Апелляция (лотинча: аппеллатио – мурожаат қилиш; шикоят қилиш; норозилик билдириш) – суд ҳукми устидан шикоят аризаси беришнинг бир шакли. Апелляция Франсия жиноят-процессуал кодексига (1808-йил), жаҳоннинг бошқа кўпчилик давлатлари жиноят-процессуал қонунларига киритилган. Ўзбекистон Республикасида 1994-йил 22-сентабрда қабул қилинган ва 1995-йил 1-апрелдан амалга киритилган Жиноят-процессуал кодексида ушбу тартиб кўрсатилмаган, аммо апелляция тартибида иш кўришнинг айрим аниқ масалаларига оид қисмлари янги жиноят-процессуал кодексининг 490-моддасида назарда тутилган қоидага кўра, апелляция кассация инстансиясида иш кўрадиган судда қўлланади. Суд ҳукми устидан апелляция тартибида шикоят бериш йўл қўйилган давлатларнинг жиноят-процессуал қонунида апелляция тушунчаси 2-босқич судида жиноят ишини мазмунан ҳал қилиш учун янгидан кўриш мумкинлигини билдиради. апелляция суди (2-босқич суди) ҳукмнинг қонунийлиги ва асослигини фақат шикоят (протест)да кўрсатилган ҳолатлар бўйича текширади. Апелляция суди ишдаги ёзма материалларга таяниб, ўз қарорини қабул қилади. Бу судда 1-инстансия судида сўроқ қилинган гувохлар такроран сўроқ қилинмайди, далилларни бевосита ва оғзаки текшириш, суд ишларини юритишдаги тортишув, маҳкумни ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш ва ишни узоқ муддат давомида кўришдек ҳолатлар чегараланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил