Ботухон, Боту, Саинхон (1208-1255) - мўғул хони, Жўжихоннинг иккинчи ўгли, Чингизхонинг набираси. Б.нинг онаси қўнғирот уруғидан бўлган Элчи ноённинг қизи Укифуж хотун эди. Отасининг ўлими (1227)дан кейин Жўжи улусини идора қилган, мўғулларнинг барча асосий ҳарбий юришларида қатнашган. Абулғозий Баҳодирхоннинг ёзишича, Ўқтойхон Хитойни забт этиб, Мўғулистон га қайтиб келгач (1235), Б.ни Тулихоннинг угли Мунке, ўзининг угли Гуюкхон ва Чиғатойнинг ўғиллари ҳамроҳлигида рус, черкас, булғор, туро, бошқирд ва б. халклар ерларини босиб олиш учун жўнатади. Уларга Чингизхоннинг энг йирик саркардаси Субутой баҳодирни ҳарбий маслаҳатчи қилиб тайинлайди. Юришда жами 14 мўғул хони иштирок этиб, қўшиннинг сони 150 мингга етади. Б. 1236—38 йилларда ВолгаКама Булғорияси, аланлар, қипчоқлар, Ўрта Волгабўйи халқлари, Рязан, Владимир князликларини (қаранг Сит эканги) буйсундиради, Москва, Коломна, Владимир, Ростов, Углич, Ярославл, Кострома каби 14 рус шаҳрини босиб олади. 1240—41 йилларда у Жанубий Русдаги Киев, ВладимирВолинский, Галич ва б. шаҳарларни забт этгач, Карпат довонлари орқали Венгрияга кириб қирол Бела ИВ нинг 60 минглик қўшинини тормор келтиради (қаранг Саё жанги). Сўнг Полшага бостириб кириб, Легница ш. остонасида поляк ва немис князликларининг бирлашган қўшинларини (рицарларни) мағлуб қилади (қаранг Легница жанги). Кейин у Чехия, Австрия, Хорватия, Босния ва Сербияни забт этиб, Адриатика денгизи бўйига чиқади. Шунда улуғ қооннинг вафот этгани ҳақида хабар топиб, ортига қайтади (1242). Б. Дунай дарёсидан Иртиш дарёсигача бўлган улкан ҳудудда Олтин Ўрда давлатини барпо қилган (яна қаранг Мўғуллар истилоси).

Фламандлик сайёҳ ва монах Рубрукнинг ёзишича, Б.нинг Қуйи Волга бўйидаги қароргоҳи шу қадар катта майдонни эгаллаганки, ҳатто унга бутун бир йирик шаҳар сиғиши мумкин бўлган. Қароргоҳ марказида Б. чодири жойлашган. Унинг жан., яъни эшик томонигина очиқ қоддирилиб, қолган тарафларида ҳар бир мўғул қавми ўзи учун тайин қилинган жойга ўтовлар тиккан.

Б. мамлакатда савдо-сотиқ ва ҳунармандчиликни тараққий эттиришга катта эътибор берган. Волганинг шарқий қирғоғида Астрахон (Аштархон) ш. яқинида ўзига пойтахт шаҳар — СаройБотуни қурдирган. У мўғуллар империясидаги давлат тўнтариши (1251)да қатнашиб, Мунке (Мангу)нинг улуг қоон (хоқон) бўлмоғига кўмаклашган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Греков Б. Д.,Якубовский А. Ю., Олтин Ўрда ва унинг қулаши, Т., 1966.