Xayriddin Barbarossa
Хайриддин Барбаросса (Хайриддин пошо, Хизр Хайриддин пошо, Хизр Раис) – Усмонли денгиз флоти адмирали. Барбаросса (Борбор) – Усмонли турк империяси ҳарбий-денгиз флоти арбоблари – ака-ука Бобо Уруж (1473-1518) ва Хайруддин (1483-1546)га европаликлар томонидан берилган ном. „Барбаросса“ сўзи немисча бўлиб, „қизилсоқол“ деган маънони англатади. Германия қироли Фридрих И қизғиш соқолли бўлганидан шундай деб аталган эди. Шунга кўра, европаликлар қизғиш соқолли Бобо Уруж ва Хайруддинни ҳам Барбаросса деб атаганлар (айрим тилшунослар Барбаросса сўзи Бобо Уруж исмининг нотўғри талаффузи деб тахмин қилишади). Бобо Уруж ва Хайруддин Эгей денгизидаги Митилена оролида исломга кирган камбағал грек-кулол оиласида дунёга келган. Бобо Уруж тахминан 20 ёшларида укаси Хайруддин билан биргаликда турк ҳарбий кемаларидан бирига хизматга киради. Тез орада иккаласи ўта жасур ва истеъдодли эканликларини намоён қилиб, катта шуҳрат қозонадилар ва Жазоир ҳамда Тунис қироллари томонидан Шимолий Африка мамлакатларини испанлар асоратидан халос этиш учун ёрдамга чақириладилар. Бобо Уруж ва Хайруддин қуруқлик ва денгизда испанлар устидан кетма-кет ғалаба қозониб, Шимолий Африкада исломий подшохлар ҳукмронлигини тиклашга муваффақ бўладилар. Бобо Уруж жанглардан бирида ҳалок бўлгач, Туркия султони унинг укаси Хайруддинни Жазоирга волий этиб тайинлайди. Хайруддин 19 йил давомида Жазоирда волийлик қилиб, Ўрта денгизда Европа давлатлари ҳарбий-денгиз флоти ҳукмронлигига қарши муваффақиятли урушлар олиб боради. 1525-йил „Муқаддас Рим империяси“ императори Карл В (1500 – 58)дан мағлуб бўлиб, асир олинган Франсия қироли Франсиск И (1494 – 1547)нинг султон Сулаймон И Қонунийга қилган мурожаатига кўра, Хайруддин ўз флоти билан Ницса (Франсияда) шаҳрига бориб, уни забт этади. Сўнг , Карл В флотини бутунлай тор-мор қилиб, Франсиск И ни асирликдан қутқарадида, Франсия тахтига қайта ўтқазади. 1534-йил султон Сулаймон И Қонуний Хайруддинни Истанбулга чорлаб, Усмонли турк империяси ҳарбий-денгиз флоти адмирали (қўмондони) этиб тайинлайди. У 10 йил шу лавозимда қолиб, Ўрта денгизда Европа давлатлари флоти устидан кетма-кет зафар қозонади, Грек архипелагидаги оролларнинг аксариятини, Италиянинг айрим соҳилбўйи ерларини забт этади, Усмонли турк империяси ҳарбий-денгиз флотининг Ўрта денгиздаги устунлигини қайта тиклайди. Хайруддин умрининг охирига қадар ана шундай шонли ва зафарли ҳаёт кечириб, 1546-йил вафот этади. У Туркиядаги Бешиктош шаҳрида махсус мақбарага дафн этилган.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |