Archazor
Арчазор, арчазор ўрмонлар – асосан, арча дарахтидан ташкил топган ўрмонлар. Арчазорлар 600 – 700 йил (айримлари 2000-йилгача) яшайди, тоғларда сув тўплаш, тупроқ эрозияси олдини олиш, сел тошқинларини бартараф этиш каби муҳим вазифаларни бажаради. Асосан Ер юзининг Шимолий ярим шаридаги тоғли ҳудудларда – Ўрта Америка, Осиё ва Африкада ўсади. Ўрта Осиё, Қрим, Олтой-Саян, Узоқ Шарқдаги тоғларда 700 мингга майдонни эгаллайди, унинг 665 мингга дан кўпроғи (93,5%) Марказий Осиё давлатларида жойлашган. Ўзбекистон давлат ўрмон фонди ҳисобида 190 мингга яқин арчазор бор (1999). Ўзбекистонда асосан, Тяншан, Туркистон, Чатқол, Ҳисор тоғларида катта-катта арчазорлар мавжуд. Улар сийрак ва маҳсулдорлиги кам арчазорга киради (қалинлиги 0,3 – 0,5), аммо шунга қарамай жуда катта табиий ва иқтисодий аҳамиятга эга арчазор 800 – 3100 метр баландликда тоғ ён бағирларида жойлашган ва уч минтақага бўлинади: тоғларнинг пастки қисмида (800-2000 метр баландликда) қора арча ёки Зарафшон арчаси, ўрта қисмида (1400-2500 метр) совур арча, юқори қисмида (2500—3100 метр) ўрик арча ёки Туркистон арчаси ўсади. Тоғларнинг энг юқори қисмидаги арчалар сийрак, бўйи паст, танаси қийшиқ, сершох бўлиб, кўпинча ер бағирлаб ўсади. Энг яхши арчазор унумдор, сернам, тупроқли, ясси тоғён бағирларида учрайди ва уларнинг йиллик фитомаҳсулдорлиги 220 т/га ни ташкил этади. Илгари арчазор муҳофаза қилинмаганлиги ва улардан қурилиш материали ҳамда ўтин сифатида аёвсиз фойдаланиш натижасида арчазор майдонлари камайиб, арчалари сийраклашиб кетган. ХХ асрнинг 50-йилларидан бошлаб Ўзбекистонда уларни табиий равишда қайта тиклаш ва экма арчазорни барпо қилиш ишлари бошланди ва Ўрта Осиё (ҳозирги Ўзбекистон) Ўрмончилик илмий тадқиқот институтида унинг илмий асослари ишлаб чиқилди (У. Н. Ниғматов, Е. В. Михайлова, В. М. Сахацкий, Ё. Ю. Мусаев). Ўрмончилик хўжаликлари арчазорни қўриқлаш, парваришлаш, табиий ва сунъий йўллар орқали кўпайтириш ишлари билан шуғулланади (қаранг Ўрмон хўжалиги).Абдухалил Қайимов, Анвар Тагиров.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |