Bank
Бу мақолада ички ҳаволалар жуда кам. |

Банк (лотинча: банcа — „сарроф пештахтаси“) — кредит-молия муассасаси; асосан, вақтинча бўш пул маблағларини тўплаш, корхоналарга ва умуман пулга муҳтожларга кредит, ссуда бериш, нақд пулсиз ҳисобкитобларини амалга ошириш, пул ва турли қимматбаҳо қоғозлар чиқариш, олтин ва чет эл валуталари билан боғлиқ операцияларни бажариш ва бошқа фаолиятлар билан шуғулланади.
Вазифаси ва турлари
Банк ишининг асосий йўналишлари депозит (омонат) қабул қилиш, кредитлар бериш ва мижозларга кредит-ҳисоб хизмати кўрсатишни амалга ошириш ҳисобланади. Банк Қимматли қоғозларни сақлаш, сақлашга ўтказилган қимматбаҳо қоғозларни жорий бошқариш, Биржатопшириқларини бажариш, сейфларни ижарага бериш каби пулли хизматлар ҳам кўрсатади. Турли иқтисодий хизматларни амалга оширувига кўра ҳозирги вақтда банкнинг қуйидаги асосий турлари фаолият кўрсатади: марказий (Эмиссия) банки ва тижорат банки.
Марказий банк
Марказий банк („банкларнинг банки“) (Миллий банк ва АҚШда Федерал резерв тизими) мамлакатнинг жами кредит тизимини назорат қилади, давлат пул-кредит сиёсатини амалга оширади, нақд пул ва қимматбаҳо қоғозлар эмиссияси билан шуғулланади, мамлакатнинг олтин-валута заҳираларини сақлайди, давлат ва тижорат банкига кредитлар беради.
Тижорат банки
Тижорат банки ўз навбатида универсал ва ихтисослашган банкларга бўлинади. Ихтисослашган банк инвестиция банки, жамғарма (омонат) банки, махсус банк, кооператив банк ва бошқалардан иборат. Тижорат банки универсал банк бўлиб жисмоний ва юридик шахсларга хилма-хил банк хизматлари кўрсатади (депозитларни жалб этиш, вексел ҳисоби, кредит бериш, қимматбаҳо қоғозларни сотиш ва сотиб олиш). Бу банк банк ва кредит тизимининг ўзагини ташкил этади. Универсал банк ҳамма турдаги асосий банк ҳаракатларини амалга оширади. Ихтисослашган банк бирон-бир фаолиятга, соҳага ва тармоққа хизмат кўрсатади. Инвестиция банки, асосан, эмиссиятаъсисчилик операциялар билан шуғулланади ва қимматбаҳо қоғозлар савдосини ўтказади. Махсус банк муайян мижозлар гуруҳига хизмат кўрсатади ёки айрим соҳаларда ихтисослашади (жамғарма, савдо, ташқи савдо, ипотека ва бошқалар). Кооператив банк товар ишлаб чиқарувчилар томонидан пай асосида барпо этилади, таъсисчиларнинг кредит ва банк хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондиради. Тармоқ ва ҳудудий принсиплар бўйича ташкил топади, тижорат банкининг бир кўриниши ҳисобланади.
Мулк шаклига кўра турлари
Мулк шаклига кура банкларнинг қуйидаги турлари бор: давлат банки, давлат иштирокидаги аралаш банк, давлатлараро банк, халқаро банк, чет эл сармояси иштирокидаги банк, аксиядорлик банк, банкирлар уйи, кооператив банк, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш банки, коммунал банк, хусусий банк ва бошқалар.
Тарихи
Банк ишининг дастлабки белгилари қулдорлик жамиятида пайдо бўлган. Улар асосан, савдогарларнинг пул билан боғлиқ ҳисоб-китоб ишларини бажарган жиро-банклар (мижозлар Ўртасида ҳисоб-китобларни нақд пулсиз олиб борадиган банклар) шаклида вужудга келди. Шу билан бир қаторда махсус саррофхоналарда саррофлар пул алмаштириш ва йирик пулларни майдасига алмаштириб бериш ишлари билан шуғулланган. Банкнинг айрим белгиларига эга бўлган муассасалар ўрта асрларда шимолий Италия шаҳарларида, сўнгра Голландия ва Германиянинг савдо марказларида юзага келди.
Капитализмнинг вужудга келиши ва ривожланиши билан банкнинг аҳамияти ортиб кетди. Банк ишининг ҳозирги тамойиллари биринчи бўлиб ХВИИ асрдан бошлаб Англияда, сўнгра бошқа мамлакатларда юзага кела бошлади. Шу даврдан бошлаб банк капитал ва тадбиркорликни ишга солишнинг махсус бир соҳасига айланди. банкнинг кўпайиши билан ссуда капитали капиталнинг асосий шаклларидан бири бўлиб қолди. Аста-секин банк йириклашиб, улар бажарадиган операциялар доираси кенгайиб борди. банк муомалага хусусий векселлар ўрнида ишлатиладиган кредит пуллари — банкнотлар (банк билетлари) чиқара бошлади. Кўпгина мамлакатларда чеклар билан амалга ошириладиган нақд пулсиз ҳисоб-китоблар пайдо бўлди. Капитализмнинг ривожланиши билан кредит ва тўловларда воситачилик вазифасини бажарадиган муассасаларга талаб ортиб борди. банк бўш пул воситаларини йиғиб, уларни турли муддатларга ссудага берди, улар корхоналарнинг жорий ҳисоб варағини юритиб, корхоналар ўртасида ўзаро ҳисобкитобларни олиб борди. Аста-секин банк ўртасида энг йириклари пайдо бўлди. Айниқса, ХИХ аср охирига келиб банк ишлаб чиқаришнинг консентрацияланиши оқибатида банкнинг йириклашуви банк сонини қисқаришига ва банк монополияларининг вужудга келишига, улар ўртасида ўзаро рақобат курашининг кучайишига сабаб бўлди. банк тўлов ва кредит операцияларида воситачилик қилиш билан кифояланмай, саноат корхоналари аксияларини сотиб ола бошлади, уларнинг хўжаликлари ёки муассисларидан бирига айланди, янги корхоналар таъсис этишда ҳамкорлик қилди. Йирик банк ва саноат капиталининг бирга қўшилиб кетиши натижасида молия капитали ва молия олигархияси вужудга келди, бу олигархия мамлакатларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётида катта мавқени эгаллади.
Ҳозирги даврда кўпгина мамлакатларда кўплаб (масалан, 90-йиллар бошида АҚШда 14,5 мингдан ортиқ банк бўлган) банк бўлишига қарамай, улардан 3—4 тасигина етакчи ўринда туради. Турли мамлакатлардаги йирик банк ниҳоятда сертармоқ бўлиб, ўз мамлакати доирасидагина эмас, шу билан бирга жаҳоннинг жуда кўп мамлакатларида бўлим ва филиалларига эга. Ривожланган мамлакатларда банк иқтисодиётни бошқариш ва рағбатлантириш муассасаси вазифаларини бажаради. банк пул капиталини иқтисодиётнинг соҳалари ва тармоқлари бўйича тақсимланишида қатнашиб, фонда нормасининг тенглашувини таъминлайди.
Ўзбекистондаги банк тизими
Ўзбекистонда биринчи банк муассасаси 1875-йил Тошкентда очилган Россия империяси давлат банкнинг филиали бўлган. ХИХ асрнинг охирида Туркистонда рус капитали иштирокидаги Ўрта Осиё аксиядорлик банки (1881), Волгакама банки (1893), Рус-Хитой (Рус-Осиё) банки (1903), Азов-Дон савдо банки (1910), Нижний Новгород-Самара банки (1899), Полтава Ер банки (1901)нинг филиал, бўлим ва агентликлари фаолият олиб борди.
Октабр тўнтаришидан сўнг барча банк совет ҳокимияти томонидан национализация қилинди. Ўзбекистонда банк тизими 1924-йилдан бошлаб собиқ СССР банк тизимининг таркибий қисми сифатида ташкил қилинди. 1992-йилга қадар СССР Давлат банки (1923; 1921—23-йилларда РСФСР Давлат банки), СССР Қурилиш банки (1959; 1922—59-йилларда СССР Савдо банки), СССР Ташқи савдо банки (1924)нинг Ўзбекистон идора (контора)лари республикадаги банк муассасалари ишига раҳбарлик қилди. СССРнинг парчаланишига қадар Ўзбекистонда мустақил банк тизимини яратиш мақсадларида 1991-йил 15-февралда Республика Олий Кенгаши сессиясида республика ҳудудидаги банк Фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасининг „Банклар ва банк фаолияти тўғрисида“ги Қонуни қабул қилинди ва шу вақтдан бошлаб республиканинг ҳақиқий, мустақил банк тизими шакллана бошлади. Собиқ СССР банкининг республика идоралари мустақил банк сифатида ЎзР Марказий банки томонидан рўйхатга олинди.
Ўзбекистон Республикаси банк тизимини шакллантириш ва ривожлантириш стратегияси иқтисодиётни хўжалик юритишнинг бозор шароитларига босқичмабосқич ўтказиш дастурига мос келади. Ўтган даврда банк ислоҳотлари давомида миллий банк тизимининг 2 босқичли структураси (юқори босқичда — Марказий банк, қуйи босқичда — тижорат банклари) ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди; банкнинг сони ва улар кўрсатадиган хизмат турлари кўпайди.
1995 — 96-йилларда банк қонунчилиги янада такомиллашди. ЎзРнинг „Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида“ги (1995-йил 21-декабр) Қонуни банк тизимининг ҳуқуқий асосларини тўлдирибгина қолмасдан, Ўзбекистон Республикаси марказий банкининг алоҳида мақоми, мақсадлари, вазифалари ҳамда ваколатларини ҳам аниқ белгилаб берди. ЎзРнинг „Банклар ва банк фаолияти тўғрисида“ 1996-йил 25-апрелдаги янги Қонуни эса тижорат банки фаолиятининг барча ҳуқуқий асосларини халқаро стандартлар даражасида белгилаб берди. Таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, 12 вилоят ва Тошкент шаҳар бошқармалари бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ЎзРнинг бош банки ҳисобланади (1992-йил сентабргача собиқ СССР Давлат банкининг Ўзбекистон бўлими).
Республикада банк тизимининг қуйи босқичини пайчилик, аксиядорлик асосида, шунингдек чет эл капитали иштирокида ташкил этилган банк, уларнинг филиал ва ваколатхоналари, кооператив ва хусусий банк ташкил этади.
Банк соҳасини монополиядан чиқариш банк ислоҳотларининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Дастлабки босқичда бу асосан иқтисодиётнинг айрим соҳаларига хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган банкни тузиш йўли билан амалга оширилди. Ихтисослаштирилган банкнинг ташкил этилиши бозорга йўналтирилган банк тизимини яратиш йўлидаги зарурий ва табиий босқич бўлди.
1995—96-йилларда „Асака“ ихтисослаштирилган давлат-аксиядорлик тижорат банки, „Алоқабанк“ аксиядорлик тижорат банки, „Тошкентижтимоиюйжой-банк“ аксиядорлик тижорат банки, „Узсаёҳатинвестбанк“ Ўзбекистон аксиядорлик тижорат инвестиция банки ва „Замин“ ихтисослаштирилган давлат-аксиядорлик ипотека банклари ташкил этилди. „Ўздеҳқонсаноатбанк“ аксиядорлик тижорат банки „Пахтабанк“ ихтисослаштирилган аксиядорлик тижорат банкига, „Ўзжамғармабанк“ Халқ банкига айлантирилди.
Тижорат банки халқ хўжалигининг турли соҳаларидаги корхонаташкилотларини кредитлаш, молиялаш ва уларга ҳисобкитоб хизмати кўрсатишни амалга оширади. Бу банк тўла мустақилдир. Уларнинг аксиялари турли мулк шаклларига мансуб бўлган корхоналар, шунингдек жисмоний шахслар ўртасида тақсимланган. Тижорат банкининг хусусий захиралари етишмай қолганда улар кредит ресурслари бозоридан зарур пул маблағларини сотиб олишлари мумкин.
ЎзРнинг барча минтақаларида 800 га яқин филиалларга эга бўлган 35 Тижорат банки фаолият кўрсатади, улардан 5 таси чет эл капитали иштирокида, 11 таси хусусий банклардир (2000).
Хусусий банкнинг ҳуқуқий базасини ривожлантиришда Республика Президентининг 1997-йил 24-апрелдаги „Хусусий тижорат банкларини ташкил қилишни рағбатлантириш чоратадбирлар тўғрисида“ Фармони муҳим аҳамиятга эга бўлди. Фармонга кўра, республика ҳудудида фаолият кўрсатаётган тижорат банки билан бир қаторда хусусий банк ҳам ташкил этила бошлади (муассис жисмоний шахслар ҳиссаси банк устав капиталининг камида 50 % ни ташкил этиши лозим). 1998-йилда 5 та хусусий („Алп Жамол“, „Туркистон“, „Истиқбол“, „ХИФбанк“ ва „Ўктамбанк“) банкга банк операцияларини амалга ошириш учун дастлабки рухсатнома берилди.
1995-йил 24-октабрда Ўзбекистон Тижорат банки уюшмаси ташкил топди (унинг таркибига хусусий банклар ҳам кирган).
Республикада 1992-йилдан „Ўзбанк-аудит“ — банклараро аксиядорлик жамияти шаклида ташкил этилган аудиторлик фирмаси иш олиб боради. 1996-йилдан буён „Ўзбанкаудит“ билан бир қаторда „Делойт энд Туш“ ва „Эрнст энд Янг“ каби 5 та халқаро аудиторлик консалтинг фирмаларига ҳамда „Холис“ гуруҳи ва „Одил аудит“ маҳаллий аудит фирмаларига ЎзР Марказий банки томонидан банк аудити ўтказиш ҳуқуқини берувчи тегишли сертификатлар берилди. Улар банклар, кредит муассасалари, суғурта компаниялари, ташкилот ва корхоналарнинг буюртмаси билан уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширади (тафтиш қилади), холисона хулосалар беради, экспертизалар ўтказади.
Ҳозирги даврда Ўзбекистонда чет эл банк ва халқаро молия муассасалари капитали иштирокида қўшма банк фаолият кўрсатади. Улар жумласига Ўзбекистон — Голландия „Ўзприватбанк“ ва „АБН Амробанк— Ўзбекистон Миллий банки аксиядорлик жамияти“, Ўзбекистон — Туркия „ЎТбанк“, Ўзбекистон — Жан. Корея „ЎзДЕУбанк“ киради. 13 та чет эл банки Тошкентда ўз ваколатхонасини очган. Булар каторида Дойче банк, Берлинер Банк, Мейбанк (Малайзия), Кредит Свисс (Швейсария), „Креди Коммерсиал де Франс“, „Сосете Женерал“ (Франсия), Покистон Миллий банки, Чейз Манхеттен (АҚСҲ), „Российский кредит“ ва „Сакура банк ЛТД“ (Япония) банклари бор.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банкнинг доимий маслаҳатчилари хизматидан фойдаланади.
2000-йил 1-январда Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан мижозларга 529 млрд. сўмлик кредит қўйилмалари ажратилиб, шундан 237 млрд. сўми қисқа муддатли, 292 млрд. сўми ўрта ва узоқ муддатли кредитларни ташкил этди. Ўртача фоиз ставкаси қисқа муддатли кредитлар бўйича 33,7 %, ўрта муддатли кредитлар бўйича 23 %, узоқ муддатли кредитлар бўйича 13 % дан иборат бўлди.
Яна қаранг
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |