Biogeokimyo
Биогеокимё — тирик организмлар иштирокида Ер биосферасида кимёвий элементларнинг айланишини ўрганадиган фан. Б. тушунчасини фанга рус олими В. И. Вернадский киритган. У тирик модданинг планета миқёсида содир бўладиган геокимёвий жараёнлардаги аҳамиятини кўрсатиб берган. Б.нинг замонавий муаммолари биоген элементлар геокимёвий сиклининг миқдорий моделини кашф этиш, тирик организмларда элементларнинг миграцияси ва тўпланиши қонуниятларини очиб бериш, Ер юзини биокимёвий раёнлаштириш фойдали қазилмалар ҳосил бўлиши эволюцияси ва емирилишида тирик организмларнинг иштироки, уларнинг биоиндикацияси ва бошқалардан иборат. Биокимёвий сиклларга инсон фаолияти таъсирини аниклаш, биосферанинг ривожланишини башорат қилиш биокимёнинг энг муҳим масалаларидан ҳисобланади. Биокимёвий методлар билан тупроқ ва унда ўсадиган ўсимликлар хили ҳамда кимёвий таркибига асосланиб маъданли элементларнинг миқдори ва тарқалиши тўғрисида хулоса чиқариш мумкин. Акад. В. И. Вернадский ва А. П. Виноградов асос солган бу методни Ўзбекистонда биринчи марта М. А. Риш, В. И. Ездаков, И. Ҳ. Ҳамробоев, Д. П. Малюга, Р. М. Толиповлар қўллаган. Б. методига асосланиб, Томди, Олмалиқ, Қўйтош ва бошқа ҳудудларда олтин, мис каби турли металлар тарқалган майдонлар аниқ ланди. Олмалиқ ва Нурота ҳудудларининг эчкимия, зўрча, қумиспарак, дастарбош ўсимликлари ўсган жойларда мис; сутчўп ўсимликлари бор жойларда симоб конлари топилган. Маъданли конлар бор жойда ўсадиган ўсимликлар таркибида мазкур элементларнинг миқдори бошқа ердаги ўсимликлардагига нисбатан кўп бўлади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- Абдуллаев Х., Биогеохимия асослари, Т., 1987.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |