Bez
Без, безлар (гландулаэ) – 1) организмнинг нормал ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган ва ўзига хос махсус ширалар (секрет) ишлаб чиқарадиган ҳужайралар ёки кўп ҳужайрали аъзолар. Без ишлаб чиқарадиган моддаларнинг физиологик аҳамиятидан қатъи назар, ҳужайралардан чиқадиган ҳамма моддалар „секрет“ деб юритилади. Кўпгина (масалан, сўлак, тер бези, жигар, меъда) безнинг чиқарув йўли бўлиб, ишлаб чиқарадиган секретини шу йўл орқали тана юзасига ёки бирор аъзо бўшлиғига ажратади. Шунинг учун ташқи секреция безлари, яъни экзокрин без деб аталади. Баъзи безда чиқарув йўли бўлмайди ва улар ишлаб чиқарадиган секрет бевосита тўқима суюқлиги, қон ёки лимфага қўшилиб кетади. Бундай без эндокрин, яъни ички секресия бези деб аталиб, уларга гипофиз, буйрак усти бези, қалқонсимон без киради. Аралаш без (масалан, меъда ости бези, жинсий без ва бошқалар) ҳам бўлиб, улар секретининг бир қисмини махсус най орқали бирор бўшлиққа, қолганини эса бевосита қонга ажратади. Без ҳужайраларидан ишланиб чиқиб, бошқа аъзоларга ва организм функсияларига таъсир этадиган моддалар инкретлар (ёки гормонлар) деб аталади. Экзокрин без бир ва кўп ҳужайрали бўлади. Бир ҳужайралисига ичак ва нафас йўлининг шиллиқ пардасидаги эпителий ичида жойлашган қадоқсимон ҳужайрали без, кўп ҳужайралисига эпителийдан ташқарида жойлашган сўлак без, меъда-ичак шиллиқ пардасидаги без ва бошқа киради. Бир ҳужайрали без секретни эпителий юзасига чиқариб, уни механик ва кимёвий шикастдан сақлайди. Без ишлаб чиқарадиган моддаларининг кимёвий табиатига қараб сероз (ёки оқсилли) ва шилимшиқ (ёки шиллиқ) безга бўлинади. Сероз без сувда осон эрийдиган оқсил – секрет чиқаради, шилимшиқ бездан эса муцин ва мукоид моддалар чиқади. Баъзи бездан ҳам оқсил, ҳам шилимшиқ секрет чиқади (аралаш без), масалан, қулоқ олдидаги ва жағ остидаги сўлак без баъзи без (сут бези, йирик тер бези, ёғ бези ва ҳоказо) ёғли липоид ва стероидли секрет ишлаб чиқаради, бу без секрети сувда эримайди, ҳужайралардан томчи ёки дурда шаклида ажралиб чиқади. Буйрак усти безларининг пўстлоқ қаватидан ва жинсий безлардан ишланиб чиқадиган гормонлар ҳам стероидларга киради. Секретнинг қандай ҳосил бўлиши ва эпителий ҳужайраларидан ташқарига чиқарилиш хусусиятига қараб без мерокрин, апокрин ва голокрин безларга бўлинади. Эндокрин без муҳим аъзолар бўлиб, уларда ишланган инкрет (гормон) организмнинг ўсиши, вояга етиши ва моддалар алмашинуви жараёнларини идора этади. Без фаолияти нерв системаси ҳамда гуморал омиллар томонидан бошқарилади;
2) яллиғланиб катталашган лимфа тугунларининг халқ ўртасида тарқалган янглиш номи (қаранг Лимфа системаси).
Носир Аҳмедов.
Яна қаранг
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |