Баланит, баланопостит (юнонча баланос — жинсий олатнинг бош қисми; итис; баланопостҳитис) — жинсий олат (закар) бош қисми териси (баланит) ва чекка кертмаги ички қаватининг яллиғланиши бўлади (баланопостит). Кўпроқ болаларда олат боши қисилиб, чиқмай қолган ҳолларда кузатилади (қаранг Фимоз). Бирламчи ва иккиламчи баланит учрайди. Олат чекка кертмагининг камбар бўлиши, унда сийдик томчиси ёки смегма тўпланиб қолиб, унга микроблар тушиши, шунингдек уретрит, қандли диабет касаллиги ва бошқа натижасида вужудга келиши мумкин. Сўзак, захм асоратлари, фимоз ҳам баланитга сабаб бўлади. Олат боши соҳаси шишиб, қизаради, маддалайди, ачишиш, қичишиш аломатлари пайдо бўлиб, бу айниқса бемор сийгандан кейин зўраяди. Лоҳаслик, бош оғриғи, ҳароратнинг кўтарилиши, баъзан чов соҳасидаги лимфа тугунларининг катталашиши кузатилади. Баланитнинг оддий, диабетик, гангреноз, ҳалқасимон, эрозияли, йиринг-ярали хиллари бор. Касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлганда, дарҳол уролог-врачга (сийдик-таносил аъзолари мутахассиси) учрашиш зарур. Касалликнинг кечиши ва хилига қараб даво тайинланади, асосан яллиғланишга қарши дорилар(антибиотиклар, дезинфексияловчи эритмали ванна ва бошқалар) буюрилади. Оғирроқ ҳолларда жарроҳлик усули қўлланади. Баланитнинг олдини олиш учун ўғил болалар гигиена қоидаларига амал қилишлари, тиббий кўрикдан ўтиш, агар фимоз бўлса, ўз вақтида даволатишлари лозим бўлади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил