Ангрен грес, Ангрен иссиқлик электр стансияси — Ўзбекистон энергетика тизимидаги йирик иншоот. Ангрен шаҳри яқинида 1957-1963 йилларда қурилган. Стансияда ҳар бирининг қуввати 60,5 МВт бўлган 8 турбоагрегат бор. Ўрнатилган қуввати 484 МВт. Асосий ёқилғиси — Ангрен кўмир конидан қазиб олинадиган қўнғир кўмир. ГРЕС Оҳангарон дарёсидан сув билан таъминланади, Олмалиқ — Оҳангарон саноат зонасига ҳамда Тошкент вилоятидаги хўжаликлар ва саноат корхоналарига электр энергияси етказиб беради. Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг жанубидаги вилоятларини бирлаштирган Ўрта Осиё Бирлашган энергетика системасига уланган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил