Бактериялар (юнонча сўздан олинганбасевара ҳисобланиб улар 2 хил гуруҳга бўлинади эукариот ва прокариотлар. Бактерияда ҳужайра пардаси, кўп миқдорда дезоксирибонуклеин кислота (ДНК) ва содда ядро мавжуд. Митохондрий ва хлоропластлар одатда, бўлмайди, ядронинг хромосомалари ва қобиғи кўзга кўринмайди. Бактериялар кўндалангига бўлиниш (баъзан чўзилиш ёки куртакланиш) йўли билан кўпаяди. Бактерияларнинг кўп тури таёқча шаклида бўлади. Бироқ шарсимон, ипсимон ёки буралган шаклли микроорганизмлар учрайди. Бактериянингнинг физиологик хусусиятлари ниҳоятда хилма-хил, улар биокимёвий жиҳатдан жуда фаол. Бактериялар сувда, сув ҳавзалари заминида ва бошқа жойларда тарқалган. Улар ягона бир гуруҳ бўлмай, ҳар хил йўллар билан вужудга келган организмлардир. Баъзи бактериялар (масалан, ипсимон, азотобактер ва бошқалар) кўк-яшил сувўтларга яқин, айрим бактериялар эса нурсимон замбуруғлар ёки актиномицетлар билан уруғдош; спирохеталар ва бошқа баъзи бактериялар бир ҳужайрали содда ҳайвонларга ўхшайди. Бактерияларнинг катта кичиклиги, шакли, тузилиши, ҳаракатчанлиги ҳар хил. Шарсимон бактерияларнинг диаметри, одатда, 1-2 мкм, таёқча шаклидагиларининг йўғонлиги 0,4 дан 0,8 мкм гача, узунлиги 2-5 мкм бўлади. Баъзан жуда йирик бактериялар ҳам учрайди. Масалан Тҳиопҳйса маcропҳусаҲҲҲр диаметри 20 мкм, жуда майда бактериялар ҳам бор. Айрим бактериялар шу қадар майдаки, ҳатто бактериал филтрдан ҳам ўтиб кетади. Шарсимон бактериялар кокклар деб аталади. Агар кокклар кўндалангига бўлиниш йўли билан кўпайса ва бўлингандан кейин бир-бирига қўшилганлигича қолиб занжир ҳосил қилса, стрептококклар дейилади. Ҳужайралар учта ўзаро тик йўналишда бўлинса, ҳужайралар халтачаси (пакети)ни ҳосил қилади, бундай шакл сарсиналар учун хос. Кокклар ҳар хил йўналишда бўлинса, ҳужайраларнинг узум бошининг ғужуми шаклидаги тўплами ҳосил бўлади, бундай шакл стафилококкларга тааллуқли. Споралар ҳосил қиладиган таёқчасимон турлари бациллалар дейилади. Таёқчасимон бактериянинг учлари текис „қирқилган“ ёки дўнгроқ бўлиши мумкин. Булар алоҳида ёки, баъзан, занжир шаклида жойлашади. Узун ип ҳосил қиладиган ипсимон бактериялар, асосан, сувда яшайди. Вергул шаклидаги бактериялар вибрионлар, йўғон спиралсимон буралганлари спираллар, бир нечта бир хилдаги ингичка бурамалилари спирохеталар дейилади. Электрон микроскопда қаралганда бактериянинг ҳужайра пардаси бир неча (одатда, уч) қават эканлиги кўринади. Унинг таркибига мурамин кислота, аминокислоталар, липидлар, глюкозамин ва бошқа бирикмалар киради. Ҳужайра пардаси остида ситоплазматик мембрана бор, шу мембрана моддалар алмашинувида муҳим рол ўйнайди. Ситоплазмада рибосомалар бўлиб, улар таркибига РНК киради. Бактерия ҳужайрасида ДНК иплари бор, улар қобиқсиз ядро, яъни нуклетоид ҳосил қилади. Бактерия юқори температурага, одатда, чидамсиз, қуритиш, офтоб, ҳар хил кимёвий моддалар бактерияни ўлдиради (дезинфексия, стериллаш). Бактерия совуққа жуда чидамли, шу туфайли тупроқда қишлаб чиқа олади. Бактериянинг кўпи овал ёки юмалоқ шаклли споралар ҳосил қилади. Бактерия споралари юқори температура ва заҳарли моддалар таъсирига жуда бардошли. Споралар қулай муҳитга тушганда улардан таёқчасимон ёки вегетатив ҳужайралар пайдо бўлади. Бактериянинг ривожланиш сикли ҳар хил. Масалан: микобактериялар бўлиниш йўли билан ҳам, куртакланиш йўли билан ҳам кўпаяди. Миксобактерияларнинг вегетатив ҳужайралари қисқаради ва кичрайиб, юмалоқ ёки овал шаклли микроцисталар ҳосил қилади. Кўпчилик бактериялар органик моддаларни, баъзилари анорганик моддаларни оксидлаш йўли билан энергия олади. Фақат кислородли муҳитда яшай оладиган бактериялар аэроблар, кислородсиз муҳитда яшайдиган бактериялар анаэроблар дейилади. Аэроб нафас олиш вақтида органик бирикмалар оксидланиб, карбонат ангидрид ажралиб чиқади. Анаэроб шароитда органик бирикмаларнинг парчаланиши ва бунда энергия ажралиб чиқиши бижғиш дейилади.

Табиатда ва халқ хўжалигида бактерияларнинг аҳамияти жуда катта. Бактериялар тирик хужайралар таркибига кирадиган ҳамма кимёвий элементларнинг табиатда аниқланишида иштирок этади. Ўсимлик ва ҳайвон қолдиқлари селлюлоза, пентозалар, крахмал, пектин моддалар ва бошқаларни ўзлаштира оладиган микроорганизмлар иштирокида парчаланиб, пировардида карбонат ангидрид билан сувга айланади. Табиатда азот айланишида ҳам микроорганизмларнинг роли катта. Ҳайвонлар ўзига зарур азотли бирикмаларни ўсимлик оқсилларидан ҳосил қилади. Ҳайвон ва ўсимлик оқсиллари Бактерия таъсирида минераллашиб, аввал аммиакка, кейин нитрит ва нитратларга айланади. Аммонийли тузлар ҳам, нитратлар ҳам юксак ўсимликлар учун озиқ бўлади, улар шу тузлардан фойдаланиб, ўз танасида оқсил ҳосил қилади. Бактериялар бошқа биоген элементларни ҳам минераллаштиради. Улар органик фосфор бирикмаларини парчалаб, сув ҳавзалари ва тупроқда фосфорнинг минерал бирикмаларини кўпайтиради. Бактерия таъсирида олтингугуртнинг органик бирикмалари ҳам минералларга айланади. Бактерия генетика, биофизика, космик биология ва бошқа соҳаларга оид умумий масалаларни ҳал қилиш учун энг яхши объектдир. Бактериялар културасидан аминокислоталар, витаминлар ва антибиотикларни миқдор жиҳатидан аниқлашда фойдаланилади. Тупроқ унумдорлиги бактериянинг ҳаёт фаолиятига боғлиқ. Пектин моддаларни бижғитадиган Бактерия ёрдамида зиғир, каноп ва бошқа толали ўсимликлар ивитилади. Сутдан қатиқ, сариёғ, пишлоқ ва бошқа маҳсулотлар тайёрлашда ҳам бактериянинг ҳар хил турларидан фойдаланилади.

Саноатда бактериянинг тегишли турлари ёрдамида крахмалли ёки бошқача хом ашёдан сут (лактат) кислота, ацетон, этил спирт, бутил спирт ва бошқа спиртлар, декстрин, диацетил, антибиотиклар, витаминлар, аминокислота ва бошқа олинади.

Бактериядан фермент препаратлари тайёрлашда айниқса кўп фойдаланилади. Шу билан бирга, бактериянинг кўпгина турларига қарши кураш олиб боришга ҳам тўғри келади, чунки улар дон-дун ва бошқа масаллиқларни, ҳар хил хом ашё, материал ва буюмларни бузади. Одам ва ҳайвонларда учрайдиган кўпгина касалликлар (масалан, ич терлама, вабо, сил, куйдирги ва бошқалар)ни бактерия келтириб чиқаради.

Одам ва ҳайвонларда касаллик қўзғатадиган бактерия патоген бактерия деб аталади. Фитопатоген бактерия ёввойи ўсимликларда ҳам, экинларда ҳам кўпгина касалликларни вужудга келтиради. Касаллик қўзғатадиган бактерияга қарши асептика ва антисептика чоралари кўрилади, шунингдек, бактериостатик ва бактерицид моддалар ишлатилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил