Bahouddin Naqshband yodgorlik majmuasi
| Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси | |
|---|---|
| Муқобил номлари |
Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси |
| Умумий маълумот | |
| Мақоми | Тарихий обида |
| Тури | мажмуа |
| Шаҳар | Бухоро |
| Мамлакат | Ўзбекистон |
| Қурилиши бошланган | ХВИ аср |
| Техник ҳолати | |
| Материал | пишган ғишт, ёғоч, ганч |
| Қаватлар сони | 1 |
Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси — шайх Баҳоуддин Нақшбанд мозори ёнидаги ҳазира — ансамбл (Бухоро вилояти, ХВИ аср). Бухоро вилояти Когон тумани Қасри Орифон қишлоғидаги меъморий ёдгорлик. Ушбу меъморий ёдгорликка Бухоро хони шайбоний Абдулазизхон томонидан 1544-йилда асос солинган[1]. Баҳоуддин мажмуаси дахмалар (Дахмаи шоҳон ва Баҳоуддин дахмаси), мақбара, 2 масжид, сақохона, ҳовуз, қудуқ, минора, мадраса ва Абдулазизхон хонақоҳидан иборат. Баҳоуддин Нақшбанд Бухородаги етти пирларнинг еттинчи вакили ҳисобланади.
Тарихи
Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси Бухоро шаҳрининг шимоли-шарқида 10 км узоқликда жойлашган бўлиб, кўп асрлар давомида шаклланган. Мазкур мажмуа дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд вафот этганидан сўнг пайдо бўлган. Шўролар даврида бу ерда мозорни зиёрат қилиш ман қилинган. Баҳоуддин Нқашбанднинг тўлиқ исми Баҳоуддин Муҳаммад ибн Бурҳониддин Муҳаммад ал-Бухорий бўлиб, 1318 —1389-йилларда яшаган. У „Шоҳи Нақшбанд“ ва „Хожайи Бузрук“ каби номлар билан машҳур бўлган. Баҳоуддин Нақшбанд еттинчи пир сифатида танилган[2]. Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси кичик гумбазли чортоқ дарвозахонадан бошланади. 2003-йил „Боби Ислом“ яъни Ислом дарвозасида хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан сулс хатида „Раъд“ сурасининг 28 ояти битилган[2]. Дарвозанинг муқарнас қисмида настаълиқ хатида усталарнинг исмлари ва иморат қурилган йил ёзиб қолдирилган[3]. Мажмуадаги чиллахона дарвозасига настаълиқ хатига рубоий ёзиб қўйилган[4]. Мажмуадаги мозор Абдулазизхон буйруғи билан тартибга солиниб, ҳазира барпо этилган. 1544—1545-йилларда мажмуанинг энг катта биноси — хонақоҳ қурилган. Хонақоҳ ҳужраларида эса унда настаълиқ хатида шеърлар ёзиб қолдирилган[5]. Ёдгорлик мажмуасида минора бўлиб, унда настаълиқ хатида 1885-йил деб битилган[6]. Дарвозадан ўтгач, ўнгда кичкина масжид, чап томонда зиёратчилар учун турли бинолар бўлганлиги маълум. Йўл давомида чапда хонлар мозори — Дахмаи шоҳон жойлашган. Дахмаи шоҳон тўғри тўртбурчак тарҳли, баландлиги 2.5 м, усти кулранг мармар билан қопланган. Унда мармар ўймакорлиги, хаттотлик санъатининг ажойиб намуналари мавжуд. Мармарларга токчалар, устунчалар, шарафалар, сарв сурати ва бошқа безаклар ўйилган; нақшлар баъзида ёзувлар билан аралаш учрайди. Дахмаи шоҳондан ўтган йўлак нафис безатилган пештоққа олиб келади (пештоқнинг икки табақали эшигига „бағдоди“ ва „гули нав“ усулида нақшлар ўйилган). Пештоқнинг эшигидан ўтилгач, ўнгда гумбазли мақбара бор (унга ким дафн қилинганлиги номаълум). Чапда — кираверишда 6 устунли (соддагина), олди айвонли Музаффархон масжиди жойлашган. Масжид ёнига 2 устунли Ҳаким қушбеги масжиди тушган (масжид меҳробида ажойиб мужассамотли намоён бор). Унинг жанубида нақшдор, шимолида нақшсиз айвонлар бор. Баҳоуддин дахмаси мармар қопланган каттагина мурабба тарҳли супа бўлиб, атрофи чиройли мармар панжара билан ўралган. Ундан сал нари, шимолида томонлари 9,5 м келадиган айлана зинали мармар ҳовуз, унинг шимолий томонида кичикроқ, кўркам чортоқ сақохона бор. Баҳоуддин дахмаси билан ҳовуз оралиғида қудуқ, унинг ёнидаги чиройли шийпондан қадимда зиёратчиларга турли шаклли идишларда „муқаддас“ сув улашилган. Ҳақим қушбеги масжидининг шимолида кўримсизгина бир минора, ундан нарида ҳовлидаги ҳовуздан 3 баравар катта бошқа ҳовуз бор. Ҳовлининг ташқариси (шимоли-ғарби)да туртбурчак супа устида хонақоҳ (эни 37 м, бўйи 40 м ли) қад кўтарган. Марказида атрофи пештоқ равоқли айвонлар билан ўралган масжид, унинг тўрида чорзамин услубида ишланган қирма нақшли меҳроб мавжуд. Иморатнинг ҳар икки томонида симметрик қурилган икки қаватли каттакичик ҳужралар бўлган. Баҳоуддин мажмуаси га ундан 0,5 км шимоли-шарқда жойлашган „Қасри Орифон“ масжиди ҳам киради; унинг ёнида пастаккина минора бор. Масжид 3 тарафдан айвой билан ўралган; шипи нақш туширилган ҳовузаклик. Баҳоуддин мажмуаси ХВИ аср меъморлигининг янгича ансамбл тузишда эришилган ютуқдаридан намуна бўлиб, қўш биноли симметрик ансамбллардан фарқ қилади. Бухоро шаҳридан 10 км шимолий-шарқдаги Қасри Орифон қишлоғида жойлашган Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи беш юз йил мобайнида шаклланди. Унинг илк тарихи тўғрисида маълумот жуда оз. Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари олдидаги дастлабки бинолар, тахминан ҳазрат вафотларидан кейин пайдо бўлган. Меъморий-археологик тадқиқотлар даврида илк биноларнинг қолдиқлари ва асослари топилди. Баҳоуддин Нақшбанд вафотларидан кўп ўтмай ҳазрат мақбараларининг ғарбий томонида қабристон пайдо бўлиб, унда ҳазратнинг мурид-муҳлислари дафн қилина бошлаган. Кейинчалик бу ерда Бухоронинг ҳукмрон сулола вакиллари дафн қилинадиган,,Даҳмаи шоҳонъ’(,,Шоҳлар хилхонаси’’) ташкил топган. Баҳоуддин Нақшбанд хазираларининг ғарбида жойлашган шайбонийлар ва аштархонийлар дахмалари яъни ,,Даҳмаи шоҳонъ’ катта қизиқиш уйғотади. ХВ аср охирида Баҳоуддин Нақшбанднинг қабрлари устига дахма қурилиб, у мармар қоплама ва ўлчамлари бўйича бир-бирига мос келадиган гўзал нақшинкор мармар панжара билан безатилган. ХВИ аср биринчи ярмида шайбоний Абдулазизхон (1540—1551) буйруғИ билан Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари атрофида хазира билан ўраб олинди, унинг шимолий-ғарбий бурчагида эса ҳижрий 951 (милодий 1544) йилларда хонақоҳ барпо этилади. Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида сақланиб қолган тарихий меъморий обидалардан яна бири бу сақохона. Бу иншоот ХИХ аср охирлари ва ХХ аср бошларида қурилган бўлиб, хазратнинг хазиралари шимолий томонида кичик ҳовузнинг ёнида чордаралик, чортоқ шакл, усти гумбазли кичик кўшк жойлашган. Бундай кичик чортоқлар сақохона номи билан маълум бўлиб, унда ичимлик тоза сув сақланган. Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасининг ўзига хос томонларини айтиб ўтадиган бўлсак, ХХ аср бошларигача зиёратгоҳ ҳудудига зиёратчилар кириши ғарб томондан, кетма-кет келадиган уч дарвоза ичидан ўтиб келиб, зиёрат этганлар.
Таъмирлаш ишлари
Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида 1993, 2003 ва 2010-йилда таъмирлаш ишлари олиб борилган. Ушбу мажмуада 2004-йилда тасаввуф музейи ва илмий маркази фаолиятини бошлаган[2]. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги ўтказилиб (1993) мажмуа қайта таъмирланди, қўшимча бинолар бунёд этилди. Баҳоуддин Нақшбанд даҳмаси олдига 2009-йилда хаттот Абдулғафур Раззақов ва „Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми“ жамғармаси ташаббуси билан битик қўйилган[7].
Манбалар
- ↑ Ражабов 2016, с. 191.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 Ўзбекистон обидаларидаги битиклар 2011, с. 252.
- ↑ Ўзбекистон обидаларидаги битиклар 2011, с. 255.
- ↑ Ўзбекистон обидаларидаги битиклар 2011, с. 257.
- ↑ Ўзбекистон обидаларидаги битиклар 2011, с. 266.
- ↑ Ўзбекистон обидаларидаги битиклар 2011, с. 263.
- ↑ Ўзбекистон обидаларидаги битиклар 2011, с. 261.
Адабиётлар
- Ражабов Қ, Иноятов С.. Бухоро тарихи. Тошкент: Тафаккур нашриёти, 2016 — 460-бет. ИСБН 978-9943-24-119-0.
- Каримова Г., лойиҳа муаллифи, таржима ва изоҳлар муҳаррирлари Б. Бобожонов, К. Рахимов. Ўзбекистон обидаларидаги битиклар. Тошкент: Ўзбекистон нашриёти, 2011 — 564-бет. ИСБН 978-9943-01-716-0.
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Зоҳидов П. Ш., Баҳоуддин Нақшбанд ҳазираси. Т., 1994.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
