Автопилот (авто ва франс. Пилоте – учувчи) – учиш аппаратлари (самолёт, вертолёт, снаряд ва бошқалар)ни автоматик тарзда (учувчи иштирокисиз) бошқариш механизми. Автопилот схемасини К.Э.Сиолковский тузган (1898). Парижда 1914-йили ўтказилган Халқаро кўргазмада автопилот бошқарган самолёт биринчи марта намойиш қилинган. Дастлаб, автопилот самолёт рулларини учувчи иштирокисиз бошқариш учунгина хизмат қилди. Кейинчалик автопилот такомиллаштирилиб самолётнинг белгиланган учиш режимини бирдек тутиб турадиган ёки учиш режимини йўналиш, оғиш ва баландликка қараб ўзгартирадиган пухта тизим яратилди. Автопилотнинг янада такомиллаштирилиши натижасида самолёт рулларини ва двигателларини бошқаришни автоматлаштирувчи тизим барпо қилинди. Бундай автопилотлар самолётни экипажсиз учириш ва уни радио орқали бошқаришга имкон беради. Автопилот ракеталар ва самолёт, снарядларга, ернинг сун’ий йўлдошлари ва бошқаларга ҳам ўрнатилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил