Axloq
Ахлоқ – кишиларнинг бир-бирларига, оилага, жамиятга бўлган муносабатларида намоён бўладиган хатти-ҳаракатлари, хулқ-атворлари, одоблари мажмуи. Ҳуқуқдан фарқли равишда ахлоқ талабларини бажариш-бажармаслик маънавий таъсир кўрсатиш шакллари (жамоатчилик томонидан баҳо бериш, қилинган ишни маъқуллаш ёки қоралаш) билан белгиланади. Ахлоқни этика фани ўрганади[1].
Инсоният тараққиётида ахлоқ муҳим ўрин тутади. Шарқнинг буюк мутафаккирлари инсонни ахлоқий камол топтириш, уни ҳар томонлама ривожлантириш, маънавий қиёфасини шакллантириш жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бири, деб қарашган. Инсон ахлоқий, умуман маънавий ва маърифий жиҳатдан камол топиши жараёнида турли тарихий босқичлардан – жоҳиллик, нодонликдан илмга, ёвузликдан эзгуликка, ваҳшийликдан инсонийликка ўтаркан, жамият ҳам шу тариқа ривожланади. Икки муқобил ибтидо – ёвузлик ва эзгулик, жаҳолат ва камолатнинг ўзаро кураши инсон ва жамият тараққиётини белгилаган, инсон ақл-заковат соҳиби сифатида ўзини англашига олиб келган. Бу икки муқобил куч кураши жамиятдаги мавжуд ижтимоий муносабатларда ифодаланса, инсонга нисбатан унинг ички оламига хос нафс билан қалб, ақл билан ақлсизлик ўртасидаги курашда ифодаланади. Ахлоқ муайян жамият ва даврда ўзгаришларга учраши, ривожланиши, сўниши мумкин. Ҳар бир халқнинг ёки миллатнинг ўзига хос ахлоқи билан бир қаторда, умумбашарий ахлоқ меъёрлари ҳам бор. Бундай ахлоқ меъёрлари жамиятнинг умумий тараққиётига самарали таъсир кўрсатади.
Ахлоқ ва дин
Ахлоқнинг шаклланишида ва унинг ижтимоий ўрнида диннинг аҳамияти катта. Диннинг асосий мақсадларидан бири, инсонга ёмонликнинг зарарларини баён қилиш ҳамда ёмон йўлга кириб кетганларни тўғри йўлга даъват этишдир. Динларда тўғри йўлга чорлаш, умуман яхшилик ва ёмонлик тушунчаси турлича бўлиши, ҳатто бир-бирига зид келиши мумкин. Зардуштийликнинг муқаддас китоби Авестода яхшилик ва эзгулик худоси Аҳурамазда билан ёмонлик ва ёвузлик худоси Ахраманю ўртасидаги кураш абадий давом этади, ахлоқ бу курашнинг ифодасидир, деган ғоя илгари сурилади. Христианлик, яҳудийлик ва бошқа динларда ҳам яхшилик ва ёмонликнинг ўз ифодаси бор. Исломда, унинг муқаддас китоби Қур’они Каримда ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган. Қур’они Карим бажаришга буюрган яхши хулқларга инсонлар амал қилишса, ўзлари учун катта бахтга сазовор бўладилар. Қур’они Каримда тўғри йўлга юришлик истиқомат (ўзини ўзи ислоҳ қилиш) тушунчасида ифодаланган. Қур’онда истиқоматда бўлганларга, яъни ўз-ўзини ислоҳ қилганларга катта ваъдалар берилган: „Ким бундай жабр-у зулмидан кейин тавба қилиб, ўзини тузаца, албатта, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилар“ („Моида“ сураси, 39-оят). Истиқомат гуноҳ ишларни қилиб қўйганлар учун қалбини поклаш сари умид туғдиради ва уларни ноумидликдан қутқариб янги саодатли ҳаётга чорлайди. Исломда олийжаноб ахлоқнинг энг муҳим тушунчалари таърифланиб, инсониятни уларга амал қилиш сари ундалади. Булар – эҳсон (яхшилик қилиш), кечиримли бўлиш, сабр-қаноат, ростгўйлик, ширинсўзлик, ота-онани, ўзидан катта ёшлиларни ҳурмат қилиш, ор-номус, садоқат ва бошқалардир. Айни вақтда ёмон хулқ-атвор тушунчаларининг моҳияти ҳам кўрсатилиб, улардан сақланишга ундалади. Булар – бахиллик, ҳасад, тама, ёлғончилик, такаббурлик (кибр-у ҳаво), ғийбат, зинодир. Шу тарзда инсониятнинг бутун амалий фаолияти яхшилик ва ёмонликка ажратилади. Мусулмонлар бир-бирларини яхшилик ва олийжаноб ахлоққа чақиришлари, ножўя ишлардан қайтаришлари Аллоҳ тарафидан фарз қилинган. Ислом ахлоқининг асосида ҳалоллик ва тақво ётади. Кимки жисмоний ва маънавий пок, тақводор бўлса, ундай кимса ахлоқсизлик йўлига кирмайди. Исломга амал қиладиган халқлар ахлоқи, баъзи бир жиҳатлари билан фарқлансада, шу дин туфайли умумийлик бор. Бу умумийлик шарқ ахлоқи деган ном билан бирлашган. Шарқ ахлоқи Қур’он ва ҳадисдан ташқари жуда кўплаб мутафаккирлар, файласуф, шоирлар
Адабиётлар
- М. Очилова.пдф Ахлоқ фалсафаси – Б. М. Очилова, Жиззах ДПИ, 2019[сайт ишламайди]
- Ахлоқ фалсафаси ва эстетика – Абдулла Шер, ССУВ, 2022
- Амалий этика ва эстетика – Ўқув қўлланма, СcиэнcеWеб, 2022 (Wайбаcк Мачине сайтида 2025-11-07 санасида архивланган)
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
Манбалар
- ↑ Б. М. Очилова. Ахлоқ фалсафаси” (2019) — 7-10-бет. Қаралди: 9-июл 2025-йил.
| Викииқтибосда Ахлоқга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |