Арақи — ме’морий безак; биноларни безашда ишлатиладиган ҳандасий нақш. Ишланиши жиҳатидан муқарнас, шарафани эслатади. Чизмасининг соддалиги, кам қатламлиги ва қатламларни боғловчи ҳандасий шаклларнинг ётиқ, қия ўйилиши (елпиғичсимон бўлиши) билан улардан фарқ қилади. Шарқ, жумладан, Ўзбекистон ме’морлигида кенг қўлланади. 5, 6, 7, 8 ва ундан ортиқ бурчакли юлдузлари бўлиши мумкин. Муқарнас каби ярим айлана, айланали жойлар – токча, тахмон ва эшик тепаларига, шарафа сингари текис девор ёки тахтага ёнма-ён такрорланиб, давом эттириб ишланади. Арақи ганч ва ёғоч ўймакорлигида кенг тарқалган. Масалан, Уста Ширин Муродов безаган Тошкент куранти карнизи (1947). Ҳозир ёғочга ўйиб ёки бўяб ишланадиган арақининг содда тури кенг қўлланади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил