Antropologiya
Антропология — (антропо ва логикноw) — одамнинг келиб чиқиши ва эволюцияси, одамзод ирқларининг пайдо бўлиши, одамнинг тана тузилишидаги нормал фарқ-тафовут, ўзгарувчанлик ҳақидаги фан. Антропология ижтимоий фанларга жуда яқин турадиган биология соҳасидир. Антропологияга доир фикрлар бундан бир неча минг йил илгари пайдо бўлганига қарамай, у фан сифатида фақат ХИХ асрнинг 2-ярмидан шакллана бошлади. Антропологиянинг муҳим соҳаси — одам организмининг тузилиши ва ривожланишига таъсир қиладиган физиологик, биокимёвий ва генетик омилларни ўрганадиган бўлими — „Одам биологияси“ деган умумий ном билан ХХ аср ўрталаридан бошлаб ривожланди. Одамнинг пайдо бўлишида фақат табиат оламининг қонуниятларигина эмас, балки ижтимоий омиллар ҳам муҳим рол ўйнаган. Одам пайдо бўлгандан ҳозирги ҳолатигача унинг бутун ҳаёти ижтимоий жамиятнинг ривожланиш қонунияти билан чамбарчас боғланган. Антропологиянинг фан бўлиб ривожланишида табиат ва жамият тўғрисидаги фанлар ижобий рол ўйнади. Замонавий фан нуқтаи назаридан айтганда, Антропология қуйидаги учта катта бўлимдан иборат: 1) одам морфологияси; 2) антропогенез; 3) ирқшунослик (этник Антропология)- Морфология одамнинг жисмоний тузилишидаги белгиларнинг ёш, жинс, касб ва ташқи шароитга қараб ўзгаришини тушунтириб беради. Ирқшунослик одамзод ирқларининг келиб чиқиш даври ва сабабларини, уларнинг Ер юзига тарқалишини изоҳлаб, этногенез муаммоларини ечишга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Антропология ўзининг турлича текшириш усулларига (антропометрия, остеометрия, краниометрия) ва кўп хил асбобларига эга. Антропология биология фанининг фақат назарий соҳаси бўлибгина қолмай, амалий аҳамиятга эга бўлган соҳаси ҳамдир. Унинг далилларидан кўп соҳаларда, жумладан тиббиётнинг ҳар хил соҳаларида (мас.одамнинг жисмоний ўсишини ўрганишда), шунингдек суд экспертизасида фойдаланилади. Туркистон ўзининг географик ўрнига кўра узоқ ўтмишда мураккаб ирқий ва этник жараёнларни бошидан кечирган, шунингдек қўшни халқларнинг ҳам тарихий тақдирларини белгилаб беришда катта рол ўйнаган. Бу ўлка, хусусан Ўзбекистон халқларини антропологик жиҳатдан ўрганиш 20-йилларда ривожланди. Бу ишда Ўрта Осиё давлат университети антропология кафедраси асосчиси ва доимий раҳбари Л. В. Ошаниннинг хизмати катта бўлди. Унинг раҳбарлигида Туркистон бўйлаб 29 антропологик экспедисиялар уюштирилди. Л. В. Ошанин ва унинг шогирдлари (В. Я. Зезенкова, Қ. Н. Нажимов)нинг саъй-ҳаракатлари натижасида Туркистон антропологик жиҳатидан 3 вилоятга ажратилди. Амударё ва Сирдарё оралиғида яшовчи ўзбеклар ва тожиклар ер юзидаги мавжуд уч ирқнинг (европеоид, негроид ва монголоид) бири — европеоид ирқининг „Ўрта Осиё икки дарё оралиғи типи“га мансуб деб топилди. Москвалик антрополог А. И. Ярхо бу ирқни „Помир-Фарғона типи“ деб атади. Фарғона водийсидаги Селунғур ва Сурхондарёдаги Тешиктош ғорларидан топилган қадимги аждодларимиз қолдиқлари туфайли Ўзбекистон Африка ва Олд Осиё ҳудудлари билан бир қаторда, ҳозирги замон одамларининг пайдо бўлиши жараёни юз берган ҳудудлар таркибига киритилди ва бу хулоса фанда узил-кесил исботланган. Ўзбек халқига хос „Ўрта Осиё икки дарё оралиғи типи“нинг шаклланиш даври, макони ва тарихи масалаларида фанда яқингача ягона фикр йўқ эди. Бир гуруҳ олимлар бу ирқий тип бундан 6 — 8 минг йил илгари шаклланди деса, бошқа бир гуруҳ мутахассислар бу воқеа бундан 3 минг йил илгари содир бўлди дейишди. Учинчи гуруҳ олимлари эса уни ХВИ асрда шаклланди деб ҳисоблар эдилар. Ўзбек антропологлари (Т. Хўжаёв)нинг узоқ йиллик изланишлари натижасида, жуда бой антропологик материаллар асосида бу тип бундан 2200 — 2300-йил илгари шакллана бошлаганлигини исботладилар.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Ад.: Ошанин Л. В., Антропологиче-ский состав населения Средней Азии и этногенез её народов, ч. 1 — 3, Ереван, 1957 — 59 (Труди Среднеаз. Гос. университета, Нов. сер, вип. 96 — 98; Исторические науки кн. 16 — 18);
- Хўжаёв Т. К,., Хўжаёва Г. К,., Ўзбек халқининг антропологияси ва этник тарихи, Т., 1995; Ма-териали к этнической истории населения Средней Азии, Т., 1986.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |