. Унга кўра Навоий давлатнинг барча ишларига аралаша оларди.

Алишер Навоий таржимаи ҳоли ўз даврида Хондамир, Восифий, Ҳусайн Бойқаро, Бобур каби тарихчи ва давлат арбобларининг асарларида акс этган.

Ҳаёти

Алишер Навоий 1441-йил 9-февралда Амир Темурнинг ўгли Шоҳруҳ Мирзо шоҳлиги даврида Ҳиротда туғилди. Замондошлари унинг ҳақида кўпинча „Низомиддин Мир Алишер“ деб ёзадилар. Низомиддин — дин-диёнат низоми дегани бўлиб, донишманд мансаб эгаларига бериладиган сифат, „мир“ амир демакдир. Унинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни Ғиёсиддин Кичкина ҳам дер эдилар) темурийлар саройининг амалдорларидан, хонадоннинг ишончли кишиларидан эди. Онаси амирзода Шайҳ Абусаид Чангнинг қизи бўлган, исми маълум эмас. Алишернинг бобоси Темурнинг ўғли Умаршайх билан эмикдош (кўкалдош) бўлган.

Буюк шоир ўз асарларида бу қутлуғ даргоҳга яқинлигидан ифтихор этишини баён қилади. Шунингдек, унинг таржимаи ҳолига оид айрим лавҳалар асарларида учрайди. Бу шахс тўғрисидаги баъзи маълумотларни эса унинг замондошлари ўз китобларида тилга оладилар.

Алишер сарой муҳитида яшаганлиги учун алоҳида тарбия ва назоратда ўсган. Кичиклик чоғидан шеър ва мусиқага ишқи тушган. Олим-у фозиллар даврасида бўлган. Уч-тўрт ёшларида даврининг машҳур шоири Қосим Анворнинг бир шеърини ёд айтиб, меҳмонларни ҳайратга солади. Бир йилдан сўнг уни мактабга берадилар. У бўлажак султон Ҳусайн Байқаро билан бирга ўқийди. Унинг зеҳни ва иқтидори ҳақидаги гаплар эса эл орасида тарқалади.

1447-йилда Шоҳруҳ Мирзо вафот этиб, темурий шаҳзодалар ўртасида тахт учун кураш бошланади. Ҳирот нотинч бўлиб қолади. Алишернинг оиласи Ироққа йўл олади. Йўлда, Тафт шаҳрида Алишер замонасининг машҳур тарихчиси, "Зафарнома“нинг муаллифи Шарафиддин Али Яздий билан учрашади.

Алишер хонадони 1451-йилда Ҳиротга қайтади. Тарихчи Хондамир бу билан боғлиқ шундай бир ҳикояни келтиради:

Карвон Язд чўли билан Ҳиротга бораркан, тунги юришлардан бирида от-улов устида ҳаммани уйқу босади. Алишер минган от, иттифоқо, йўлдан чиқиб, бўлажак шоир эгардан тушиб қолади, уйқу зўрлик қилиб, уйғонмайди. Ҳориган от ҳам эгаси ёнидан кетмай, тўхтаб қолади. Алишер тонг отиб, қуёш қизиганда уйғонади. Қараса, поёнсиз саҳро, атрофида ҳеч ким йўқ. Ёлғиз отигина ёвшан илдизларини чимтиб турибди. Ўн ёшли бола ўзини қўлга олади. Отини миниб, зеҳн билан йўлни топиб илгари юради. Кун қизиб, чанқоқлик бошланади. Шу пайт узоқдан бир нарса қорайиб кўринади. У сув тўла меш экан, Аллоҳга шукроналар айтиб, Алишер йўлини давом эттиради. Унинг ота-онаси манзилга етгач, ўғилларининг йўқлигини биладилар ва мулозимни шошилинч орқага қайтарадилар. Мулозим кўп юрмай, Алишерга дуч келади. Алишерни, гўё у қайта туғилгандай, қувонч билан кутиб оладилар.

1452-йилда Абулқосим Бобур Хуросон тахтига ўтиради, нотинчликлар босилади. Ғиёсиддин Муҳаммад Сабзаворга ҳоким қилиб тайинланади. Алишер эса ўқишини давом эттиради. Мактаб ёш Алишерни шеърият, адабиёт оламига олиб кирган. Бўлажак шоир Саъдий Шерозийнинг „Гулистон“ ва „Бўстон“, асарларини, Фаридиддин Атторнинг „Мантиқ ут-тайр“ („Қуш мантиғи“) асарини сўнгсиз иштиёқ билан ўқийди. Айниқса, қушлар тилидан келтирилган ҳикоятлар ва уларнинг чуқур мазмуни Алишернинг ўй-хаёлини тамом эгаллаб олди:

Бир куни қушлар жам бўлибди. Ҳар хил: тўти, қумри, товус, булбул ва ҳоказо. Ўртага ҳудҳуд (сассиқпопишак) чиқибди. Бошидаги тожини селкиллатиб, ўзини таъриф-у тавсиф этибди. Сўнг у ҳаммани олам подшоси Семурғни излашга ундабди. Қушлар уни суриштира бошлабдилар. „Зотини, наслини, сифатини айт, бизга нишон бер!“ — дейишибди улар. Ҳудҳуд ҳикоя бошлабди: Семурғ бир кеча дунёни айланиб, учиб юрар эди. Ногоҳ йўли Чин шаҳри устидан тушди. Бир силкинган эди, мамлакат нурга ғарқ бўлди. Патидан бири тушиб қолган экан. Огоҳ бўлганлар бундан ақл-у шуурини йўқотдилар. Чин мулки эса ҳашамат (улуғворликка) чулғанди.

Қушлар завқ-у шавқ билан йўлга тушадилар. Бироқ бу завқ-шавқ узоқ давом этмайди. Қушлар эътироз билдириб, узр айтиб, ўзларини четга ола бошлайди. Ҳудҳуд ҳар бирига жавоб айтади. Семурғга етишиш бахти олдида бу дунёнинг ташвишлари ҳечлигини исбот этувчи бирор ҳикоя келтиради. Ҳудҳуднинг гаплари, ҳикоялари қушларга янги бир куч бағишлайди. Улар ҳудҳудни бошлиқ қилиб, йўлга тушадилар. Ҳудҳуд бу йўлнинг ишқ йўли эканлиги, унга кирган одам Шайх Санъон сингари ўзлигидан кечиши лозимлигини айтади. Яна бир-биридан жозибали ҳикоялар: Ниҳоят, қушлар етти водийни босиб ўтадилар ва ўзларининг Семурғ эканлигини англаб етадилар.

„Мантиқ ут-тайр“ ҳаёли Алишерга бир умр ҳамроҳ бўлди. Умрининг сўнгида эса „Лисон ут-тайр“(„Қуш тили“) номи билан китоб ёзди. Бўлажак шоир яна Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий асарларини ҳам севиб ўқиган.

1453-йилда Алишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад вафот этади. Алишер Абулқосим Бобур хизматига киради. Аввал Сабзаворда, сўнг Машҳадда яшайди. Икки мактабдош дўст — Ҳусайн ва Алишер яна бирга бўладилар. Бир муносабат билан у 50 минг байт, 100 минг мисра шеър ёд олганини айтади. Шеър шунчаки нутқ ўстириш эмас, маърифат, таффакур машқи ҳам эди. Навоий 15 ёшларида ўз шеърлари билан замонасининг машҳур шоирлари диққатини тортган. Хондамирнинг ёзишича, шеърлари билан эндигина танилиб кела бошлаган Алишер ўз даврининг донгдор шоири Мавлоно Лутфий хизматига боради. Мавлоно ундан шеър ўқишни илтимос қилади. Алишер ўзининг:

Оразин ёпғоч, кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш.

матлаъи билан бошланадиган ғазалини ўқийди. Шеърдан ҳайратга тушган кекса шоир бундай дейди: „Валлоҳ, агар муяссар бўлса эди, ўзумнинг форсий ва туркий тилларда айтган ўн-ўн икки минг байтимни шу ғазалга алмаштирардим ва буни ўзимнинг катта ютуғим деб ҳисоблар эдим“. Бу туркий (ўзбек) шеъриятига жуда катта истеъдод кириб келаётганидан нишона эди.

Йигитлик йиллари

1457-йилда Абулқосим Бобур вафот этди. Ҳокимят тепасига Абусаид Мирзо келди. Ҳусайн Бойқаро тахт учун курашга шўнғиб кетди.

Навоий эса Машҳад мадрасаларида ўқишни давом эттирди. Дўстлар орттирди. Кекса шоир Камол Турбатийни шу ерда учратди. Турбатлик бу шоир Алишер билан бир байт муҳокамаси устида танишиб қолди. Шоир 1464-йилда Ҳиротга қайтади. Бироқ пойтахтда уни нохушликлар кутади. Абусаид Мирзо у билан тахт талашаётган Ҳусайн Байқарони яқин кишиларини таъқиб ва тайзиқ остига олган, жумладан, тоғалари Мирсаид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийларни олдинма-кейин қатл эттирган эди. Улар истеъдодли шоирлар эди. Алишернинг ота мулки мусодара қилинган, ҳатто яшаб турган бошпанаси ҳам қолмаганди. У шаҳарда узоқ қола олмади. Ҳолбуки, ёш шоирнинг ижоди барқ урган пайти эди. Абдураҳмон Жомийдек замонасининг аллома адиби билан яқиндан танишиб, сабоқлар олгани, меҳр қозонган эди. Навоий — „Маҳмуд Нуран“ деб эъзозлаган бу машҳур шоир ва олим ўзини сиёсатдан узоқ тутар, ҳатто шаҳар ташқарисидаги Саъдиддин Кошғарий (1456-йилда вафот этган машҳур шайх, Жомийнинг устози) мозори ёнидан жой қилиб, ўша ерда яшар эди.

Навоийнинг Саййид Ҳасан Ардашерга ёзган шеърий мактуби бор. У „Маснавий“ номи билан „Хазойин ул-маоний“нинг биринчи девонига киритилган. Мутахасисслар уни Навоийнинг Ҳиротдан Самарқандга жўнаш олдидан ёзган мактуби деб ҳисоблайдилар. Чамаси, шоир сафар олдида Ардашер билан хайрлашмоқчи бўлган, лекин уни топмаган. Сўнг ушбу мактубни ёзиб қолдирган. Мактуб Алишернинг сафар олдидаги кечинмалари ва ўз отасидек яқин кўрган Саййид Ҳасан Ардашернинг сифатларини таъриф этиш билан бошланади. Ватан ва дўстларни ташлаб кетиш оғир. Хайрлашмай кетиш ундан ҳам оғир. У улуғ дўстига кетиши сабабларини тушунтирмоқчи. Хат шу муносабат билан ёзилган. Инсон сўз билан улуғдир, „фалак жисмининг жони“ — сўз, айқиса „назм“ (шеър), дейди шоир. Ва ўзида шеър ёзишга жуда катта куч-қудрат сезаётганини айтади. Шундай қудратки, агар Фирдавсий ўз „Шоҳнома“сини 30 йилда ёзган бўлса, у ўшандай асарни 30 ойда ёза олади. Низомий Ганжавийнинг 30 йил сарфлаб майдонга келтирган „Хамса“си унинг олдида 2-3 йиллик ишдир. Фақат унга имкон керак. Юрт эса нотинч, одамларда вафо йўқ. Инсонийлик қолмаган, зулм авжида. Ҳатто тасалли берувчи киши ҳам йўқ. Кетаман, десанг этагингдан тутадиган умр йўлдошинг, кецанг, айрилиқдан эзиладиган дўстинг бўлмаса.

Навоий 60-йилларнинг иккинчи ярмида Самарқандда яшади. Унинг бу шаҳарга келиши сабабини турлича талқин қиладилар. Хондамир, ўқиш учун келди, дейди. Тўғри у Самарқандда дин ҳуқуқшуноси ва файласуф Фазуллоҳ Абуллайс қўлида ўқиди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур уни „Абусаид сургун қилди“, дейди. Бунда ҳам асос бор. Абусаиднинг Алишерга муносабати ёмон эди. Шоир Самарқандда дастлаб моддий қийинчилик ичида яшайди. Кейинроқ унга шаҳар ҳокими Аҳмад Ҳожибек рағбат ва ҳоийлик кўрсатади. Ниҳоят, Самарқанд ўз гўзаллиги билан ҳам Навоийни мафтун этади. Шоир уни „фирдавсмонанд“(жаннатмисол) деб атайди ва унга ҳеч қачон „гарди фано“ ўлтирмаслигини — заволикка юз тутмаслигини истайди. Навоий шу йиллари шоир сифатида жуда катта шуҳрат топа борди. 1465–1466-йилларда унинг мухлислари шеърларини тўплаб, „девон“ тузадилар. Бу китоб бугун „Илк девон“ номи билан машҳурдир. 1468-йил охирида Эронни эггалаш учун бўлган жангда Абусаид ҳалок бўлади. Ҳусайн Байқаро 1469-йилнинг бошида Ҳиротни қўлга олади ва Самарқандга хат йўллаб, Навоийни ўз ёнига чақиради. Ҳусайн Байқаро уни давлат ишларига жалб этади ва муҳрдор қилиб тайинлайди.

Давлат ва жамоат арбоби

Алишер Навоий 1469–1472-йилларда муҳрдор, 1472–1476-йилларда вазир бўлиб ишлайди. 1487–1488-йилларда Астрободга ҳокимлик қилди. Ҳусайн Бойқаро уни ўзига ғоят яқин тутар, ҳар бир нарсада у билан маслаҳатлашар ва буни ниҳоятда қадрлар эди. Тўғри, Байқаро ва Навоий ўртасига учинчи киши аралашган, совуқчилик тушган пайтлар ҳам бўлди, лекин ўз даврининг икки атоқли арбоби ҳамкорлиги жуда кўп синовлардан муваффақият билан ўтиб, авлодларга ўрнак бўлди. Ҳусайн Байқаро салтанатининг даслабки йилларида жуда нотинч кечди. Хондамирнинг ёзишича, у тахтга чиққан йилнинг ўзида Абусаид Мирзонинг ўғли Ёдгор Муҳаммад тахт даъвоси билан қўзғалди. Ҳусайн Байқаро унга қарши қўшин тортади ва ғалаба қозонади.

1470-йилнинг баҳорида Ёдгор Мирзо Астрободда яна бош кўтаради. Ҳусайн Байқаро Навоийни ёнига олиб, қўшин билан яна йўлга тушади. Худди шу пайт Ҳиротда қўзғолон бўлганлиги хабари келади. Ҳусайн Байқаро Навоийни унга катта ваколатлар бериб пойтахтга қайтаради. Навоий шаҳарда адолатни тиклаб, халқни тинчлантиради. Шундай тўқнашувларнинг бирида Ёдгор Мирзонинг қўли баланд келиб, пойтахдаги айрим кишилар унга қўшиладилар. Можароларни тинчлантириш мақсадида уйлангани Абусаиднинг қизи Робия Султонбегим эрига ҳиёнат қилиб, у сафарига кетганида пойтахтда иниси Ёдгор Мирзо номига хутба ўқитади. Юрт бир муддат Ёдгор Мирзо қўлига ўтади. Бу ҳол Ҳусайн Байқарога қаттиқ таъсир этади ва у тушкунликка тушади. Навоий шундай пайтда унинг ёнида туради, тассали беради. Ўша 1470-йилнинг ўзида пайт пойлаб, Навоийнинг маслаҳати билан Мурғоб дарёси бўйларидан жуда қисқа муддатда Ҳиротга етиб келади ва Боғи Зоғонда маишатдан чарчаб ухлаб ётган Ёдгор Мирзони қўлга олади. Шундан кейингина Хуросонда маълум муддат тинчлик, осойишталик қарор топади. Алишер ижод кишиси эди. У табиатан буйруқвозликдан ва ҳукмфармонликдан йироқ, тафаккур ҳамда тахайюлга мойил, ғоят нозиктаъб бир киши эди. Мансаб-лавозимлар ҳар қанча юксак бўлмасин унинг учун зил-замбил юк бўлиб, Ҳусайн Бойқарога бўлган ихлос ва муҳаббатигина уни истеъфо беришдан сақлаб турар эди. Шунга қарамасдан, у садоқат билан хизмат қилди. Донишмаднлиги, тадбиркорлиги билан кўплаб ғалаёну қон тўкишларнинг олдини олди, урушларни ярашишга айлантирди.

Унинг бу фазилати, айниқса, 1472–1476-йиллардаги вазирлик фаолиятида яққол намоён бўлди. Ҳусайн Байқаро ҳокимят ишларида Навоийнинг ақл ва садоқатига таяниб иш кўрди. Уни, қаршилигига қарамасдан, юқори мартабаларга тайинлади, 1472-йилда эса „амир“(вазир)ликка қўйди. Буюк шоир „амири кабир“ (улуғ амир), „амирул муқарраб“ (подшога энг яқин амир) унвонларига мушарраф бўлди. Унинг вазирлик йиллари Ҳиротда ободонлик авж олган, маданият гуллаб, яшнаган давр бўлди. Улуғ амир ўзи бош бўлиб, сувсиз ерларга сув чиқарди, эски ариқларни тозаллатирди, янги каналлар қаздирди. Эски биноларни таъмир қилдириб, янгиларини қурдирди. Кўплаб мадрасалар, хонаҳоқлар солдирди.

Ижод оғушида

Алишер Навоий шеърни, шоирликни ҳамма нарсадан баланд тутди. Вазирлик мартабасида туриб ҳам шеър ёзишни тўхтатмади. Атрофидагилар унинг бу ишига рағбат ва ҳурмат билан қарадилар. Шоҳ Ҳусайн Байқаронинг ўзи унга раҳнамолик қилди. Улуғ шоирнинг илк шеърий девонини мухлислари тузган бўлсалар, биринчи девони — „Бадое ул-бидоя“ („Бадиийлик ибтидоси“)ни 1472–1476-йилларда шоҳнинг амри ва истагига кўра ўзи китоб қилди. 1485–1486-йилларда иккинчи девон — „Наводир ун-ниҳоя“(„Ниҳоясиз нодирликлар“) майдонга келди. Алишер Навоий 1481–1482-йилларда „Вақфия“ асарини ёзади. Вақф деб бирор хайрли ишнинг сарф-у харажатини таъмин қилмоқ учун ажратилган ер ёки мулкка айтилади. Алишер Навоийнинг энг катта орзуси достон ёзиш, биринчи навбатда, ХИИ асрнинг буюк шоири Низомий Ганжавий (1141–1209) дан кейин шоирлик қудтарининг мезонига айланиб қолган „Хамса“ яратиш эди. Низомийнинг „Панж ганж“ номи билан тарихга кирган „Хамса“си 5 маснавийдан ташкил топган эди: „Махзан ул-асрор“(„Сирлар хазинас“), „Хусрав ва Ширин“, „Лайли ва Мажнун“, „Ҳайф пайкар“(„Етти гўзал“), „Искандарнома“. Юз йилдан кейин унга Хусрав Деҳлавий (1253–1325) жавоб қилди. У ўз достонларини „Матла ул-анвор“ („Нурлар бошланиши“), „Ширин ва Хусрав“, „Мажнун ва Лайли“, „Ҳашт беҳишт“(„Саккиз жаннат“), „Ойнайи Искандарий“ (Искандар ойинаси) деб аталади. Лекин булар ҳаммаси форсий тилда ёзилди. Улардан форслар, шу тилни билганларгина баҳраманд бўлдилар. Ўз халқининг шундай ҳазинадан бебаҳра қолиши Навоийни қийнади.

Навоий маслаҳатга устози Абдураҳмон Жомий ҳузурига боради. Жомий Навоийни бу ишга тезликда киришишга ундайди, унинг ўз кучи ва имкониятларига ишончини мустаҳкамлайди. Навоий беш достонни икки йилда тамомлайди. 1483-йилда ўз „Хамса“сини ёза бошлаб, 1485-йилнинг бошида тугатади. Шоир ишлаган кунлар ҳисобга олинса, 54 минг мисралик улкан обида 6 ойда битказилади. Туркий тилда биринчи маротаба „Хамса“ яратилади. Олиму фузало — барча бу ҳодисани зўр олқиш билан кутиб олдилар. Зайниддин Восифийнинг „Бадоеъ ул-вақоэ“сидан: "Шоҳ Навоийга: „Бир можаро Сиз билан бизнинг орамиздан кўпдан ҳал бўлмай келади, шуни бугун бир ёқлик қилайлик“, дейди. Бу можаро шундан иборат эдики, Султон Ҳусайн Алишернинг муриди бўлишини кўпдан орзу қилар ва уни „пирим“ деб атар эди.

Алишер эса ҳар гал: „Ё Олло, ё Олло, бу қандай гап бўлди! Аслида — биз муридмиз, сиз — ҳаммасига пирсиз“, дер эди. Энди Султон Ҳусайн Алишердан сўради: — Пир нима-ю, мурид нима?

Алишер жавоб берди:

  • Пирнинг тилаги — муриднинг тилаги бўлиши керак.
  • Шунда Султон Ҳусайн ўзининг оқ отини олиб келишни буюради. От жуда асов, чопағон эди.

Султон Ҳусайн айтди:

  • Сиз пир, мен мурид бўладиган бўлсам, Сиз шу отга минасиз, мен уни етаклайман.

Алишер ноилож отга минишга мажбур бўлади. От ғоят асов бўлиб, шоҳдан бошқани ўзига яқинлаштирмас эди. Алишер оёғини узангига қўйиши билан от типирчилай бошлади, Султон Ҳусайн отига ўшқирди, от итоат қилиб, Алишернинг минишини кутди. Алишер эгарига ўтириши билан Султон Ҳусайн отининг жиловидан ушлаб етаклай бошлади. Алишер ҳушидан кетди. Уни эгардан кўтариб олдилар. Тариҳда бундай ҳол кўрилмаган эди. Ҳеч бир замонда шоҳ шоирга жиловдорлик қилмас эди. 1480–1490-йиллар Навоий учун бадиий ижодда самарали давр бўлди. Шоир „Хамса“ дан кейин кўп ўтмай, кетма-кет насрий китоблар яратди. У 1488-йилда ёзган „Тарихи мулки ажам“ („Ажам шоҳлар тарихи“) шуларнинг бири эди. Бу асар „Муҳокамат ул-луғатайн“да „Зубдат ут-тавохир“(„Тарихлар қаймоғи“) деб ҳам аталади. 1480-йилларнинг охири, 1490-йилларнинг бошида Навоийнинг яқин дўстлари, устозларидан Саййид Ҳасан Ардашер (1489), Абдураҳмон Жомий (1492), Паҳлавон Муҳаммад (1493) кетма-кет вафот этдилар. Навоий уларга бағишлаб „Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер“, „Хамсат ул-мутаҳаййирин“, „Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад“ асарларини ёзади. Бу асарлар насрий бўлиб, шоирнинг бу улуғ замондошлари ҳақидаги мемуар хотираларидан ташкил топган эди. 1491-йилда муаммо жанрига бағишланган „Рисолайи муаммо“ (иккинчи номи „Муфрадот“) рисоласини ёзи. Навоий замонасида муаммо жанри кенг тарқалган бўлса — да, асосан, форс тилида ёзилар эди. Навоий ўзбек тилида муаммо ёзган илк ўзбек шоирларидан бўлди. „Хазойин ул-маоний“га унинг 52 муамоси киритилган. Шоирнинг форс тилидаги муаммоларини эса 500 чамалайдилар. Навоийнинг 1490-йиллардаги энг катта хизматларидан бири „Хазоин ул маоний“ („Маънолар хазинаси“)ни тузиш бўлди. 1492–1498-йилларда тартиб қилинган 4 қисм девондан иборат бу улкан шеърий куллиёт шоирнинг туркий тилда ёзилган деярли барча лирик шеърларини қамраб олган эди. Шоир 7-8 ёшидан 20 ёшигача бўлган даврни умрининг навбаҳори ҳисоблади ва шу давр девонини „Ғаройиб ус-сиғар“(„Ёшлик ғаройиботлари“) деб атади.

Ҳаётининг сўнгги йиллари

1490-йилларнинг бошидаги оғир йўқотишлар, айниқса, 40 йиллик қадрдони Паҳлавон Муҳаммад билан устози Жомийдан жудо бўлиш Навоийга қаттиқ таъсир этди. Бунинг устига саройда Хадичбегим Низомулмулк билан мулк ва мансаб иштиёқида янги-янги фитналар тўқийди. Шу фитналар натижаларидан бири пок қалбли барча кишиларни ларзага солиб, мамлакатни ҳалокат ёқасига келтириб қўяди. Бу-Мўмин Мирзонинг ўз бобоси фармони билан қатл қилиниши эди. 1489-йилда Навоий Ҳиротга қайтгач ўрнига Астробод ҳокими қилиб Бадиуззамон тайинлаган эди. Бу орада Балхда Дарвешали қўзғолони бошланади. Ҳусайн Байқаро Навоийни олиб, Балхга жўнайди. Дарвешали билан сулҳ тузилади, лекин Ҳисорда Абусаиднинг ўғли Султон Маҳмуд Ҳусайн Байқарога қарши кураш бошлайди. Шоҳ Навоийни Балхда қолдириб, ўғли Бадиуззамонни олиб Ҳиротга отланади. У билан ҳам муросага келишиб, орқага қайтади ва Балхни Бадиуззамон тасаруффига беради. Бадиуззамон ўғли — 13 ёшли Мўмин Мирзони Астрободда қолдириб Балхга келади. Хадичбегим Низомулкмулк билан биргаликда Астрободга Музаффар Мирзони ҳоким қилиб тайинлашга эришадилар. Ҳусайн Байқаро ва Бадиуззамон ўртасидаги муносабат ёмонлашади. Бадиуззамон Мўмин Мирзога Музаффар Мирзони шаҳарга киритмасликка буюруқ беради. Шоҳ тезда Навоийни Балхга юборади. Навоий ота ва ўғил орасига тушиб, уларни яраштиради. Бироқ ҳудди шу пайтда Ҳусайн Байқаронинг Бадиуззамонни қўлга тушириш ва қамоққа олиш ҳақидаги Балхга, шаҳар қутловига йўллаган яширин фармони маълум бўлиб қолади. Яраш яна урушга айланади.

Алишер Навоий мақбараси толибонлар хужумигача, Ҳирот, 1976-йил.

Навоий воқеани бундай изга кириб кетганидан қаттиқ изтироб чекади ва умидсиз орқага қайтади. Ота-ўғил урушида Бадиуззамон енгилади. Мўмин Мирзони Музаффар Мирзо асир олади. 1499-йилда Марвда Ҳусайн Байқаронинг яна бир ўғли Абулмуҳсин отасига қарши бош кўтаради. Шоҳ ўз қўшини билан Марвга отланади. Бу пайтларда Навоий ҳажга боориш орзусида эди. Мирхонднинг хабар беришича, Абулмуҳсин отаси билан сулҳ тузиш учун Алишернинг подшоҳ номидан вакил бўлиб келишини шарт қилиб қўяди. Навоийга тез чопар юборилади. Чопар шоирга етиб, шоҳнинг мактубини топширади. Унда шоирнинг ҳажни кейинга қолдириб, тезда Марвга етиб келиши илтимос қилинган эди. Алишер Машҳад улуғлари ва ҳамроҳлари билан маслаҳатлашади. Улар мамлакатнинг тинчилиги учун Алишернинг ҳажга боришидан кечишини сўрайдилар. Алишер белгиланган жойга етиб боради, ота-ўғилларни яраштириб, Ҳиротга қайтади.

1498-йилда Алишер Навоий „Мажолис ун–нафоис“ни қайта кўздан кечириб, тўлдирди. Шоирлар ададни 459 тага етказди. Шу йили ёшлигидан қалбида муҳирланиб келган „Мантиқ ут–тайр“ га жавоб ёзади. „Лисон ут-тайр“ Навоий ижодини якунловчи асарлардан биридир. Буюк шоир 1498–1499-йилларда хатларини тўплаб, „Муншаот“ тузди. Унда 88 та хат жамланган бўлиб, уларнинг аксарияти шоирнинг шоҳ ва шаҳзодаларга йўлланган. Шоирнинг 1500-йилнинг охирларида ёзиб тугатган „Маҳбуб ул–қулуб“ асари унинг энг сўнгги асари бўлиб қолди. Навоий 1501-йилнинг 3-январида вафот этади. Бутун халқ — шоҳда гадогача, олимдан чўпонгача, шоирдан деҳқонгача улуғ фарзандининг ўлимига қайғу ва изтироб билан мотам тутади.

„Хамса“

Алишер Навоий ижодининг юксак чўққиси „Хамса“ асари (1483–1485)дир, шоир биринчилардан бўлиб, туркий тилда тўлиқ „Хамса“ яратди ва туркий тилда шундай кўламдор асар ёзиш мумкинлигини исботлаб берди. Ушбу тўпламни Низомий Ганжавийнинг „Панж Ганж“ („Беш хазина“) асарига ҳавас сифатида ёзилганлигини ўқувчиларга англатмоқ мақсадида „Хамса“нинг кириш қисмида:

„Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасиға панжа урмоқ.“

дея таъкид этади.

„Хамса“ таркибига „Ҳайрат ул-аброр“, „Фарҳод ва Ширин“, „Лайли ва Мажнун“, „Сабъаи сайёр“, „Садди Искандарий“ каби достонлар киради.

"Ҳайратул-аброр"да ҳамд, муножот, наът, ҳайрат бобларидан кейин шоирнинг Яратганга, борлиққа, табиатга, инсонга бўлган фалсафий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий, маърифий, ахлоқий ва эстетик муносабати акс эттирилган. Подшоҳ билан улуснинг инсонлик нуқтаи назаридан айирмасиз, фарқсизлигини, подшоҳнинг ҳунар, ахлоқ, адл, инсоф, мантиқ, тақво йўлида улусдан ўта олмаганини англатиш билан ўзининг адолатли шоҳ ҳақидаги қарашларини англатади.

„Фарҳод ва Ширин“да қаҳрамонлар севги саргузаштлари орқали инсоннинг тарих ва келажак олдидаги вазифасини белгилайди, инсонлик фақат муҳаббатда эмас, балки ўша шарафли номнинг ҳимояси орқали эканини уқдиради. Шарқ тарихидаги Хусрав ва Ширин воқеасини бадиий жиҳатдан қайта ишлаб, Фарҳод орқали ўзининг комил инсон ҳақидаги қарашларини ифода қилган. Навоий достони орқали Фирдавсий, Низомий, Деҳлавий анъаналари янгиланган бўлса, ундан кейин бу сюжет турк мумтоз адабиётининг ўзак муаммоларини ҳал этишда асосий ўрин тутди ва бу йўналишда Аҳмад ризвон, Жалилий, Ҳаримий, Бафқий, Урфи Шерозий, Ламиий, Низорий ва бошқа достонлари яратилди.

„Лайли ва Мажнун“ достонида араб эртаклари орқали маълум сюжет ўзининг тугал шаклини топди, унда ишқ фалсафаси бетакрор услубда ифода қилинди. Кейинроқ яратилажак Фузулий, Андалиб, Сайқалий достонлари учун маънавий замин бўлди. „Хамса“ таркибидаги „Сабъаи сайёр“ ва „Садди Искандарий“да шоҳлик билан боғлиқ масалаларни биринчи ўринга олиб чиқди. Бу достонлар хамсанавислик анъанасида ўзининг ижтимоий-сиёсий характери ва оригиналлиги билан ажралиб туради. „Хамса“га устоз Абдураҳмон Жомий (1414–1492) юқори баҳо берди.

ЎР ФА ШИ қўлёзмалар фондида ХВ–ХХ асрларда кўчирилган 166 қўлёзма сақланади. Улардан 84 тасида бешликнинг ҳамма достонлари берилган.

„Хамса“ ҳақида хорижий олимлар А.Вамбери, Ж.Малоколин, Ф.Ричард, Л.Вари, Й.Экман, Э.Партеле; рус тадқиқотчилари И.Крачковский, В.Бартолд, Э.Бертелс, Конрад, Б.Жирмунский, А.Якубовский, А.Семёнов; турк олимлари Ф.Кўпрулу, А. С. Левенд, К. Эраслон; озар олимлари Ҳ. Арасли, Г. Алиэв; ўзбек олимлари Фитрат, И.Султон, В.Зоҳидов, А.Қаюмов, Т.Жалолов, Содир Эркинов, С.Назруллаэва, А.Абдуғафуров, М.Ҳакимов, С.Ҳасанов в.б. ишлари маълум.

ЎзМУда „Хамса“ни тадқиқ этиш борасида Б.Қосимов, Б.Акром, Ҳ.Болтабоэв, А.Эркинов, Д.Фармонова тадқиқот ишлари олиб бормоқдалар.

Навоий Девонидан саҳифа

Тасаввуфий асарлари

Навоийнинг тасаввуфий қарашлари деярли барча асарларининг руҳига сингиган бўлса-да, махсус "Лисон ут-тайр" достони(1499)да, "Насойим ул-муҳаббат" (1495–1496)да, "Тарихи анбиё ва ҳукамо"(1485–1488), „Арбаин“, „Муножот“ сингари асарларида акс этган.

"Лисон ут-тайр"да борлиқ ва илоҳиёт ҳақидаги қарашларини, инсон, табиат ва ҳаёт ҳақидаги фикрларини қушлар тили ва саргузаштлари орқали баён қилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Навоий асарларини диний ва сўфийлик жиҳатидан ўрганиш кенгайди, улар объэктив ва илмий баҳосини олмоқда. „Арбаин“, „Муножот“ каби асарлари чоп этилди. Жомийнинг „Нафаҳотул-унс мин ҳазаротил-қудс“ тазкирасини таржима қилиб ва тўлдириб, сўз юритилган 618 та шайхлар сонини 770 тага етказди.

Насрий асарлари

Навоий меросининг салмоқли қисми насрий асарлардан иборат. Улар ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-таълимий ва илмий-фалсафий йўналишдадир.

Маҳбуб ул-қулуб (1500–1501) Навоийнинг сўнгги йирик асари бўлиб, унда улуғ мутафаккир адибнинг ҳаёти давомидаги кузатишлари, тўплаган бой тажрибаси ўз юқори даражасида аксини топган. Уч қисмдан иборат бу асарда „Сориун-носнинг афъол ва аҳволининг кайфияти“ (1), ахлоқий муаммолар (2), „мутафарриқа фавойид ва амсол сурати“ (3) масалалари ифодаланган.

„Хамсатул-мутаҳаййирин“(„Беш ҳайрат“,1494) асарида устози ва дўсти Абдураҳмон Жомий, унинг ҳаёти лавҳалари, тариқати, ёзишмалари, асарлари ҳақида ҳайратомуз ҳикоялар келтирилади.

„Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер“ (1488–1489), „Ҳолоти Раҳлавон Муҳаммад“(1493) асарлари маноқиб-ҳолот йўналишида бўлиб, уларда шоирга устозлик қилган буюк шахслар ҳаёти, фаолияти ёритилган.

„Муншаот“ (1498–1499) Навоийнинг мактублари тўплами (жами 88 та хат) бўлиб, улар соғинчлик хатлари, наврўз табриклари, таъзияномалар, сиёсий ўгитлар, сулҳномалар ва бошқа йўналишлардадир. Улар Ҳусайн Бойқаро, Бадиуззамон ва бошқа тарихий шахсларга битилган.

Илмий-филологик мероси

„Мажолисун-нафоис“ (1490–1491; 1497–1498) тазкираси турк тилидаги ёзилган дастлабки тазкира бўлиб, унда шоир саккиз мажлис доирасида 459 шоир ва адиб ҳақида маълумот берган. Биринчи ва иккинчи мажлисда тазкира тартиб берилганда ҳаёт бўлмаган шоирлар, учинчи мажлисда шоирнинг замондошлари, тўртинчи мажлисда бешинчи мажлисда Хуросон, олтинчисида Моварауннаҳр, Кичик Осиё ва Эрон, еттинчи ва саккизинчи мажлисларда темурийлар сулоласига мансуб ижодкор шоҳ ва шаҳзодалар ҳақидаги маълумотлар жамланган. Асар Фаҳрий Ҳиротий(1521–1522), Муҳаммад Қазвиний(1522–1523), Шоҳ Али Абдулали (1598) томонидан уч марта форс тилига таржима қилинган.

Навоий „Муҳокаматул-луғатайн“ асарини ўз замонидаги туркий лаҳжалар, зиёлилар нутқи, бадиий ва илмий асарларнинг лексик-грамматик хусусиятларини форсий тил хусуситлари билан қиёслашга бағишлади. Жонли халқ тилида қўлланган кўплаб сўзларни асарга киритиб, адабий тилда қўлланилишига сабабчи бўлди. Ўзигача ишлатилган сўзларни янги маъно қатламларини очди. ўзбек ва бошқа туркий халқларнинг тили грамматикасини Маҳмуд Кошғарийдан сўнг илмий асосга солди. ўзбек ва бошқа туркий халқларнинг тилининг бадиий ва эстетик имкониятлари кенгайишига сабабчи бўлди. Форс ва турк тилларида яратилган энг йирик ва эътиборли асарларга мурожаат қилди, шоир ва олимларни тил истиқлоли учун курашга чорлади.

Аруз назариясига бағишланган „Мезонул-авзон“(1492) асарида араб ва форс арузи қоидаларини туркий тилда аниқ ва равон тушунтирди. Турк ёзма ва оғзаки шеърияти намуналарининг вазн хусусиятларини ўрганди. Туркий аруз табиатини ёритиш билан бирга турк шеърияти мураккаб аруз тизимини бойитганини англатди. Баҳрлар ва доиралар ҳақидаги тасаввурни кенгайтирди. Тўққизта янги вазн ва шеърий шаклни аниқлади. Турклик тарихида илк бор миллий вазн ҳақидаги қарашларни илгари сурди.

Навоийнинг илмий-филологик меросини мунтазам тадқиқ қилиш ХХ асрнинг 20-йилларидан йўлга қўйилди. Бу йўналишда Фитрат, Ойбек, А.Саъдий, О.Шарафиддинов, А.Ҳайитметов, И.Султон, Ҳ.Қудратуллаэв каби адабиёцҳунос ва А. К. Боровков, О.Усмонов, А.Рустамов каби тилшунос олимларнинг ишлари эътиборли.

Тарих ва иқтисодга оид асарлари

„Тарихи мулуки Ажам“ („Ажам шоҳлари тарихи“,1488) қисқа тарих бўлиб, Эрон шоҳлари хроникаси баён қилинган „Тарихи Табарий“, „Шоҳнома“ асарларини мантиқан тўлдиради, улардаги фактларни изчил илмий тизимга солади. Афсонавий шоҳ Каюмарсдан сосонийларнинг сўнгги вакили Язди Шаҳриёргача бўлган шоҳлар тарихини, мифологик талқинини беради.

„Тарихи анбиё ва ҳукамо“ („Пайғамбарлар ва ҳакимлар тарихи“, 1485–1498) асарининг биринчи бўлимида „Қиссасул-анбиё“лар анъаналарини давом эттириб, Одам алайҳис-саломдан Нуҳ, Исо, Мусо, Яъқуб, Сулаймон, Юсуф, Довуд каби пайғамбарлар тарихига оид қиссалар келтиради. Навоий Луқмони ҳакимга ҳам анбиёлар қаторидан жой беради. Асарнинг „Ҳукамо зикрида“ деб номланган иккинчи бўлимида инсоният тарихида чуқур из қолдирган донишманд ҳакимлар Фишоғурс, Жомосп, Буқрот, Суқрот, Афлотун, Арасту, Болинос, Жолинус, Батлимус, Бузургмеҳр ҳақида ибратли ҳикоялар келтиради, уларнинг донишмандлиги, илмий кашфиётларининг сири қисқа сатрларда талқин қилинади.

„Вақфия“ (1481) асарида вақф ерлари, мулклари, уларнинг миқдори, улардан фойдаланиш, вақф мулки ва маблағи эвазига қуриладиган бино ва иншоотлар, бу йўналишда мадраса ва хонақоҳларда ўрнатилган тартиблар ҳақида фикр юритди. Навоий ўз ихтиёридаги маблағлар ҳисобига қурилган хайрия муассасалари, илмий-маданий бинолар ва боғларни санаб ўтди. Асар Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатларини ўрганиш учун ҳам муҳим ҳужжатли манбадир.

Тарих ва иқтисодий йўналишдаги асарлари Н.Веселовский, Якубовский, Я. Ғуломов, В.Зоҳидов, Б.Аҳмедов каби олимлар томонидан ўрганилган.

Араб ва форс тилларидаги асарлари. Алишер Навоий форс тилида ёзган шеърлари асосида „Девони Фоний“ тузилган бўлиб, унинг муқаддимасида „Ситтаи зарурия“ („Олти зарурат“) ва „Фусули арбаа“ („Тўрт фасл“) форсий қасидалари мажмуалари берилган. „Ситтаи зарурия“ тўпламидаги қасидалар „Руҳул-қудс“ („Муқаддас руҳ“), „Айнул-ҳаёт“ („Ҳаёт чашмаси“), „Туҳфатул-афкор“ („Фикрлар туҳфаси“), „Қутул-қулуб“ („Қалбдар ғизоси“), „Минҳожун-нажот“ („Қутилиш йўли“), „Насимул-хулд“ („Жаннат насими“) каби номлар билан аталади. Улар Хоқоний, Деҳлавий, Салмон Соважий, Абдураҳмон Жомий асарлари руҳида, уларга фалсафий-мантиқий жавоб тарзида ёзилган. „Фусули арбаа“да Султон Ҳусайн Бойқаро мадҳидан сўнг „Баҳор“, „Саратон“, „Хазон“ („Куз“) ва „Дай“ („Қиш“) васфидан иборат. Муаммо жанри қоидаларига бағишланган „Муфрадот“ (1485) форс тилидаги илмий асарида мумтоз шеъриятдаги бу жанрни назарий жиҳатдан асослади. Муаммо ва уни ифодаланган жанрлар рубоий, қитъа, туюқ, айрим ҳолларда ғазал муносабатини англатди. Муаммоларни ечиш усулларини ўргатиш баробарида 121 та мисол келтирди. Навоийнинг араб тилида „Сабъатул-абҳур“ („Етти денгиз“) номли диний-тасаввуфий руҳда луғат характеридаги асар ёзгани маълум. Бироқ бу асар нашр этилиб, етарли даражада ўрганилмаган. Алишер Навоийнинг форс тилидаги мероси Фитрат, Ҳ.Сулаймон, Н.Маллаэв, Ш. Шомуҳамедов, Р.Воҳидов, Болтаэва томонидан ўрганилган.

Навоий даҳоси туфайли инсоният тарихида дунёнинг турли жойларида яшаётган туркий халқлар якқалам қилинди, миллат маънавий мероси умумжаҳон хазинасидан мустаҳкам ўрин олди. Мустақил Ўзбекистонда Навоийни англаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Республикадаги энг йирик вилоятлардан бири ва унинг маркази, Ўзбекистон Давлат мукофоти, Ўзбекистон Республикаси ФА Тил ва адабиёт институти, опера ва балет академик театри, Ўзбекистон Давлат кутубхонаси, Самарқанд Давлат университети ва бошқа юзлаб маданий-маърифий муассасалар, жамоа хўжаликлари улуғ шоир номи билан аталади.

Китобнинг бутун бир кўриниши[сайт ишламайди]

Алишер Навоий ўз асарларида ўзбек сʻозини этноним сифатида ишлатган.

„Шоҳу тожу хилъатеким, мен томоша қилғали,

Узбаким бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас“[7].

Ғазали

Хилъатин то айламиш…

Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Гулшан эттим ишқ саҳросин самуми оҳдин
Ким, эсар ул дашт аро ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Шишадек кўнглумдадур гулзори ҳуснунг ёдидин,
Тобдоннинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил.

Оразу холинг била хаттинг хаёлидин эрур
Кўзларимнинг оллида даврон қизил, сориғ, яшил.

Лаългун май тутқил олтун жом бирла сабзада
Ким, булардин яхши йўқ имкон қизил, сориғ, яшил.

Фақр аро беранглиқ душвор эрур беҳад, валек
Хирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.

Эй Навоий, олтину шингарфу зангор истама,
Бўлди наминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил.

Жонға чун дерман…

Жонға чун дермен: „Не эрди ўлмаким кайфияти?“
Дерки: „Боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати“.

Жисмдин сўрсамки: „Бу заъфингға не эрди сабаб?“
Дер: „Анга бўлди сабаб ўтлуқ бағирнинг ҳирқати“.

Чун бағирдин сўрдум, айтур: „Андин ўт тушти манга
Ким, кўнгулга шуъла солди ишқ барқи офати“.

Кўнглума қилсам ғазаб, айтурки: „Кўздиндур гунаҳ,
Кўрмайин ул тушмади бизга бу ишнинг туҳмати“.

Кўзга чун дерменки: „Эй, тардомани юзи қаро,
Сендин ўлмиш телба кўнглумнинг балою ваҳшати“.

Йиғлаб айтур кўзки: „Йўқ эрди манга ҳам ихтиёр
Ки, кўрунди ногаҳон ул шўхи маҳваш талъати“.

Эй Навоий, барча ўз узрин деди, ўлгунча куй
Ким, санга ишқ ўти-ўқ эрмиш азалнинг қисмати.

Кўргали ҳуснунгни зору…

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдим санга,
Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум санга.

Ҳар неча дедимки, кун-кундин узай сендин кўнгил,
Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга.

Мен қачон дедим: вафо қилғил манга — зулм айладинг,
Сен қачон дединг: фидо бўлғил манга — бўлдум санга.

Эй кўнгил, тарки насиҳат айладим аввора бўл,
Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга.

Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,
Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга.

Ғусса чангидин навоэ топмадим ушшоқ аро,
То Навоийдек асиру бенаво бўлдум санга.

Келмади

Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмадии.

Лаҳза-лаҳза чиқдиму, чекдим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаву ул шўхи бадҳў келмади.

Ул париваш ҳажридинким йиғладим деванавор,
Кимса бормуким анга кўрганнда кулгу келмади.

Толиби содиқ топилмас йўқсаким қўйди қадам
Йўлғаким аввал қадам маъшуққа ўтру келмади.

Эй Навоий, бода бирла ҳуррам эт кўнгул уйин,
Не учунким бода келган уйга қайғу келмади.

Рубоийлар
* * *

* * *
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул буца,
Булбулға тикондек ошён бўлмас эмиш.

* * *
Зоҳид, сенга — ҳур, манга — жонона керак,
Жаннат — санга бўлсун, манга — майхона керак.
Майхона аро соқию паймона керак,
Паймона неча бўлса тўла, ёна керак.

* * *
Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Ҳар неники севмак ондин ортуқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

* * *
Ким кўрди экин жаҳонда оё хушлуқ,
То бир киши айлагай таманно хушлуқ.
Юз йилда агар бир ўлса пайдо хушлуқ,
Омодадур ёнида юз нохушлуқ.

Нашр қилинган асарлари

  • Алишер Навоий. Асарлар. 1-4 жилдлар, -Т.: 1963–1968;
  • Алишер Навоий. Хазойинул-маоний. -Т.: 1959–1960;
  • Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами (20 жилдлик), 1-6 жилдлар. -Т.: 1987–1992;
  • Алишер Навоий. Асарлар. 6-10 жилдлар, -Т.: 1963–1968.
  • Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами (20 жилдлик), 7-12 жилдлар, Тошкент, 1991–1996;
  • Алишер Навоий. Хамса (Нашрга тайёрл. Р.Шамсиэв). -Т.: 1960;
  • Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин (нашрга тайёрл., насрий баён муаллифи Ғафур Ғулом). — Т.: 1956;
  • Алишер Навоий. Ҳайратул-аброр. Илмий-танқидий текст (нашр. П.Шамсиэв). -Т.: 1970;
  • Алишер Навоий. Лисонут-тайр (насрий баён муаллифи: Ш. Шариров). — Т.: 1984;
  • Алишер Навоий. Лисонут-тайр. — Т.: 1991;
  • Алишер Навоий. Насойимул-муҳаббат. МАТ. 17-жилд. -Т.: Фан, 2001;
  • Алишер Навоий. Муножот (нашрга тайёрл. С.Ғаниэва). — Т.: Шарқ, 1991;
  • Алишер Навоий. Маҳбубул-қулуб. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.13. — Т.;1967;
  • Алишер Навоий. Хамсатул-мутаҳаййирин. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.14. — Т.;1967;
  • Алишер Навоий. Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.14. — Т.;1967;
  • Алишер Навоий. Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.14. — Т.;1967;
  • Алишер Навоий. Муншаот. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.13. — Т.:1967
  • Алишер Навоий. Мажолисун-нафоис. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.12. -Т.: 1966;
  • Алишер Навоий. Муҳокаматул-луғатайн. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.14. — Т.:1967;
  • Алишер Навоий. Мезонул-авзон. Асарлар. Ўн беш томлик Т.14. — Т.:1967;
  • Алишер Навоий. Тарихи мулуки Ажам. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.14. — Т.:1967;
  • Алишер Навоий. Тарихи анбиё ва ҳукамо. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.15. — Т.:1968;
  • Алишер Навоий. Вақфия. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.13. -Т.: 1967;
  • Алишер Навоий. Девони Фоний. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.5. 1-2 китоб. — Т.:1966;
  • Алишер Навоий. Муфрадот. Асарлар. Ўн беш томлик. Т.15.- Т.:1968;

Манбалар

  1. ↑ Дабаши, Ҳамид. Тҳе Wорлд оф Персиан Литерарй Ҳуманисм. Ҳарвард Университй Пресс, 2012 — 165-бет. ИСБН 978-0-674-06759-2. „... ин ҳис (Нава'и'с) оwн поэтиc анд литерарй cапабилитиэс анд wроте ботҳ ин ҳис нативе Чагатаи Туркиш анд алсо ин Персиан, ...“ 
  2. ↑ Тҳе Охфорд Ҳисторй оф Ҳисториcал Wритинг Волуме 2: 400-1400. Охфорд Университй Пресс, 2012 — 275-бет. ИСБН 978-0-191-63693-6. „... биограпҳиэс он индивидуалс онлй стартед то аппеар ин ларгер нумберс дуринг тҳе лате фифтеэнтҳ cентурй ундер тҳе Тимурид дйнастй, суч ас Кҳвандамир'с глорифиcатион оф ҳис патрон, тҳе Тимурид поэт анд статесман Мир Али Шир Наваи“ 
  3. ↑ Нава'и, Али-Шир. Наса'эм ал-маҳабба мен шама'эм ал-фотоwwа. Туркиш Лангуаге Ассоcиатион, 1996 — 392-бет. 
  4. ↑ Валитова, А. А. (1974). „Алишер Навои“. А. М. Прохоров (рус.). Буюк Совет Энсиклопедияси. 17 (3-нашр). Москва: Совет Энсиклопедияси. 194-195-бетлар.
  5. ↑ А. М. Прохоров, муҳар. (1997). „Навои, Низамиддин Мир Алишер“ (рус.). Буюк Энсиклопедик Луғат (2-нашр). Санкт-Петербург: Буюк Рус Энсиклопедияси. 777-бет.
  6. ↑ Умидбек. „Алиҳсер Навоий Москвада хотирланди“. Озодлик Радиоси (9-феврал, 2011). Қаралди: 3-октабр, 2012.
  7. ↑ Алишер Навои, Мукаммал асарлар туплами. 3 жилд. Тошкент, 1988

Адабиётлар

  • О.Шарафиддинов. Алишер Навоий. Китобда: Танланган асарлар.-Т.: Фан,1978:
  • Я. Ғуломов. Алишер Навоийнинг даврини ўрганиш ҳақида. Китобда: „Улуғ ўзбек шоири“. -Т.:1948;
  • Бертелс Э. Э. Навоий. Опит творческой биографии. -М,Л.: 1948;
  • Ойбек. Навоийнинг таржимайи ҳоли. Китобда: „Навоий гулшани“. -Т.:1967;
  • С.Ғаниэва. Алишер Навоий. -Т.:1968;
  • В.Абдуллаэв. Навоий Самарқандда. -Т.: 1968;
  • Иззат Султон. Навоийнинг қалб дафтари. -Т.: Ғ. Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1969;
  • В. Зоҳидов. Улуғ шоир ижодининг қалби. -Т.: Ўзбекистон, 1970;
  • А.Қаюмов. Алишер Навоий (ажойиб кишилар ҳаёти). -Т.:1976;
  • С.Айний. Танланган илмий асарлар. — Т.: Фан, 1978;
  • Фитрат. Навойининг форсий шоирлиғи ва форс тилидаги асарлари тўғрисида. Танланган асарлар. 2-жилд. -Т.: 2000;
  • М.Шайхзода. Ғазал мулкининг султони. Асарлар. Олти томлик. Т.4. -Т.:1972;
  • Ҳамид Сулаймон. Алишер Навоийнинг форс тилидаги поэтик мероси тадқиқотидан. „Ўзбек тили ва адабиёти“ журн. 1965, № 5;
  • А.Рустамов. Навоийнинг бадиий маҳорати. -Т.: 1979;
  • А.Ҳайитметов. Навоий лирикаси. -Т.: 1961;
  • Ё. Ишоқов. Навоий поэтикаси. — Т.:1984;
  • М.Ҳакимов. Навоий асарлари қўлёзмаларининг тавсифи. — Т.: 1983).
  • Б. Акром. Фасоҳат мулкининг соҳибқирони. -Т.:1991;
  • З.Ҳамидов. Навоий бадиий санъатлари. — Т.: Университет, 2001;
  • Н.Бозорова. Алишер Навоий ғазалларида кўнгил образи. -Т.: 2002;
  • ]]"Инсоният ҳақида Навоийнинг фикри. — Т.: 1919;
  • Фитрат. „Фарҳоду Ширин“ достони тўғрисида. Танланган асарлар. 2-жилд. -Т.: 2000;
  • Т.Жалолов. „Хамса“ талқинлари. -Т.: 1962;
  • С.Эркинов. Алишер Навоийнинг „Фарҳоду Ширин“и ва унинг қиёсий таҳлили. — Т.: Фан, 1971;
  • А.Қаюмов. „Хайратул–аброр“ талқинлари. — Т.: 1972;
  • А.Абдуғафуров. Навоий ижодида сатира. -Т.: Фан, 1972;
  • А.Қаюмов. „Садди Искандарий“ ҳақида -Т.: 1975;
  • А. Қаюмов. „Фарҳод ва Ширин“ сирлари. — Т.: 1979;
  • „[[Назруллаэва С. Тема “Лейли и Меджнун“ в литературах народов совецкого Востока. -Т.: 1983);
  • А.Абдуғафуров. Буюк бешлик сирлари. — Т.: 1993;
  • Алишер Навоий „Хамса“сининг қўлёзмалари каталоги. (туз. Қ.Муниров, М.Ҳакимов. -Т.: 1986).
  • С.Ҳасанов. „Сабъаи сайёр“.
  • А.Эркинов. Алишер Навоий „Хамса“си талқинининг ХВ–ХХ аср манбалари. Докт. дисс. -Т.: 1998;
  • Э. Э. Бертелс. Суфизм и суфийская литература. -М.:1965;
  • З.Ҳамидов. Алишер Навоий „Лисонут–тайр“ асари тилининг лексик-стилистик хусусиятлари. Номз. дисс. -Т.: 1982;
  • И.Ҳаққулов. Тасаввуф ва шеърият. — Т.: 1991;
  • Ҳ.Кароматов. Қуръон ва ўзбек адабиёти. -Т.: Фан, 1993;
  • Н.Комилов. Тасаввуф. -Т.: 1996;
  • И.Ҳаққулов. Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти. ДДА.- Т.:1995.
  • Султонмурод Олим. Нақшбанд ва Навоий. — Т.: Ўқитувчи, 1996;
  • Р.Воҳидов. Навоий ва илоҳиёт. — Т.: 1997; 9. А.Аъзамов. Муножотнома. -Наманган: 1997, -Т.: 2001;
  • Ё. Ишоқов. Нақшбандия таълимоти ва ўзбек адабиёти. -Т.: 2002;
  • А.Рустамов. Алишер Навоийнинг „Махбубул–қулуб“ асари грамматик хусусиятлари. Номз. дисс. -Т.: 1959;
  • Бертелс Э. Э. Навоий и Джами. -М.: Наука, 1965;
  • Навоий ва адабий таъсир масалалари. — Т.: Фан, 1968;
  • А.Ҳайитметов. Адабиётимиз тарихининг ўз изоҳлари. „Шарқ юлдузи“ журн. −1971, № 12;
  • М.Қодиров. Алишер Навоий насрида келишик шакллари. Номз. дисс. — Т.: 1977;
  • Жомий ва Навоий. Тўплам. -Т.: 1981;
  • Фитрат. Аруз ҳақида. -Т.: 1936;
  • А.Саъдий. Адабиёт олими ва танқидчи сифатида Мир Алишер Навоий. „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ журн. 1938. № 11-12;
  • Ойбек. Навоийнинг „Мажолисун–нафоис“ асари ҳақида. Китобда: Асарлар. Т.9. -Т.: 1974;
  • А. Ҳайитметов. Алишер Навоийнинг адабий-танқидий қарашлари.-Т.:1959;
  • А. К. Боровков. Алишер Навоий, как основоположник узбекского литературного язика. В кн. Алишер Навоий. -М.: 1946;
  • А.Усманов. „Мухокамат ал–лугатайн“ Алишера Навоий. -Т.: 1948;
  • И.Султон. „Мезонул–авзон“ ва унинг критик тексти. Т.: 1940;
  • Ҳ.Қудратуллаэв. Навоийнинг адабий-эстетик олами. — Т.: 1991;
  • Л.Халилов. Алишер Навоий „Тарихи мулуки ажам“ асарининг текстологик тадқиқи. Номз. дисс. -Т.:1975;
  • В.Зоҳидов. Вақфия. „Шарқ юлдузи“ журн. 1974, № ;
  • М.Ҳакимов. Навоий асарлари қўлёзмаларининг тавсифи. -Т.:1983;
  • М.Ҳакимов. Навоий асарларини кўчирган хаттотлар. -Т.: 1991;
  • Фитрат. Навойининг форсий шоирлиғи ва форс тилидаги асарлари тўғрисида. Танланган асарлар. 2-жилд. -Т.: 2000;
  • М.Шайхзода. Ғазал мулкининг султони. Асарлар. Олти томлик. Т.4. -Т.:1972;
  • Ҳамид Сулаймон. Алишер Навоийнинг форс тилидаги поэтик мероси тадқиқотидан. „Ўзбек тили ва адабиёти“ журн. 1965, № 5;
  • Ҳамил Сулаймон. Алишер Навоийнинг янги топилган „Ситтаи зарурия“ асари ва унинг қўлёзма манбалари ҳақида. „Адабий мерос“, -Т.: 1968; № 1;
  • Мирзоэв. Фоний ва Ҳофизика — Душанбе: Ирфон, 1968;
  • Болтаэва. Алишер Навоийнинг „Фусули арбаа“ асарининг таҳлили. -Самарқанд: 2000; Хондамир. Макоримул-ахлоқ (М.Фахриддинов, П.Шамсиэв тарж.) -Т.: 1967;
  • Зайнуддин Маҳмуд Восифий. Бадўеул-вақоэ (Н.Норқулов тарж.) — Т:1979;
  • Давлацҳоҳ Самарқандий. Тазкиратуш-шуаро. ЎРФАШИ, инв.2119;
  • Ҳусайн Бойқаро. Девон, рисола. -Т.: 1968;
  • Бобир. Бобирнома. — Т.:1960.
  • Зоҳидов Л. Навоий асарларида муаммо жанри.

Ҳаволалар