Давлат чегараси — давлатнинг қуруқлик ва сувдаги доирасини белгилайдиган чизиқ. Бу чизиқ устидан ўтадиган вертикал сатҳ шу давлатнинг ҳаво чегараси ҳисобланади. Халқаро ҳуқуққа биноан қўшни давлатлар ўртасидаги Давлат чегараси шартнома тартибида белгиланади. Давлат чегарасини белгилаш 2 босқичда амалга оширилади: чегарани делимитация қилиш (Давлат чегараси йўналишини белгилаш ва уни шартномага илова қилинадиган ҳаритага тушириш) ва чегарани демаркация қилиш (чегара белгилари ёрдамида жойда чегарани белгилаш).

Қонунга биноан

Хорватиядаги чегарадан махсус ўтиш йўлаги

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги муносабатлар "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги қонун (1999-йил 20-август) билан тартибга солинади. 2000-йил 1-январдан кучга кирган ана шу қонунга кура, Давлат чегарасини белгилаш ва ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан амалга оширилади. Давлат чегараси жойларда аниқ, кўриниб турадиган чегара белгилари билан кўрсатиб қўйилади. Чегара белгиларининг шакллари, ўлчамлари ва уларни ўрнатиш тартиби қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланади. Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк ва ҳайвонларни ўтказиш белгиланган ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади. Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона назорати ва назоратнинг бошқа турларини амалга оширувчи ҳудудлар белгиланади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча режим қоидалари жорий этилади. Давлат чегараси режимини таъминлаш учун чегара олди зонаси ва чегара олди минтақаси белгиланади.

  • Чегара олди зонаси — Давлат чегарасига туташ ҳудуднинг бир қисми бўлиб, у Давлат чегарасига туташ туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул ҳудуди доирасида белгиланади.
  • Чегара олди минтақаси — чегара олди зонасининг Давлат чегараси чизиғига бевосита туташ қисми бўлиб, у бевосита Давлат чегараси бўйлаб, унинг қуруқлик участкаларида ёки чегара бўйи дарёлари, кўллари ва бошқа сув ҳавзалари қирғоғи бўйлаб ўтказилади.

Давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш бўйича махсус ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитадир. Давлат чегараси режимига риоя этилишига доир масалаларни ҳал қилиш, чегара низоларини тартибга солиш мақсадида Давлат чегарасининг муайян участкаларига мазкур қўмитанинг раиси Ўзбекистон Республикасининг чегара вакилларини тайинлайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил