Boysun (tuman)
Бу мақола викилаштирилиши керак. |
Бойсун тумани 1926-йил 29-сентабрда ташкил топган. Умумий ер майдони 3,72 минг кв.км бўлиб,115.8 минг киши [2018] истиқомат қилади. Туман маркази Бойсун шаҳри ҳисобланади. Термиздан 145 км шимолий-ғарбда жойлашган. Туманда 7 та қишлоқ бор: Авлод, Бойсун, Дарбанд, Мачай, Работ, Сайроб, Қўрғонча. Яқин темир йўл бекати — Элбаёнгача 72 км. Оҳангаронсой, Шўрсой, Қайроқсой бошқа сойлардан сув ичади.
| туман | |
|---|---|
| Таркибида | Сурхондарё вилояти |
| Маъмурий маркази | Бойсун |
| Расмий тиллар | Ўзбек |
| Аҳоли | 115.807 киши (30.07.2018) |
| Динлар таркиби | мусулмонлар |
| Вақт минтақаси | УТC+5 |
| Харитада | |
|
| |
Бойсун тумани — Сурхондарё вилоятидаги туман. 1926-йил 29-сентабрда ташкил этилган (1962-йил 24-декабрда Шеробод тумани билан бирлаштирилган. 1965-йил 29-декабрда қайта тузилди). Бойсун тумани вилоятнинг ғарбида жойлашган. Шимоли-шарқда Сариосиё, шарқда Қумқўрғон, жанубида Қизириқ, Бандихон туманлари, жануби-ғарбда Шеробод тумани билан, шимоли-ғарбда Қашқадарё вилоятининг Қамаши ва ғарбда Деҳқонобод туманлари билан чегарадош. Майдони 3,72 минг км². Аҳолиси 79 минг киши (2000). Бойсун туманида 1 та туманга бўйсунувчи шаҳар (Бойсун), 7 қишлоқ фуқаролари йиғини (Авлод, Бойсун, Дарбанд, Мачай, Работ, Сайроб, Қўрғонча) бор. Маркази — Бойсун шаҳри.
Табиати. Бойсун тумани ҳудудининг шимолий ва ғарбий қисмини Ҳисор тоғ тизмаси таркибидаги Бойсунтоғ ва унинг тармоқлари (Беловти, Хўжабўзбарак, Чол тоғи, Хўжагургурота, Гаурли, Сариқил, Кентала, Мачай тоғлари, Кетмончопти, Саримас, Сувсизтоғ, Кулбатоғ ва бошқалар) эгаллаган. Жанубий ва шарқи тоғ олди ва адирлардан иборат. Тоғлар орасидаги сойликлар, тоғ олдилари ўзлаштирилган. Уконит, керамзит, карбид, оҳактош қазилма бойликлари топилган. Иқлими қуруқ субтропик иқлим. Ўзбекистоннинг бошқа тоғли туманларидан иссиқлик ресурсларининг анча баландликкача юқорилиги билан ажралиб туради. Январнинг ўртача температураси 850 м баландликда 2°, 3200 м баландликда 6°, июлники 830 м баландликда 30°. Ўртача йиллик ёғин миқдори 500–1200 м баландликда 150–400 мм, 1200 м дан баландда 450–800 мм. Вегетация даври 230-240 кун. Маҳаллий шамоллар, фён шамоли, афғон шамоли эсади. Бойсун тумани тоғларидан жуда кўп дарё ва сойлар бошланади. Уларнинг энг муҳимлари: Шерободдарё ва унинг ирмоқлари Мачайдарё (Ўрмонча, Жаканди, Олчасой), Шуроб, Хўжабулгансой, Панжоб, Лайлагансой; Хўжаипок дарёси ва унинг ирмоқлари: Қўрғончасой (Хўжабўзбарак, Қизилсой, Чиндон, Ўртанаго сойлари қўшилувидан ҳосил бўлган), Ҳалқажар (Олачопон ва Қайроқсой). Булардан ташқари Оҳангаронсой (Бойсун), Пулҳакимсой ва бошқа бор.
Бойсун туманида қадимий қалъа-шаҳарлар кўплаб топилган. Энг йириклари: Пойқўрғон, Қозимуллатепа, Сарибандтепа, Ялангтўштепа, Дарбанд, Мунчоқтепа, Бўйрачи, Қизилжартепа, Муллатепа, Каллақўрғон. Ибтидоий одамлар яшаган ғорлар, манзиллар: Тешиктош, Мачай, Катта Сулувкамар, Дўконхона, Амир Темур, Искандархон ва бошқа Сайроб чинори (Сайроб қишлоғида), Темир дарвоза (Дарбанд қишлоғида), Тешиктош ғори (Мачай қишлоғида), Динозавр излари, Бибишох шотиси, Бойбулоқ ғори (Қўрғонча қишлоғида), Поёнқўрғон (Работ қишлоғида) каби тарихий обидалар бор.

Тупроқлари: бўз тупроқ, чимли, қўнғир ва оч қўнғир тоғ тупроқлари, шурхок тупроқ/иап. Ёввойи ўсимликлардан шўра, янтоқ, жинчак, қизғалдоқ, бойчечак, ялтирбош, нўхатак, тоғрайхон, кийикўт, гулхайри, шувоқ учратилади; доривор ўсимликлардан эса алкор, ҳартол, занжовул, ўлмасўт, қонтепар, оқшаир; арча, ёввойи мевали дарахтлар ва бошқа ўсади. Жайрон, тоғ эчкиси, ёввойи чўчқа, силовсин, суғур, бўри, тулки, чиябўри, қўнғир айиқ, жайра, қушлардан каклик, калхат, бургут, лочин, қарчиғай, бойўғли, олашақшак, чил ва бошқа турдаги жонзотлар яшайди.
Аҳолиси ўзбеклар ва тожиклар. Аҳолининг ўртача зичлиги ҳар бир км² га 20,8 киши. Шаҳарликлар 23899 киши, қишлоқ аҳолиси 55099 киши.
Хўжалиги. Бойсун туманида саноат кам ривожланган. Туман Сурхондарё вилояти саноат маҳсулотининг 0,8% ини беради. Муҳим фойдали қазилмалари: кўмир (Бойсун), табиий газ (Гажак), полиметалл рудалари (Бойсунтоғ), боксит (Қайроқ), фосфорит, калий тузи (Бойсун), олтингугурт, ёнувчи сланес (Бойсун), қурилиш материаллари ва бошқа асосий саноат корхоналари: „Ишонч“ аксиядорлик жамияти, Бойсун (Туда) кўмир кони, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарадиган кичик корхона ва сехлар. 1994-йил Бойсунда республикада карбид ишлаб чиқарувчи биринчи корхона ишга туширилди. Аҳолига хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар уюшмаси, ҳунармандлар уюшмаси, 164 кичик корхона, 18 аксиядорлик жамияти, „Бойсун“, „Бойсунқурилиш“ ва 256 кўчма механизациялашган колонна, автокорхоналар, „Бойсун“ бозори бор.
Бойсун туманининг асосий тармоқлари чорвачилик, дон хўжалиги, ўрмон хўжалиги, беда уруғчилиги, боғдорчилик ва токчиликдир. Бойсун туманининг жами ер майдони 329,3 минг га, шу жумладан суғориладиган ерлар 6,1 минг га. Экинзорлар жами (шу жумладан лалми ерлар) 21,9 минг га, кўп йиллик дарахтлар 1,5 минг га. Томорқалар, боғдорчилик, сабзавотчилик уюшмаларининг ерлари 2,2 минг га (1999). Бойсун туманида 9 жамоа хўжалиги (2 дончорвачилик, 3 чорвачилик, 2 беда уруғчилиги, боғдорчиликтокчилик, асаларичилик, қишлоқ хўжалиги ширкат уюшмаси (бўрдоқичилик), 70 та фермер ва деҳқон хўжаликлари мавжуд. Асосий экин майдонлари дон, сабзавот, емхашак экинлари билан банд. „Қўрғонча“ ва „Мачай“ жамоа хўжаликлари беда уруғчилигига, „Работ“ жамоа хужалиги боғдорчиликтокчиликка ихтисослашган. Бойсун туманида 21,8 минг қорамол, шундан 11,2 минги сигир, 190,6 минг қўй ва эчки, 41.7 минг парранда, 184 йилқи бор (1999). Чорвачилик асосан гўшт-ёғ берувчи думбали ҳисори қўйчилик, қоракўлчилик, йилқичилик, гўшт йўналишидаги қорамолчиликка (барча хўжаликларда) ихтисослашган. Бойсун туманида 25 минг га ўрмон (арчазорлар) бор (1999).
Бойсун туманида туман маркази ва тоғ қишлоқларини Сурхондарё вилоятининг асосий автомобил йўли — Катта Ўзбекистон тракта билан боғлайдиган йўллар бор. 1995-йилда қарийб 230 км узунликдаги Ғузор — Бойсун — Қумқўрғон темир йўл қурилиши бошланди.
1999/2000-ўқув йилида 54 умумий таълим мактабларида 18869 ўқувчи, 2 касб ҳунартехника лицейида 944 ўқувчи, 1 ҳунартехника билим юртида 466 ўқувчи ўқиди. 83 оммавий кутубхона, 11 клуб, маданият уйи, санъат музейи бор. Туманда 370 ўринли 5 касалхона, „Омонхона“ шифо маскани, 5 амбулатория, 30 фелдшеракушерлик, 3 қишлоқ врачлик шохобчаларида 138 врач, 491 ўрта тиббий ходим ишлаб турибди. 1932-йилдан „Бойсун овози“ туман газ. чиқади (адади 2200).[1]
Туман ҳудудида қазилма бойликлардан кўмир, ёнувчи силаней, олтингугурт ва бошқалар топилган. Бойсун кўмир кони ёпа қатламларида жойлашган. 1940-йиллардан ўзлаштирила бошлаган. Бойсун тоғида фосфор конлари бор. Унинг 95 фоизи маъданли ўғит сифатида ишлатилади.
Туман асосан чорва, боғдорчилик, ўрмон хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашган. Бойсунда ҳисор қўйи боқиладиган „Бойсун“ насилчилик қўй заводи, „Сайроб“ қоракўлчилик, „Дарбанд“ йилқичилик — гўшт, „Рабод“ боғдорчилик — савзоводчилик жамоа хўжаликлари бор. Дарбандаги қора байр отлар насилчилик фармаси мамлакатимизда ягонадир.
Бойсунда „Ишонч“ ҳиссадорлик жамияти, гўшт — сут заводи, нон заводи, ғишт заводи, бир неча кишик корхоналар, фермер хўжаликлари бор.
Бойсун шаҳри (20,1 минг аҳоли) Кетмончопди тоғининг жанубий ёнбағрида, Оҳангаронсой бўйида, денгиз сатҳидан 1200 м баландликда жойлашган. Бу шаҳар Сурхондарё вилоятидаги энг қадимий аҳоли манзилидир. Шаҳарга туташ тоғ этакларида ўрта палеолит давридаёқ аҳоли яшаган. Бойсун шаҳрининг шимоли — ғарбида жойлашган машҳур тешик тош ғори ва унинг топилмалари ҳақида муроқанинг бош қисмида ҳикоя қилинган. Бойсун шаҳрининг ўзи милоддан аввалги тахминан 5-мингйиллик охирларида аҳоли манзили бўлган. Милоддан аввалги И аср — милодий И асрда бу ерда Поикалон деб аталган қудратли қалъа-шаҳар мавжуд эди. Бойсун номи ёзма манбаларда „Басанд“ шаклида дастлаб Х асрда Истаҳри асарларида, номаълум муаллиф томонидан ёзилган „Ҳудуд ул-олам“ („Жаҳон мамлакатларининг чегаралари“) асарида тилга олинган. Истаҳрининг қайд этишича, кўплаб боғ-роғлар бўлган бу қишлоқ Бухоро ва Самарқанддан Чағаниёнга борадиган йўл устида бўлиб, Чағаниён шаҳридан икки кунлик йўлдир.
1951-йили артеллар негизида туман саноат комбинати ташкил этилди, 1967-йилда у маҳаллий саноат корхонасига айлантирилди. 1972-йил мазкур корхона негизида Бойсун экспериментал шойи тўқиш фабрикаси иш бошлади. Унда тикувчилик, тўқувчилик ва бадиий буюмлар ишлаб чиқариш сехлари мавжуд эди. 1991-йил фабрика таркибидан тикувчилик, трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш бўлимлари ажратилиб, Бойсун „Тонг юлузи“ тикувчилик фабрикаси ташкил этилди. 1993-йил фабрика „Ишонч“ ҳиссадорлик жамиятига айлантирилди. Унда тайёрлов, тўқимачилик оммавий кийим тикиш ва каштачилик сехлари бор. Асосан абирлик атлас ва шойи, беқасам, трикотаж маҳсулотлари, оммавий кийимлар, болалар кийим-кечаклари, тўн — чапонлар, кўрпа — кўрпачалар тайёрланади.
Бойсунда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев, адиблар — Саттор Турсун ва Эркин Аъзам, шоир Усмон Азим туғилган.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |