Qon bosimi

Қон босими — томирларда оқаётган қоннинг шу томирлар деворига кўрсатадиган босими (кучи). Юрак иши ва томирлар деворининг қаршилиги туфайли вужудга келади. Артериялар ичида — артериал, капиллярлар ичида — капилляр ва веналар ичида — веноз босим бўлади. Қон босими қоннинг томирлар системаси бўйлаб оқишига имкон беради ва шу билан организм тўқималарида моддалар алмашинувини таъминлайди. Артериал босимнинг (АБ) юқори ёки паст бўлиши, асосан, юрак қисқаришларининг кучи ва юракнинг ҳар қисқарганда томирларга ҳайдайдиган қон миқдори, томирлар (айниқса, периферик томирлар) деворининг қон оқимига кўрсатадиган қаршилиги ва камроқ даражада вақт бирлигида юрак қисқаришларининг сони билан белгиланади. Айланиб юрадиган (сиркуляция қиладиган) қон миқдори, унинг ёпишқоқлиги, босимининг нафас олишга боғлиқ бўлган қорин ва кўкрак қафаси бўшлиғидаги ўзгаришлари ва бошқа омиллар ҳам артериал босимнинг юқори ёки паст бўлишига таъсир кўрсатади. Юракнинг чап қоринчаси қисқарганда (систола) АБ максимал даражага етади. Бу жараёнда юракдан 70 мл қон отиб чиқарилади, бу миқдор қон бирданига майда қон томирлари (айниқса, капиллярлар) орқали ўтиб кетолмайди. Шунинг учун эластик аорта кенгаяди, ундаги босим (систолик босим) эса ортади. Артерия, вена ва капиллярларда қон босими турлича бўлади. Юракдан узоқлашган сари Қон босими пасайиб боради (аортада анча юқори, капиллярларда бирмунча паст, веналарда анча паст бўлади). Катта одамда нормал артериал босим 100–140 мм симоб устуни (систолик босим) га ва 70–80 мм симоб устуни (диастолик босим) га тенг . Бу босимлар фарқи пулс босими дейилади. Организмдаги бирор-бир иллат туфайли Қон босими ушбу кўрсаткичдан кўтарилиши ёки пасайиши мумкин. Юрак қоринчаларининг қисқаришлари орасидаги пауза (диастола) вақтида кенгайган қон томирлари (аорта ва йирик артериялар) нинг девори қисқара бошлайди ва қонни капиллярларга ҳайдайди. Қон босими аста-секин пасаяди ва диастола охирида минимал даражага тушади (аортада 90 мм симоб устуни, йирик артерияларда 70 мм симоб устуни атрофида бўлади)[1].
Манбалар
- ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Қон босими“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Қ-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |