Oʻtkir tonzillit
Ўткир тонзиллит (ангина — лотинча ангина — бўғилиш) — танглай муртак безларининг яллигланиши билан кечадиган ўткир инфексион касаллик. Кўпроқ стрептококк, стафилококк ва бошқа микроблар қўзғатади. Улар ҳалқумга аксари ўткир тонзиллит бўлган бемор фойдаланган уй-рўзғор буюмлари (масалан, ювилмаган идиш-товоқ ва бошқалар) дан тушади. Кўпинча ҳалқумда бўладиган ва одатда касаллик қўзғатмайдиган микроблар айрим нохуш омиллар таъсирида, масалан, киши совуқ қотганда ёки ҳарорат ўзгарганда касаллик қўзғатиши мумкин. Баъзан оёқдан совуқ ўтиши, музқаймоқ ейиш, совуқ сув ичиш, муздек сувда чўмилиш ва бошқа ҳолларда ўткир тонзиллит билан оғришга сабаб бўлади. Ҳалқумга мунтазам тушиб турадиган тутун, чанг, спиртли ичимликлар, шунингдек бурун орқали нафас олишни қийинлаштирадиган аденоидлар ва бурун-ҳалқумнинг бошқа касалликлари ўткир тонзиллитга сабаб бўлиши мумкин. Бурун ва ёндош бўшлиқларининг яллиғланиши (масалан, гайморит), шунингдек оғиз бўшлиғидаги йирингли яллиғланишлар (чириган тишлар) ҳам ўткир тонзиллитга сабаб бўлади. Касаллик тўсатдан бошланади. Беморда мадорсизлик, бош оғриғи, томоқ қақраб оғриши, ачишиши, ютинганда оғриқ кузатилади. Ҳарорат кўтарилади (38—41°), муртак безлари қизариб, улар юзасида йирингли караш пайдо бўлади. Ўткир тонзиллит билан тез-тез оғриш натижасида муртак безлари сурункали яллиғланадиган бўлиб қолади. Ўткир тонзиллитнинг катарал, фолликуляр, йирингли ва бошқа хиллари фарқ қилинади. Маҳаллий (перитонзилляр абссесс, ўрта қулоқнинг ўткир яллиғланиши) ва умумий (бўғимлар, юрак, буйракнинг зарарланиши) асоратлар қолдириши мумкин. Шифокор кўрсатмаларини бекаму-кўст бажариш тез соғайиб кетишга имкон беради ва асоратлар авж олишига йўл қўймайди. Тонзиллит тез-тез такрорланганда, кўпинча йилига камида беш марта тонзиллит ҳодисалари ёки танглай бодомсимон безлари шишиб кетганда, ютиш қийин ва оғриқли бўлса, бодомсимон безларни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш учун тонзиллектомия қилиш мумкин[1]. Тез-тез тонзиллит билан оғриган катталарда тонзиллектомия ва тиббий даволаниш (антибиотиклар ва оғриқ қолдирувчи воситалар) бўйича назорат остида ўтказилган тадқиқот тонзиллектомия янада самарали ва иқтисодий жиҳатдан ҳам қулай эканлиги аниқлади. Касаликда сувсизланиш ва ютиш қийинлиги туфайли буйрак етишмовчилиги, яллиғланиш туфайли ҳаво йўлларига инфексиянинг тиқилиб қолиши ва инфексиянинг тарқалиши туфайли фарингитни ҳам келтириб чиқариши ҳам мумкин[2][3][4][5]. Камдан кам ҳолларда инфексия бодомсимон бездан ташқарига тарқалиши мумкин, натижада ички бўйин венанинг яллиғланиши ва инфексияси кенг тарқалган юқумли касаликкларга олиб келади. Тонзиллит бутун дунёда ирқий ёки этник фарқларсиз учрайди[6]. Кўпгина болалар болалигида камида бир марта тонзиллитга дучор бўладилар[7]. Бу камдан-кам ҳолларда икки ёшга тўлмаган болаларда учрайди[6]. Тез-тез такрорланадиган тонзиллит овоз функсиясига таъсир қилиб овозларини профессионал равишда ишлатадиган одамлар орасида ишлаш қобилиятига ноқулайлик бериши мумкин[8][9].
| Ўткир тонзиллит | |
|---|---|
|
Бодомсимон безларнинг ўткир тонзиллитда зарарланиши | |
| КХК-10 | Ж03.0 |
| КХК-9 | 034.0 |
| МедлинеПлус | 000639 |
| эМедиcине | мед/1811 |

Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
Манбалар
- ↑ "Тонсиллитис". БМЖ Cлин Эвид 2014. Жулй 2014. ПМИД 25051184. ПМC 4106232. //www.пубмедcентрал.ниҳ.гов/артиcлерендер.фcги?тоол=пмcентрез&артид=4106232.
- ↑ Wетморе 2007, пп. 756-57.
- ↑ Тҳума 2001, п. ???
- ↑ Симон 2005, п. ????
- ↑ МедлинеПлус Энcйcлопедиа: Тонсиллитис
- ↑ 6,0 6,1 Соммерс 2015, п. 1078.
- ↑ Соммерс 2015, п. 1077.
- ↑ Саталофф & Ҳаwкшаw 2019.
- ↑ Стаделман-Cоҳен 2019, пп. 30-52.
[МЕД24 Ангина — касаллик белгилари, диагностика ва даволаш.]