Chorbogʻ
Чорбоғ ёки чаҳорбоғ (форсча: چهارباغ – тўрт боғ) — шарқ мамлакатларида атрофи девор билан ўраб олинган кўшк, айвон, қўрғонли тартиб асосида тузилган боғ.
Чорбоғ учун текис, сувли, дарахтли жой танланади; нотекис (нишабли) жойлар поғона-поғона саҳнларга келтирилади, сунъий шаршаралар қилиш имкониятлари яратилади. Чорбоғ мурабба ёки тўртбурчак тарҳли бўлиб, кириш ҳар тўрт тарафнинг ўрталаридан ташкил этилади; ҳудуди йўлка ва ариқлар ёрдамида айрим боғчаларга, боғчалар эса яна ўз навбатида чаманзорларга бўлиниб, чорчаманларни ташкил қилади. Чорбоғ мужассамотининг марказини бино (қўрғон, кўшк) эгаллайди. Баланд бўйли дарахтлар деворга яқин экилади, ундан сўнг мевали дарахтлар ва гуллар тартиб билан экилади, уларнинг эрта баҳордан кеч кузгача очилиб туришига эътибор берилади. Бино мужассамоти чорбоғни турли нуқталардан кўриш имконини берадиган тарзда, 1—2 қаватли, марказий мужассамотли қилиб қурилади: ўртада атрофини айвонлар ўраб олган чордара хона бўлиб, 2-қаватга бино буржларидаги зиналар орқали чиқилади. Сув иншоотларидан катта ариқлар ва ҳовузга сув келади, ҳовуз шакллари ҳамда фавворага алоҳида эътибор берилади. Чорбоғда, шунингдек, ўтов, чодир кабиларни ўрнатиш учун жойлар ажратилади. Чорбоғдаги қушлар (масалан, тустовуқ, товус ва бошқалар) унга ўзгача кўрк бағишлайди.
Чорбоғ қадимдан яратилиб келинган, Темурийлар ва Бобурийлар даврида равнақ топган, моҳир боғсоз усталар етишиб чиққан. Жумладан, ХВИ асрда яшаган ҳиротлик Мирак Сайид Ғиёс боғ режасини тузиш, ер ости иншоотларини лойиҳалашга мохир бўлган, унинг Бухорода ҳам Убайдуллахон учун боғ барпо қилгани манбалардан маълум. ХИИИ аср охирига оид рисолада, ХВИ асрда қайта кўчирилган "Иршод уззироат фи илмилҳиросат" рисоласида чорбоғ яратиш ҳақида қимматли маълумотлар баён қилинган, ҳатто рисоланинг бир боби "Кўчат, гул, дарахт, муаттар ўтлар ўтказиш, чорбоғга тартиб бериш ва уни барпо қилишда изчилликка риоя қилиш" деб аталади. Рисолада чорбоғнинг энг мақбул тури келтирилади ҳамда турли тавсиялар билан бирга мужассамотда симметрия, ритм, ранг каби масалаларга алоҳида аҳамият берилиб, мевали дарахтларга кенг ўрин ажратилади.
Чорбоғ ХИХ асрнинг 2-ярми — ХХ асрнинг бошларида ҳам бунёд этилган (Бухородаги Ситораи Моҳи Хоса, Қўқон хонининг Ойим қишлоғидаги, Хивадаги Нуруллабой чорбоғлари ва бошқалар).
Яна қаранг
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |