Тиселиус Арне Вилгелм Каурин (1902-йил, 8-октябр, Стокголм — 1971. 29.10, Упсала) — швед биокимёгари. Швеция Қироллик Фанлар академияси аъзоси (1939-йилдан). Упсала университети профессор (1938-йилдан), Биокимё институти директори (1951-йилдан). Табиий фанлар соҳасидаги тадқиқотлар бўйича Швеция давлат кенгаши раиси (1946—50). Асосий илмий ишлари адсорбсия ва электрофорез тадқиқотларига оид. Адсорбсион хроматография усулини кашф этган (1931 — 35) ва ундан фойдаланиб, таркибида аминокислоталар, пептидлар, углеводлар бўлган аралашмаларни сифат ва миқдор жиҳатдан таҳлил қилган. Иммуноэлектрофорез усули билан қон нормал зардобининг оқсил тузилишини ўрганишга асос солган. Кимё бўйича Нобел қўмитаси президенти (1960—71). Нобел мукофоти лауреати (1948)[1][2].

Манбалар

  1. ↑ Нобел мукофоти совриндорлари
  2. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил