Бактериал касалликлар, бактериозлар (ўсимликларда) – ўсимликларда бактериялар қўзғатадиган юқумли касалликлар. Бактериялар таъсирида ўсимлик организмидаги ҳаётий жараёнлар бузилади, тўқима ва ҳужайраларнинг физиологик функсияси ҳамда тузилиши ўзгаради. Ғўза, тамаки маҳсулотлари, помидор, картошка, карам, бодринг, пиёз, сабзи, ғалла экинлари, мевалар ва токни зарарлайди ва қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади. Бактериозларнинг бир неча хили фарқланади: чириш (тўқималарнинг юмшаб, қуришиб, парчаланиб кетиши, илдиз чириши); доғлар (барг ёки ёш новдалар ва меваларда доғлар пайдо бўлиши); куйиш (гул, тугунча, барг ва новдаларнинг қўнғир тусга кириб, қорайиши); бактериал рак (илдиз, поя ёки новдаларда шиш ҳамда яралар пайдо бўлиши); шира оқиши (гоммоз). Бактериялар ўсимлик ичига барг оғизчалари, нектар ажратувчи без тешиклари ёки жароҳатланган жойлардан кириши мумкин. Бактерия организм ичига киргач, ҳужайралараро тўсиқни эритиб, тўқималараро йўллар билан тарқалади. Натижада тўқима чириган картошка ва сабзи илдизмеваси каби юмшаб қолади. Касалликнинг бундай кечиши паренхиматоз (тўқима касаллиги) деб аталади. Бошқа тур бактериялар ўсимликнинг ўтказувчи най тутам (томир)ларида тарқалиб, томирлар бактериозини қўзғатади. Бунда ўсимлик фақат найларнинг тиқилиб қолиши туфайли эмас, балки бактериялар ажратган заҳарли моддалар – токсинлар таъсиридан ҳам сўлийди. Касалланган ўсимлик қолдиқлари бор тупроқ асосий инфексия (юқум) манбаи ҳисобланади. Бактериозлар уруғлик, касалланган ўсимлик қолдиқлари, шамол, шунингдек атмосфера ёғинлари, ҳашаротлар ва бошқалар билан тарқалиши мумкин. Дўл барг ва пояларни шикастлаб, бактериознинг тезда авж олишига сабаб бўлади.

Кураш чоралари: ҳосил йиғиб олингач, ўсимлик қолдиқларини илдизи билан бирга йўқ қилиш, шунингдек қабул қилинган алмашлаб экиш қоидаларига риоя қилиш; касалликларга чидамли навларни экиш. Агротехника чоратадбирлари кутилган натижани бермаса, унда махсус кимёвий препаратлар – пестицидлардан фойдаланилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил