Буташ — дарахт ва буталарнинг ортиқча шох ва новдаларини қисман ёки бутунлай олиб ташлаш. Богдорчилик, ўрмончилик ва манзарали боғдорчиликдаги энг муҳим агротехника тадбирларидан бири. Б. кўчатларга, боғ ва ўрмонлардаги дарахтларга шакл бериш, шунингдек дарахтнинг касалланган, кексайган, синган ва ортикча новдаларини олиб ташлаш, кариган дарахтларни ёшартириш мақсадида ўтказилади. Манзарали дарахтлар ва буталар яхши, чиройли кўриниши учун бутаб ва шохшаббаси учлари қайчилаб турилади. Б. мева дарахтларига таъсир кўрсатишнинг энг фаол агротехник усулларидан бири бўлиб, мева дарахтлари ҳосилдорлигини уч бараварга оширади, меваларни 20% гача йириклаштиради, меваси рангдор ва ширадор бўлиб, таъми яхшиланади, дарахт узоқ муддат яшайди.

Мева дарахтларини Б.да шохларни сийраклатиш, қисқартириш ва новдаларни чилпиш усуллари қўлланади. Сийраклатишда биринчи навбатда қуриган, чалкаш, касалланган ва зарарланган, нимжон, қалинлаштирувчи шохлар кесиб ташланади. Сийраклатиш натижасида янги мева шохлари ҳосил бўлади, дарахт иссиклик ва ёруғликдан яхшироқ фойдаланади, унинг бўйига ва энига ўсиши яхшиланади. Новдашохларни қисқартиришда узун новдаларнинг ўсиш кучига қараб 1/2 ёки 1/3 қисми олиб ташланади. Дарахтлар кўчириб ўтқазилаётганда ҳам шохновдалар қисқартирилади. Мева дарахтларида ўсув даврида новдаларни чилпиш ўсиш кучи ва биологик хусусиятига қараб май — июн ойларида бажарилади (бундай Б. яшил Б. дейилади), натижада новда бўйига ўсишдан тўхтайди, новдада қўлтиқ куртаклар шаклланади ва янги новдалар пайдо бўлади. Ўзбекистон шароитида дарахтлар, асосан, куз — қишда ва қиш — баҳорда, манзарали бута, дарахтлар ёз давомида буталади. Дарахт Б.да шох (бутоқ) кесадиган қайчи, боғ пичоғи, ток қайчи, ёйсимон арра ва боғ дастарраси каби махсус асбоблардан фойдаланилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил