Бесс — ахоманийларнинг Бақтрия ва Суғдиёнадаги сатрапи (ҳокими). Ахоманийлар наслидан. Милоддан аввалги 333 йил Александр қўшинлари билан Доро ИИИ қўшинлари ўртасида бўлган Гавгамела жангўда Эрон отлиқ лашкарига қўмондонлик қилган. Эрон қўшинлари енгилгач, Б. Спитамен, Оксиарт, Датафарн каби лашкарбошилар ҳамда Доро ИИИ билан биргаликда Суғдиёнага чекинади ва қариндоши Доро ИИИ ни хоинона ўлдириб, ўзини ахоманийлар давлатининг олий ҳукмдори—Артаксеркс ИВ деб эълон қилади. Александр унга қарши Птолемей Лаг бошчилигида лашкар юборади. Птолемей Лаг Б. турган қишлоқни қуршаб олиб, қишлоқ аҳлидан уни тутиб топширишни талаб қилади, акс ҳолда барчаларини ўлдириб, қишлоқнинг кулини кўкка совуражагини айтади. Шунда мазкур қишлоқ аҳли Птолемей Лаг лашкарига қаршилик кўрсатмайди. Птолемей Лаг Б.ни тутиб бўйнига сиртмоқ солиб, қипяланғоч ҳолда Александр қўшини ўтадиган йўл бўйида қолдиради. Александр ўша йўлдан кетаётиб Б.га кўзи тушадида, ундан нега ўз қаримдоши ва подшоҳини ўлдирганини сўрайди. Шунда Б. Доронинг мулозимлари қуткуви билан ҳамда Александрнинг кўнглини олиш учун шундай қилганини айтади. Александр ғазабланиб, Б.нинг бурун ва қулокларини кесишни, сўнг уни Экбатана (Ҳамадон)га юбориб, ўша ерда мидияликлар ва форслар кўз олдида қатл этишни буюради.

Баъзи олимларнинг (Ш. Камолиддинов) фикрича, Б. асир олинган жой ҳозирги Қашқадарё вилоятидаги Узунқир қалъаси ҳаробаси ўрнида бўлган, бу қалъа чекинаётган суғдийларнинг бутун армиясини сиғдира олган. Амударёдаги Шўроб кечувидан Узунқир қалъасигача 240 км бўлиб, ўрта аср карвонлари учун 8 кунлик йўл бўлган. Юнонмакедон отряди бир неча ерда тўхтаб дам олгач, бу масофани 4 кунда босиб ўтган. Б. ўшанда Узунқирдан 650 м жан.да жойлашган маҳаллий ҳокимнинг қароргоҳи—Сангиртепа қалъасига яширинган бўлса керак.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Камалиддинов Ш. С, Историческая география Южного Согда и Тоҳаристана по арабоязичним источникам ИХ—начала ХИИИ вв., Т., 1996, с. 17; Арриан, Поход Александра, М.—Л., 1962.