Биоген элементлар — организмлар таркибида доим бўладиган ва уларнинг ҳаёт фаолиятида муҳим рол ўйнайдиган кимёвий элементлар. Уларга аввало кислород, углерод, водород, калсий, азот, калий, фосфор, магний, олтингугурт, хлор, натрий, темир киради. Аналитик кимё ва спектрал анализ муваффақиятлари туфайли организмлар таркибида жуда оз миқдорда бўладиган элементлар (микроэлементлар) топилмоқда ва уларнинг биологик роли аниқланмоқда. Табиий шароитда организмларнинг ҳужайра ва тўқималарида мавжуд бўлган барча кимёвий элементлар муайян физиологик рол ўйнайди. Организмлар таркибидаги элементларнинг миқдори шу организмлар турининг хусусиятларига, муҳит, овқат таркибига (жумладан, ўсимликлар учун — тупроқдаги тузлар консентрациясига ва эрувчанлигига), организмнинг экологик хусусиятлари ва бошқаларга боғлиқ.

Биоген элементлар дан бирортаси организмда етарли миқдорда бўлмаса касаллик рўй беради (биогеокимёвий эндемиялар), мас, сувда ва овқатда ёд етишмаса, одам буқоқ бўлади ёки бор етишмаганда қанд лавлаги қора доғли бўлиб қолади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил