Биологик прогресс — муайян гуруҳга мансуб организмларнинг яшаш учун курашдаги муваффақияти. Биологик прогресс муайян таксонга мансуб организмлар сонининг ортиши, унинг ареали кенгайиши, таксон индивидларининг бир-биридан фарқ қиладиган янги кичик систематик гуруҳларга бўлиниб кетиши билан белгиланади (қаранг Биологик регресс). Биологик прогресс га олиб борадиган йўллар (омиллар)ни А. Н. Северсов аниклаб берган. Биринчиси—морфофизиологик прогресс, яъни ароморфоздир. Ароморфоз натижасида ҳайвон организмининг тузилиши ва органлари функсиялари мураккаблашади, вояга етган авлодларнинг умумий ҳаёт фаолияти аждодлар ҳаёт фаолиятига нисбатан юқори даражага кўтарилади. Иккинчиси — идиоадаптация, яъни муайян чекланган муҳит шароитига мосланишдан иборат бўлиб, вояга етган авлодларнинг ҳаёт фаолияти ва тузилиши аждодларга нисбатан юқорига кўтарилмайди, лекин тур индивидлари яшаш шароитларига яхши мослашган бўлади. Учинчиси — сеногенезлар, яъни ҳайвонларнинг эмбрион ва личинка даврида мосланиши, бундай сеногенезлар натижасида вояга етган авлодларнинг тузилиши ва ҳаёт фаолиятида ўзгариш бўлмайди, лекин келгуси бўғинларда организмлар сони ошади. Тўртинчиси—умумий дегенерация, яъни вояга етган авлодларнинг тузилиши соддалашуви орқали содир бўладиган мослашувдан иборат (қаранг Прогресс).

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил