Buloqlar

Булоқлар, чашмалар — ер ости сувларининг табиий ҳолатда ер юзасига чиқиши (қуруқликда ёки сув остида). Б. сувли қатламларни дарё водийлари, жарликлар, кўл чўкмалари кесиб ўтишидан, тектоник ёриклар, отқинди ва чўкинди жинслар контакт зоналари мавжудлигидан, сувли жинслар филтрация хоссасининг бир хил эмаслигидан пайдо бўлади. Б. 2 га бўлинади: 1) қайнар Б.— ер остидан гидростатик босим, газ ва буғлар таъсирида ер юзасига чиқади. Фарғона водийсида (Шўрсув, Жалолобод), Тожикистонда (Обигарм, Иссиқбулоқ) кўп. Қайнар Б. пайдо бўлиш шароитига қараб эрозион ва газ босимлига бўлинади. Бу Б. артезиан сувли қатламларнинг эрозион кесилиши, тектоник ёриклардан отилиб чиқиши ҳамда жарлик, сой ва дарё водийларининг сувли қатламларни кесиб ўтиши натижасида пайдо бўлади. Бундай Б. Бухоро ва Қорақум нефтгазли раёнларида учрайди; 2) сокин Б.— сизот сувли катамларнинг олдини сув ўтказмайдиган жинслар тўсиб қолиши ёки очилиб қолиши, карст булокларининг ер юзасига чиқишидан ҳосил бўлади. Карст Б.нинг катталари кўп сувли (воклюз). Айрим карст Б.дан сек. ига 200—250 л сув чиқади. Бундай Б. Фарғона водийси жан. да, Зарафшон ва Қашқадарё водийларида кўп, улардан аҳоли кенг фойдаланади. Булардан ташқари сек.ига 1000—1100 л сув берадиган йирик Б. ҳам бор. Ўзбекистонда бундай Б.лардан Қорабулоқ (Қашқадарё), Нурота ва Дейтбаланд (Самарқанд вилояти)да мавжуд. Б.дан чиқаётган сувнинг ўзгаришига кура доимий, даврий ва ўзгарувчан, температураси бўйича совуқ (0°—20°), иссиқ (20°—42°), қайноқ (40°—100°), жуда қайноқ (100° дан ортиқ) Б.лар бўлади. Б.дан экинларни суғоришда, саноатда, аҳолини сув билан таъминлаш ва даволанишда (Хўжаипок булоғи, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида) фойдаланилади. Суви ичиладиган ва суғоришда фойдаланиладиган Б. Фарғона, Зарафшон, Қашқадарё, Нурота, Тошкент воҳаларининг тоғ олди жойларида кўп. Бу ерларда айрим Б.нинг бёрадиган суви сек.ига 10—15 л га етади. Шифобахш Б. Тожикистон (Гармчашма, Хўжаобигарм), Қирғизистон (Жалолобод, Иссиқота, Жетиўғуз, Оқсув), Ўзбекистон (Шоҳимардон) ва бошқа ерларда бор. Тошкент шаҳри Чорсу майдонида ҳам 1960- йиллар охирларигача "Чорсу" меҳмонхонаси ўрнида Уккоша булоғи машҳур бўлган. Саноат аҳамиятига эга шўр (таркибида ёд, бор, бром ва бошқа элементлар бўлган) Б. тоғ олди, тоғ орасидаги ботиқ, артезиан хавзалар (Фаргона, Бухоро, Қарши, Қорақум)да учрайди. Ўзбекистонда Б.дан тўғри фойдаланиш мақсадида булоқли жойларнинг гидрогеология шароитлари, Б.лар пайдо бўлиши жараёни, сув температураси, таркиби ва чиқадиган миқсори ўрганилади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |