Навоий театри, Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри – Ўзбекистоннинг опера ва балет санъати соҳасидаги асосий театри[1]. Унинг ташкил топиши Муҳиддин Қориёқубовнинг Ўзбек давлат консертетнографик ансамбли билан боғлиқ. Театр 1939-йил 11-июнда ташкил этилган.

Навоий театри
Умумий маълумот
Тури театр
Жойлашуви Тошкент шаҳар
Манзили Зарафшон кўчаси 28-уй
Шаҳар Юнусобод тумани
Мамлакат Ўзбекистон
Координаталар 41°18′33″Н 69°16′18″Э / 41.309300°Н 69.271600°Э / 41.309300; 69.271600
Қурилиши бошланган 1940-йил
Қурилиши тугаган 1947-йил
Дизайн ва конструксия
Меъмор Алексей Шчусев
Театр биносининг қишки кўриниши

Тарихи

М.Ашрафийнинг „Бўрон“ операсининг биринчи премераси 1939-йилда ўзбек мусиқали театри негизида бўлиб ўтди. Мазкур ансамбл 1929-йил Қориёқубов ва Тамарахоним саъй-ҳаракати билан Ўзбек давлат мусиқали театрига айлантирилган[2]. 1939-йил 11-июнда биринчи ўзбек операси „Бўрон“нинг премераси миллий мусиқали театр ривожига туртки бўлди. Режиссёр Эмил Юнгвалд-Хилкевич томонидан саҳналаштирилган опера томошабинлар ва танқидчилар томонидан муваффақият қозонди. Бўрон ролини Карим Зокиров ва Михаил Давидов, Наргул партиясини Ҳалима Носирова, Шаҳодат Раҳимова, Сара Самандарова ва Назира Аҳмедова, генерал-губернаторни Муҳиддин Қори-Ёқубов ижро этишди. 1939-йилда театр янги мақомга эга бўлиб, унга Давлат Ўзбек опера ва балет театри номи берилди. „Ҳалима“, „Фарҳод ва Ширин“ спектакллари халқ чолғулари жўрлигида ижро этилган. 30-йилларда „Ичкарида“, „Лайли ва Мажнун“, „Пўртана“ спектаклларида халқ чолғу асбобларига симфоник оркестр созлари қўшилиб, ўзбек операсининг яратилишига замин тайёрланган. Қозоғистонлик композитор Е. Брусиловскийнинг „ЭрТарғин“ (1937) ва Озарбайжон композитори М. Магомаевнинг „Наргиз“ (1938) операларининг саҳналаштирилиши ҳам труппани опера санъатини ўзлаштиришида муҳим рол ўйнади. 1939-йил 11-июнда биринчи ўзбек операси „Бўрон“ (С. Василенко ва М. Ашрафий мусиқаси, К. Яшин либреттоси) намойиш қилинди. 1939-йил 20-июнда театр Ўзбек давлат опера ва балет театрига айлантирилди. Театр жамоаси „Бўрон“да эришган ютуғини Р. Глиэр ва Т. Содиқовнинг „Лайли ва Мажнун“ операси билан мустаҳкамлади. 1941-йил Катта Фарғона канали қурувчиларига бағишланган „Улуғ канал“ (С. Василенко ва М. Ашрафий) операси (1940) саҳналаштирилди. „Улуғбек“ (А. Козловский), „Маҳмуд Торобий“ (О. Чишко) опералари уруш йиллари яратилди. Опера билан бир каторда ўзбек балети ҳам етилиб борди. 1933-йилда „Пахта“ (Н. Рославец) балети саҳналаштирилди, бироқ муваффақияциз чиқди. Дастлабки муваффақият Ф. Талнинг „Шохида“ (1939) балетидан бошланди. У ни А. Томский, М. Турғунбоева ва Уста Олим Комиловлар саҳналаштирдилар. Кейинчалик „Гуландом“ (Е. Брусиловский), „Оқ билак“ (С. Василенко) балетлари қўйилди. Жаҳон мумтоз репертуаридан „Кармен“ (Ж. Бизе), „Карға моткаси“ (П. Чайковский) каби опералар билан бирга „Боқчасарой фаввораси“ (Б. Асафев), „Коппелия“ (Л. Делиб) балетлари саҳналаштирилди.

Театр жамоаси 1947-йил янги бинога кўчиб ўтди ва 1948-йил Тошкент рус опера театри билан бирлашиб, Алишер Навоий номини олди. Р. Глиэр ва Т. Содиқовнинг „Гулсара“, Т. Жалилов ва бошқа Бровсиннинг „Тоҳир ва Зуҳра“ опералари, М. Левиевнинг „Сухайл ва Меҳри“, Г. Мушелнинг „Раққоса“ балетлари янги бино саҳнасида намойиш этилди. Илк бор ўзбек тилида П. Чайковскийнинг „Евгений Онегин“ операси, Л. Минкуснинг „Дон Кихот“, Р. Глиэрнинг „Қизил гул“ балетлари 40-йилларнинг охирида саҳна юзини кўрди. 50—60-йиллар театр фаолиятида кескин бурилиш ясалди, театр янги опера хонандалари ва балет артистлари билан тўлдирилди. Унга 1959-йилда „Академик“, 1966-йилда „Катта театр“ унвонлари берилди[3][4]. 1950—60 ва кейинги йилларда саҳналаштирилган асарларнинг аксарияти томошабинларга эстетик завқ бағишлай оладиган миллий услуб ва ифодавий воситалар, оҳанг ва шакллар билан бойитилди, халқ мусиқаси интонацияларидан ижодий фойдаланилди. „Дилором“, „Шоир қалби“ (М. Ашрафий), „Зайнаб ва Омон“ (Т. Содиқов, Б. Зейдман, Ю. Ражабий, Д. Зокиров), „Майсаранинг иши“ (С. Юдаков), „Ҳамза“ (С. Бобоев), „Сўғд элининг коплони“ (Икр. Акбаров), „Петр И“ (П. Петров), „Оловли фаришта“ (С. Прокофев), „Порги ва Бесс“ (Ж. Гершвин) каби опералар, „Орзу“ (Икр. Акбаров), „Олтин калитча“ (Б. Зейдман), „Севги тумори“ (М. Ашрафий), „Қирқ қиз“ (А. Фейгин), „Спартак“ (А. Хачатурян), „Кармен сюита“ (Ж. Бизе – Р. Шчедрин), „Икки дил достони“ (О. Меликов), „Маскарад“ (В. Лапутин), „Етти гўзал“ (қаранг Кораев) сингари балетлар, шунингдек, мумтоз композиторлардан Л. Делиб, М. Мусоргский, А. Бородин, Н. Римскийкорсаков, П. Чайковский, Ж. Верди, А. Ацан, Ш. Гуно,Б. Моцарт, Ж. Пуччини ва бошқаларнинг асарлари билан театр мавқеи кўтарилди. Ижрочилик санъати ҳам шу йиллар юксалди, оркестр маҳорати, хор, кордебалет маданияти ўсди, опера реж.лари, балетмейстер, хормейстер ва дирижёрлар санъатида катта ютукларга эришилди.

Театр жамоаси Россия, Ҳиндистон, Германия, Сингапур, Малайзия, Япония, Таиланд каби ўнлаб мамлакатларда бир неча бор гастролда бўлган. Ўз навбатида Навоий театри саҳнасида Америка, Европа ва Осиё мамлакатларининг етакчи яккахон хонанда, балет усталари ва дирижёрлар ўз санъатларини намойиш қилди.

Мустақиллик йилларида театр ривожини юксак даражага кўтариш, миллий опера ва балет спектакллари яратишга жиддий эътибор берилди. 1991—2003-йиллар мобайнида „Маликаи айёр“ (С.Жалил), „Умар Хайём“, „Ахмад алФарғоний“ (М. Бафоев), „Тахтга йўл“ (Н. Зокиров), „Амир Темур“ (Г. Гендел), „Буюк Темур“ (А. Икромов) опералари, „Шоирона миниатюралар“ (У. Мусаев), „Насриддиннинг қилмишлари“ (С. Юдаков), „Минг бир кеча“ (Ф.Амиров) каби балетлар саҳналаштирилди. Театр репертуаридан ўнлаб мумтоз опера ва балет асарлари ҳам ўрин олди. Театрда турли йилларда М. Ашрафий, Б.Иноятов, Ф.Шамсиддинов, Н.Голдман, Х.Шамсиддинов, Ғ.Тўлаганов, А. Абдуқаюмов, Д. Абдураҳмонова сингари дирижёрлар, З.Қобулов, М.Тожизода, М.Муҳамедов, Э.Юнгвалд—Хилкевич, А.Миролимбоева, Ф.Сафаров каби реж.лар, Тамарахоним, М.Турғунбоева, В.Губская, Г.Измайлова, Е.Барановский, П.Ёркин, М. Макарянс, И.Юсупов ва бошқа балетмейстерлар, М.Мусаев, Р.Брим, М.Гвоздиков ва бошқа рассомлар, М.Қориёқубов, Ҳ.Носирова, Б.Мирзаев, К.Зокиров, Ғ.Абдураҳмонов, А.Азимов, Н.Аҳмедова, С.Крбулова, С.Ярашев, В.Гринченко, Р. Лаут, С. Беняминов, М.Довидов, Ж.Низомхўжаев, Э.Йўлдошев, И.Жалилов, Б.Қориева, З.Давлетмуродова, В.Василев, И.Кистанов каби санъаткорлар ижод килишган. К.Муҳиддинов, М.Раззокова, Р.Латипов, Г.Ҳамроева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар О.Александрова, Г.Азизова, Д.Ёқубова, В.Геллертов, А.Шалберкин, Н.Шилова, Т.Муҳамедова, Н.Ҳасанова ва бошқа театрнинг ҳозирги кундаги етакчи опера ва балет ижрочиларидир. Театрнинг бош дирижёри – Ф.Ёқубжонов, бош балетмейстери – И. Юсупов, бош хормейстери – С.Шодмонов, бош рассом – З.Ботиров, бадиий раҳбар – А.Эргашев. Ҳозирги репертуарида 50 га яқин спектакл мавжуд.

Театр биноси

Ўзбек мусиқали театри жамоасининг ўз театр биноси бўлмаган ва барча спектакллар ХХ аср бошларида қурилган ягона кўнгилочар муассасада, собиқ театр биноси – Колизей сиркида бўлиб ўтган. 1902-йилдан 1913-йилгача Тбилисилик Г.М.Синцадзе томонидан Колизей театри ва сирк биноси миллийлаштирилди. ХХ асрнинг 30-йилларда собиқ „Колизей“ театр-сирки биносида рус ва ўзбек мусиқали театрларининг икки труппаси ишлаган[5]. Қайта қуришга қарамай, зал ва саҳна йирик классик ва миллий спектаклларни саҳналаштириш учун мос эмас эди. Янги театр биносини қуриш зарурати туғилди ва театр биноси қуриш бўйича энг яхши лойиҳа учун давлат танлови эълон қилинди. Лойиҳалар матбуотда эълон қилиниб, жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинди. 1934-йилда танлов натижаларига кўра, Қизил майдондаги мақбара лойиҳаси муаллифи, шунингдек, Москвадаги бошқа тузилмалар учун лойиҳалар муаллифи академик Алексей Шчусевнинг лойиҳаси ғолиб бўлди[6][7]. Бинонинг пойдевори қурилиши 1940-йил 1-сентябрда бўлиб ўтди, 1942-йилда уруш даври билан боғлиқ қийинчиликлар туфайли иш тўхтатилди. 1943-йилда қурилиш қайта тикланди. 1943-йил октябр ойидан бошлаб театр биноси қурилишида совет корейслари сафарбар қилинди. 1945-йил ноябр ойида Тошкентга сургун қилинган Квантун армиясидан япон ҳарбий асирлари театр қурилишининг якуний босқичида қатнашдилар. Театрнинг очилиши 1947-йилда Октябр инқилобининг 30 йиллигида бўлиб ўтди[8].

Театр биноси 1947-йилда қуриб битказилган (меъмор А.Шчусев лойиҳаси асосида). Бино безагида Т.Арслонқулов, А.Болтаев, Қ.Жалилов, С.Норқўзиев, Уста Ширин Муродов, Жалил ва Болта Жўраевлар (Давлат мукофоти, 1948) ва бошқалар қатнашган. Бино тарзи ва интерерини безашда миллий меъморлик анъаналаридан фойдаланилган. Деворларида Ч.Аҳмаров (Давлат – мукофоти, 1948) нинг А. Навоий асарларига ишлаган миниатюралари акс этган. Бино тарзлари пешайвон шаклида равоқлар (3 олд, 2 ён томонларидаги равоқлар 9 та) қаторидан иборат. Фое, томоша зали, саҳна ва бошқа 3 қаватга жойлашган. Безакларида Бухоро меъморлик мактабининг ганчкори безаклари; тошкентлик усталарнинг намоён ва равоқлари, гулдаста безаклари; хивалик усталарнинг ганчкори, мармар, нақш, ёғоч ўймакорлигидаги ўзига хос услублари; самарқандлик усталарнинг бўртма, муқарнасли жозибадор лавҳалари, фарғоналик усталарнинг ўсимликсимон безаклари; термизлик усталарнинг унутилиб кетган майда давра ва жингалак тасвирли ўймаси янгидан жонлантирилган. Бинонинг пастки залидаги деворий расмларда мусиқа, рақс шеърият ва рассомликни ифодаловчи мажозий образлар (гўзал аёллар) тасвирланган. Ў.Тансиқбоев, М.Аринин, К.Чепраков ва бошқа бино фоеларида қўшимча деворий расмлар ишлаганлар. Томоша зали 760 ўринли[9].

Галерея

Адабиётлар

  • Полупанов С., Яралов Ю.. Ташкент. М.: издательство Академии архитектуры СССР, 1949. 
  • Пеккер Я. Б.. Узбекская опера. М.: Музгиз, 1963. 
  • Корсакова А. Ф.. Узбекский оперный театр: Очерк истории. Ташкент: Гослитиздат УзССР, 1961. 
  • Афанасьев К.Н.. А. В. Щусев. М.: Стройиздат, 1978. 
  • Всеобщая история архитектуры: Архитектура СССР. Изд-во Академии архитектуры СССР, 1975 — 395-бет. 

Манбалар

  1. ↑ „Государственный Академический Большой театр имени Алишера Навои“ (эн). www.габт.уз. 2020-йил 22-октябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2017-йил 27-октябр.
  2. ↑ „Большой Театр Оперы и Балета им. Алишера Навои“. 2019-йил 2-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 7-март.
  3. ↑ „Ташкент тҳеатрес ин Узбекистан: Ҳисторй оф тҳеатрес, репретоире, фамоус плайс“ (эн). www.адвантоур.cом. Қаралди: 2017-йил 27-октябр.
  4. ↑ „Ҳисторй оф тҳе тҳеатре“ (эн). габт.уз. 2020-йил 11-декабрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2017-йил 27-октябр.
  5. ↑ „На арене "Колизея". Из истории узбекского цирка“ (деадлинк). 2015-йил 29-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 7-март.
  6. ↑ „Государственный Академический Большой Театр имени Алишера Навои“. 2021-йил 26-январда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 7-март.
  7. ↑ „Самые известные работы архитектора Щусева в Москве: от храмов до метро“. 2016-йил 16-декабрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 7-март.
  8. ↑ Хан В. С., Сим Хон Ёнг. Корейцы Центральной Азии: прошлое и настоящее. — М.: МБА, 2014. — С. 95.
  9. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил