Бухоро Халқ Совет Республикаси, Бухоро ХСР, БХСР (русча: Бухарская Народная Советская Республика; тожикча: Ҷумҳурии Халқии Шӯравии Бухоро) — Бухоро амирлигида амирлик тузуми ағдариб ташлангач, юзага келган халқ республикаси. Майдони 182,193 минг км², аҳолиси тахминан 2,2 миллион кишидан ортиқ бўлиб, асосан ўзбеклар, тожиклар ва туркманлар, қисман қозоқ, қорақалпоқ, татар ва бухоро яҳудийлари яшаган. Бухоро ХСР Хоразм Халқ Совет Республикаси, Туркистон АССР ва Афғонистон давлатлари билан чегарадош бўлиб, пойтахти Бухоро шаҳри бўлган.

1920-1925
Тарихий эра ХХ аср
Аввалги давлат
Кейинги давлат
Бухоро амирлиги
Туркманистон Совет Социалистик Республикаси
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси
Ҳозирда ҳудудида қуйидагилар мавжуд  Ўзбекистон
 Туркманистон

Бухоро ХСР 1920-йил 8-октабрда тузилган. Илкда БХСР мустақил давлат ўлароқ сиёсат юритиш изида бўлган, бироқ Совет Иттифоқининг тазйиқидан қуртула олмаган ва 1924-йил 19-сентабрдан Бухоро ХСР номи Бухоро Социалистик Совет Республикаси (Бухоро ССР) (русча: Бухарская Социалистическая Советская Республика) деб ўзгартирилган[1]. Ўрта Осиё республикаларини миллий-ҳудудий чегараларини белгилаш жараёни ортидан Бухоро ССР ҳудуди янги тузилган Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР ҳамда Тожикистон АССР (1929-йилдан Тожикистон ССР) таркибига киритилган.

Тарихи

Бухоро амирлигининг тугатилиши

Шарқдаги йирик давлатлардан бири ҳисобланган Бухоро амирлиги 1868-йилга келиб Подшо Россиясининг ярим мустамлакасига айланганидан сўнг халқнинг тирикчилиги илгаригидан ҳам оғирлашган. Амирликдаги халқ қўзғолонлари подшо Россияси қўшинлари ёрдамида бостирилган. Рус маъмурлари амирликда катта имтиёзларга эга бўлган. Россиядаги демократик жараёнлар, 1908-йил Туркияда бўлган Ёш турклар инқилоби, хусусан Петрограддаги 1917-йил феврал инқилобидан кейин амирлик ҳудудида жадидчилик ва ундан ўсиб чиққан Ёш бухороликлар ҳаракати кучайди.

1917-йил 7-апрелда Амир Олимхон мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш тўғрисида фармон чиқарди. Лекин амирнинг бу фармони амалда жорий қилинмади. Жадидлар Бухоро шаҳрида намойиш уюштиргандан сўнг, мамлакатда уларни ёппасига таъқиб қилиш бошланди. 1917-йил Октабр инқилобидан кейин Россия билан Бухоро амирлиги ўртасида муносабатлар ёмонлашди. Туркистон ХКС Бухоро давлатига ғанимлик қилиб, амир ҳукуматини куч билан ағдаришга уринди. Болшевиклар шу мақсадда ёш бухоролик жадидларни қўллаб-қувватлашди. 1918-йил март ойида Туркистон ўлкаси ХКС раиси Фёдор Колесов қўмондонлигидаги қизил аскарлар мамлакат пойтахти Бухоро шаҳрига ҳужум уюштирдилар. Уларнинг ҳужуми муваффақияциз тугаган бўлса ҳам, Бухородаги сиёсий тузумни ўзгартириш учун уриниш тўхтамади. Амир Олимхон мамлакат тақдири ҳал қилинаётган ушбу фурсатда мухолифатдаги ёш бухороликлар фирқаси (партияси) арбоблари билан тил топиша олмади. У мамлакатда конституцион монархия ва демократик тартиботларни ўрнатмоқчи бўлган жадидлар — ёш бухороликларни йўқотиш йўлини тутди. Файзулла Хўжаевнинг таъкидлашича, Колесов воқеасидан кейин амир мамлакатда 3000 кишини қатл қилган. Бухоролик адиб Садриддин Айнийнинг ёзишича, фақат пойтахт — эски Бухоро эмас, балки Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Қоракўл, Чоржўй, Хатирчи, Кармана, Қарши, Шаҳрисабз бекликларида ҳам минглаб кишилар жадидликда айбланиб ноҳақ ўлдирилди. Бухоролик жадидларнинг тирик қолган вакиллари Самарқанд, Тошкент ва Москвага жўнаб кетишга мажбур бўлишди, ёш бухороликларнинг бир қисми 1918-йил ёзида Тошкентда Бухоро Компартиясини тузишди, Хўжаев Москвадаги муҳожирлиги даврида — 1918-йил октабрида Туркистон республикасининг Россия СФСР ҳукумати ҳузуридаги мухтор ваколатхонаси қошида ёш бухороликлар партияси бўлимини ташкил қилди. 1920-йил январда Тошкентда Хўжаев бошчилигида инқилобчи ёш бухороликлар партиясининг Туркистон Марказий бюроси ташкил қилинди. Болшевиклар ёш бухороликлардан амирлик ҳокимиятини ағдаришда фойдаландилар. Улар ҳам тактик мақсадларни кўзлаган ҳолда болшевикларга яқинлашишди. 1920-йил 25-августда рус қўмондони Михаил Фрунзе Туркфронт қўшинларига „қўзғолон кўтарган Бухоро меҳнаткашларига ёрдам кўрсатиш тўғрисида“ буйруқ берди. 1920-йил 2-сентабрда Туркфронт қўшинлари амирлик ҳокимиятини ағдариб ташлади.

Бухоро ХСРнинг тузилиши

1920-йил 14-сентабрда бўлган Халқ Нозирлар Шўроси, Ревком ва БКП МКнинг умумий йиғилишида 9 кишидан иборат Бутун Бухоро инқилобий қўмитаси (раиси Абдулқодир Муҳитдинов) ва республика ҳукумати — 11 кишидан иборат Халқ Нозирлар Шўроси (раиси Файзулла Хўжаев) тузилди. Бухоро инқилобий қўмитасининг аъзолари қилиб Муинжон Аминов, Олимжон Акчурин, Абдулҳамид Орипов, Собир Юсупов, Ҳожи Ҳасан Иброҳимов, Файзулла Хўжаев, Қулмуҳамедов тайинланди. Мамлакатни бошқариш мақсадида тузилган Бухоро Халқ Нозирлар Шўроси таркиби қуйидагича эди: раис ва хорижий ташқи ишлар (нозир — Файзулла Хўжаев), маориф (Қори Йўлдош Пўлатов), ички (дохилия) ишлар (Мусо Саиджонов), молия (Усмонхўжа Пўлатхўжаев), давлат назорати (Н. Ҳусаинов), фавқулодда комиссия (раиси — Иброҳимов), адлия (Мукаммил Бурҳонов), ҳарбий (Шиҳобуддинов), савдо ва саноат (М. Мансуров) нозирликлари. Бу пайтга келиб инқилобчи ёш бухороликлар фирқаси аъзолари Бухоро Компартияси сафига киришга мажбур бўлган эдилар. Ушбу ўринда таъкидлаш жоизки, асосан жадидлардан ташкил топган Бухоро ҳукумати ўша пайтда маълумотли кишилар йиғилган ҳукуматлардан бири ҳисобланган. Нозирлар Бухоро, Истанбул, Москва ва бошқа шаҳарларда таълим олишган эди. Бухоро жадидлари ўзларининг ислоҳотчилик ғояларини янги ҳукуматдаги фаолиятлари давомида амалга оширишга ҳаракат қилдилар.

Қизил армиянинг Бухоро операцияси (1920-йил)

1920-йил 6-8-октабр кунларида амирнинг ёзги саройи — Ситораи Моҳи Хосада чақирилган Бутун Бухоро халқ вакилларининг 1-қурултойида Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилганлиги тантанали равишда эълон қилинди. Бу давлат тузуми жиҳатидан халқ демократик ҳокимияти эди. Унинг зиммасига қисқа муддат ичида ўрта асрчилик анъаналари мерос қолган амир Бухоросини демократик давлатга айлантиришдек тарихий вазифани бажариш тушди. Қурултой давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи олий органи бўлган Бухоро инқилобий қўмитаси (Марказий Ревком), Бухоро Халқ Нозирлар Шўроси — дастлабки ҳукумат таркибини узил-кесил тасдиқлади. Уларнинг ваколат муддати 2-қурултойгача узайтирилди. Ушбу қурултойда Исидор Любимов Россия СФСР ҳукумати Бухоро Республикасининг мустақиллигини тан олганлигини айтишга шошилди. 1920-йил октабр-ноябр ойларида Бухоро ХСР билан Россия СФСР ўртасида муваққат ҳарбий-сиёсий аҳдлашув ва шартнома тузилди. 1921-йил 4-мартда ҳар икки давлат ўртасида „Иттифоқ шартномаси“ имзоланди. Ушбу шартномалар мустақил сиёсат юритишга ҳаракат қилаётган ёш Бухоро давлати арбоблари фаолиятини муайян даражада чеклашга олиб келди. „Иттифоқ шартномаси“ мустақил Бухоро давлати ҳудудида совет қўшинлари туришини „қонуний“ асослаб бердики, мазкур ҳол Бухоро ХСР ички ишларига Россиянинг тўғридан-тўғри ҳарбий жиҳатдан қуролли аралашувидан бошқа нарса эмас эди. Бухоро ҳукумати олдида турган энг асосий вазифалардан бири ер-сув масаласини ҳал қилиш эди. 1920-йил 30-сентабрда Бухоро Марказий Ревкоми „Ер тўғрисида“ги декретни қабул қилди. Декретга мувофиқ, собиқ амир, унинг қариндошлари ва амалдорлари қўлидаги бутун ер-мулк камбағал ва ерсиз деҳқонларга берилиши керак эди. Шунингдек, декретга кўра, „хирож“, „амлок“ ва бошқа солиқлар бекор қилинди. Архив ҳужжатларида келтирилишича, фақат Эски Бухоро туманлари ва Чоржўй беклигида собиқ амир ва бекларга қарашли 10 000 таноб ер мусодара қилиниб, камбағал деҳқонларга тақсимлаб берилди. Янги тузум ва унинг ижобий чора-тадбирларини аҳоли маъқуллаб кутиб олди. Жойларда инқилобий қўмиталар тузилди. Бироқ янги ҳокимият томонидан мулкдорлар табақасига нисбатан кўрилган қаттиқ чоралар, уларга тегишли бутун мол-мулкнинг мусодара қилиниши, сарой аъёнлари ва амир амалдорларининг ёппасига ҳибсга олиниши ва отиб ташланиши, амир хазинасининг Москвага олиб кетилиши, мажбурий озиқ-овқат „развёрсткаси“ ва унинг қаттиққўллик билан амалга оширилиши, Ислом дини ва уламоларга нисбатан душманлик сиёсати, республика ҳудудида турган қизил армия таъминотининг аҳоли зиммасига юклатилиши, бунинг устига, қизил аскарларнинг босқинчилик ва талончилик „фаолияти“ ҳаққоний равишда халқнинг кучли норозилигига сабаб бўлди. Республикадаги ижтимоий-сиёсий муносабатлар ҳам кескинлашди. Ёш давлат етакчиси Файзулла Хўжаев мураккаб ва оғир шароитда ишлашга мажбур бўлди. Бухоро ҳукумати ичида сиёсий бўлиниш кучайди. Бир тарафдан, Бухоро Компартияси ичидаги „сўл“ ва „ўнг“ коммунистларга қарши ғоявий жиҳатдан кураш олиб боришга тўғри келса, иккинчи тарафдан, Россия СФСР ва унинг фавқулодда органлари бўлган Турккомиссия, Туркбюро ёш „мустақил давлат“нинг босган ҳар бир қадамини сергаклик билан назорат қилиб турар эди. Шундай бўлишига қарамасдан Файзулла Хўжаев, Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Отаулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, М. Аминов, Мусо Саиджонов, Саттор Хўжаев, М. Мансуров, Абдулқодир Муҳитдинов ва бошқалар ҳукуматда демократик йўл тутиб, мўтадил мавқеда турдилар. Улар Бухоро ХСРнинг амалда мустақил бўлиши, эътиқод эркинлиги, ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини ёқлаб чиқдилар.

Бухоро ХСР Конституцияси

Бухоро ХСР 1922-йилги совет харита-схемасида

1921-йил 18-23-сентабрда бўлган Бутун Бухоро халқ вакилларининг 2-қурултойида демократик руҳдаги Бухоро ХСР Конституцияси қабул қилинди. Бухоро тарихидаги дастлабки Конституция фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликларини қонун йўли билан мустаҳкамлади. Конституцияда давлатни идора этиш учун халқнинг барча табақа вакилларининг иштироки таъминланди. Хусусий мулк ва савдо-сотиқ эркинликлари конституцияда ўз ифодасини топди. Бухорода ўрнатилган тузум халқ демократик республикаси эди. Бухоро ХСРнинг конституцияси барча фуқароларга тенг сиёсий ҳуқуқ берди, миллий тенгсизликни йўқотди. Конституцияга кўра, Бухоро ХСРнинг олий органи — Бутун Бухоро халқ вакиллари қурултойи бўлиб, у ҳар 2 000 сайловчига бир вакил сайланадиган 350 аъзодан иборат эди. Қурултой йилига бир марта чақирилар ва унда республика конституциясини қабул қилиш, ўзгаришлар киритиш, ҳукуматнинг ҳисоботи ва давлат бюджетни тасдиқлаш каби муҳим масалалар кўрилар эди. Конституцияга кўра, қурултойлар ўртасида қонун чиқарувчи ва назорат қилувчи олий орган — Бутун Бухоро МИК ҳисобланади. Қурултойда Бутун Бухоро МИК раиси қилиб Усмонхўжа Пўлатхўжаев сайланди (1922-йил августда бўлган 3-қурултойда бу лавозимни Порсо Хўжаев эгаллади). Конституцияга мувофиқ Халқ Нозирлар Шўроси давлат ҳокимиятини ижро қилувчи ва бошқарувчи олий органи сифатидаги ўз вазифасини сақлаб қолди. Қурултойда миллий масалага катта эътибор берилди. Бухоро МИК ҳузурида Омонгелди Омонов бошчилигида Туркман бўлими тузилди. Кейинчалик шу асосда Туркман автоном вилояти ташкил қилиниб, унга миллий мухторият ҳуқуқи берилди. Туркман ва тожик халқи учун маданий-маърифий ва бошқа муассасалар очилди.

Бухоро ХСР ҳукуматининг советлаштирилиши

Бухородаги демократик жараёнларга мамлакат ташқарисидан тазйиқ тобора кучайиб борди. 1923-йил 3-июнда Бухорога Совет Иттифоқи Қуролли Кучларининг Бош қўмондони Сергей Каменев, Туркфронт Инқилобий Ҳарбий Кенгаш раиси Август Корк, РКП (б) МК Ўрта Осиё бюроси аъзоси Михайлов ва бошқалар келишди. Улар Бухоро ҳукумати фаолиятидан қониқмаётганликларини очиқ айтиб, социалистик ўзгаришларни жадаллаштириш кераклигини таъкидлашди.

Бухоро ХСР МИК депутати белгиси

Орадан кўп ўтмай — 12-июнда РКП(б) МК Сиёсий бюроси махсус қарор қабул қилиб, Бухоро ҳукуматини советлаштириш чора-тадбирларини белгилаб берди. Совет ҳукумати ўз буйруқларини тез ва қаршиликсиз амалга ошириш учун РКП(б) МК котиби Ян Рудзутакни Бухорога жўнатди. 23-июнда РКП(б) МК ёпиқ пленумида Рудзутак иштирок қилиб, Бухоро ҳукумати раҳбарлари ва маҳаллий коммунистлар олдига қатъий талабларни қўйди. Файзулла Хўжаевнинг энг яқин сафдошлари бўлган собиқ ёш бухоролик жадидлар Отаулла Хўжаев (ташқи ишлар нозири), Фитрат (маориф нозири), Саттор Хўжаев (молия нозири), Муинжон Аминов (ЭКОСО раиси) лавозимларидан четлаштирилиб, Бухоро давлати ҳудудидан чиқариб юборилди. Қори Йўлдош Пўлатов, Раҳимжон Юсуфзода, Музаҳар Махсум Бурҳонов, Ҳожи Ҳамро Йўлдошев ҳам масъул лавозимлардан олиб ташланди. Бухоро ҳукумати Москва ва Тошкентнинг „коммунистча сабоғи“ни олган „тажрибали совет ходимлари“ билан тўлдирилди. Пленумнинг ўзида Бухоро Компартияси МК котиби Муҳаметдинов ўрнига А. Раҳимбоев Бухоро Компартияси МК масъул котиби қилиб сайланди. Ҳукуматда Туркистондан юборилган эмиссарларнинг таъсири кучайиб борди.

Инқилобий экстремистик унсурлар бу билан чекланиб қолмасдан, 14-августда бўлган Бухоро МИК фавқулодда сессиясида Конституцияга ўзгартириш киритишга ҳам муваффақ бўлдилар. 1923-йил 11-17-октабрда бўлган Бутун Бухоро 4-қурултойи Конституцияни ўзгартириш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Унга биноан барча савдогар, мулкдор ва собиқ амалдорлар сайлов ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Аммо ишчи ва косибларнинг сайлов ҳуқуқи кенгайтирилди. Шунингдек, қурултойда жамиятда ижтимоий беқарорликни кучайтирадиган „Совет қурилиши тўғрисида“ махсус қарор қабул қилинди. Жамият тобора сиёсийлашиб борди. Бухорода ўтказилаётган демократик ислоҳотларнинг тақдири хавф остида қолди. Марказнинг талаби билан мамлакатда сунъий равишда социалистик қайта қуришларни амалга оширишга киришилди. Республикадаги бу кескин сиёсий вазият қуролли мухолифат ҳаракатининг кучайишида ҳам ўз ифодасини топди. Бухорода амир ҳокимияти ағдариб ташланган дастлабки ҳафталардаёқ мамлакатнинг ғарбий, марказий ва шарқий қисмларида қизил армиянинг босқинчилик сиёсати ва болшевиклар зулмига қарши истиқлолчилик ҳаракати бошланган эди.

Бухоро Совет Социалистик Республикаси

1924-йил 18-20-сентабрида Бутун Бухоро халқ вакилларининг 5-қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой 19-сентабрда Бухори ХСРни Бухоро Совет Социалистик Республикасига (Бухоро ССР) айлантириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бухоро ССРнинг тузилиши юқоридан туриб сунъий тарзда амалга оширилган ҳодиса эди. Натижада тараққиётнинг демократик йўли инкор қилиниб, социалистик йўналиш танланди. Марказдаги болшевик раҳбарларининг Бухоро ва Хоразм халқ республикаларини социалистик республикага айлантиришдан кўзда тутган асосий мақсадлари маҳаллий халқларни тезроқ советлаштириш ва руслаштириш, уларнинг онгига коммунизм мафкурасини сингдириш эди. Шарқда „социализмнинг порлоқ ғалабаси“ни таъминлаш учун бу жуда зарур эди. Қурултойда Файзулла Хўжаев ҳукуматнинг иши тўғрисида ҳисобот берди ва „Ўрта Осиёнинг миллий давлат чегараланиши тўғрисида“ маъруза қилди.

Қурултой қатнашчилари халқ ҳукуматининг 4 йиллик иш фаолияти якунларини чиқариб, Ўрта Осиёда миллий республикалар тузиш зарурлигини ёқлашди. 1924-йил 18-ноябрда Туркистон АССР, Бухоро ССР ва Хоразм ССР МИКлари қўшма қарор қабул қилдилар ва шу қарорга биноан ўз ваколатларини Ўзбекистон ССР Советларининг Таъсис қурултойига қадар иш кўриб келган Файзулла Хўжаев раислигида янги ташкил этилган Ўзбекистон ССР Муваққат инқилобий комитетига топширдилар. Шундай қилиб, Ўрта Осиё республикаларининг миллий-ҳудудий чегараланиши деб аталмиш тадбир асосида 1924-йил ноябр ойи охирида Бухоро ССР тугатилиб, унинг ҳудуди янги ташкил этилган Ўзбекистон ССР, Туркманистон ССР ва Тожикистон АССР (1929-йилдан Тожикистон ССР)га киритилди.

Иқтисоди

1923-йил март ойида Туркистон, Бухоро ва Хоразм иқтисодий жиҳатдан бирлаштирилди ва уни бошқариш учун Ўрта Осиё Иқтисодий Кенгаши (Средаз ЭКОСО) тузилди. Файзулла Хўжаев Ўрта Осиёнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашуви тўғрисидаги фикрни бошида қўллаб-қувватламади. Чунки у иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, ҳатто минтақа халқ хўжалиги истиқболлари тўғрисида қарор қабул қилишгача бўлган барча ишлар марказ қўлига ўтаётганлигини энг аввало сезган ва бу сиёсатнинг машъум оқибатларини чуқур тушунган арбоб эди. Ўзи кучли иқтисодчи бўлган Хўжаев Бухоро томонидан Россия ва Туркистонга етказиб бериладиган молларга аниқ товар эквиваленти белгилаш зарурлиги тўғрисида айниқса ташвишланиб гапирар эди. Бухоро ҳудудида жойлашган Россия қўшинлари Бухоро давлатининг озиқ-овқати ва ем-хашаги билан таъминланар эди. Ҳукумат бошлиғи Файзулла Хўжаев Россия қўшинлари сонини 15 000 кишигача қисқартириш тўғрисидаги масалани Москва олдига бир неча марта қўйди.

Бухоро ХСРнинг 100 рубл банкнотаси (1922-йил)

Бухоро республикасидаги иқтисодий сиёсат ва хўжалик соҳасидаги ислоҳотлар зиддиятли тарзда кечди. Бухоро инқилобий қўмитасининг 1921-йил 5-январдаги декрети ҳамма ерларни умумхалқ мулки деб эълон қилди. Вақф ерлари тугатилди, айрим тоифадаги хўжаликларнинг чорва моллари ва мулклари мусодара қилинди. Суғориш тизими издан чиқди, экин майдонлари қисқариб, чорва молларининг сони камайиб кетди.

Шу билан бир вақтда кўплаб ижобий ишлар ҳам амалга оширилди. 1921-йил кузида ерни тортиб олиш бекор қилинди. Бухоро МИКнинг умумий афв тўғрисидаги 1922-йил 25-май декретида вақфларни тугатишни тўхтатиш, қозихоналар ишини, шариат кўрсатмаларини тиклаш ва бошқаларни эълон қилди. Ўша йилнинг ноябрида янги иқтисодий сиёсат (НЕП)га ўтиш эълон этилди. Бухоро давлат банки тузилиб, пул ислоҳоти амалга оширилди. Деҳқонларни моддий рағбатлантириш чоралари кўрилди. Бу қишлоқ хўжалигини барқарор ривожланишига олиб келди. 1923-йил суғориладиган ерлар майдони 1913-йилдаги даражага яқинлашиб қолди (92,3%). Бухоро Халқ Совет Республикаси тикланиб, завод ва фабрикалар қайтадан ишга тушди. Бу пайтга келиб Бухоро республикасида 19 та корхона, 500 дан ортиқ бозор ишлаб турди, хусусий сармоя 12 000 савдогарлар маблағидан иборат бўлди. 1923-йил 4 та аралаш аксионерлик жамияти, 30 та йирик савдо фирмалари фаолият кўрсатаётган эди. Давлат савдоси ва кооперациясига берилган ёрдам ўз самарасини кўрсатди.

Географик бўлиниши

Бухоро Халқ Совет Республикаси (Бухоро ХСР) 182,193 км² (70345 кв миля) майдонга эга бўлиб, 2,2 миллиондан ортиқ аҳоли яшаган. Аҳолининг асосий қисмини ўзбеклар, тожиклар ва туркманлар ташкил этган[2]. Бухоро ХСР (1920-йилдан 1924-йилгача мавжуд бўлган) 1918-йил апрелда Россия Туркистони ҳудудида тузилган Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (Туркистон АССР) таркибидаги йирик анклав эди. Бухоро ХСР Хоразм ХСР билан биргаликда шимоли-ғарбдан жануби-шарқга қараб Туркистон АССРни икки алоҳида қисмга бўлган камар шаклида чўзилган: жануби-ғарбдаги кичик қисм, Бухоро ХСР таркибига кирган Амударёнинг жанубий қирғоғи ҳозирги Туркманистон давлатига тўғри келади. Шимоли-шарқидаги анча катта қисми ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудларига тўғри келади. Бухоро ХСР нинг жанубий чегараси шимоли-ғарбдан жануби-шарққа томон Амударёнинг жанубий қирғоғи бўйлаб Термизгача, сўнгра Панж бўйлаб Ғарбий Помирга чўзилиб, унинг жануби-шарқий чекка нуқтасида Лангаргача етиб борган. БХСР шимоли-шарқда Самарқанд вилояти, шарқда Фарғона вилоятининг жанубий қисми билан чегарадош эди. БХСРнинг шимолий чегараси ғарбда Хива шаҳрига яқинлашиб, бугунги Ўзбекистондаги Қорақалпоғистон ва Навоий вилоятига тўғри келди.

Бухоро Халқ жумҳурияти ҳам ўз таъсир кучи остида Бухоро амирлиги сингари Ғарбий Бухорога, жумладан Бухоро ва Қарши шаҳарларига ва Шарқий Бухорога, тахминан Ҳисордан Ғарбий Помиргача бўлиниб кетган. 1924-йилда Ўрта Осиёнинг миллий чегараланиши жараёнида Ғарбий Бухоро янги ташкил этилган Ўзбекистон ССР таркибига киритилади (Амударёнинг жанубий қирғоғи билан Туркман ССРга ўтган Чоржўй шаҳри бундан мустасно), Шарқий Бухоро эса Ҳисордан Ғарбий Помир Тожикистон Автоном Совет Социалистик Республикасига (Тожик АССР) берилган ва шу тариқа 1929-йилда тузилган Тожикистон ССР таркибига кирди.

Яна қаранг

Манбалар

  1. ↑ "Бухоро Халқ Совет Республикаси" (ўзбекча). Энсиклопедик луғат. 1. Тошкент: Ўзбек совет энсиклопедияси. 1988. п. 134. 5-89890-002-0. 
  2. ↑ Букҳаран Пеоплеъс Совиэт Републиc, Биг Совиэт Энcйcлопедиа он-лине эдитион. Ретриэвед 10 Фебруарй 2009.

Ҳаволалар