Давлат бошлиғи — давлатнинг ички ва ташқи ишларига олий раҳбарликни амалга оширувчи шахс ёки орган. Монархия бошқаруви шаклидаги давлатлар (Буюк Британия, Швеция, Япония)да Д.б. монарх (қирол, подшо, император) бўлиб, унинг ҳокимияти ҳукмрон хонадон бир вакилидан 2-вакилига қонунда белгиланган тартибда ўтади. Республика бошқаруви шакли амалда бўлган давлатларда кўпинча президент Д.б. ҳисобланади. У бевосита фуқаролар томонидан сайланиши (Россия, Франсия, Мексика ва б.), фуқаролар вакиллари томонидан поғонали асосда сайланиши (АҚСҲ, Аргентина) ёки президент сайлаш учун ташкил қилинган орган томонидан сайланиши (мас, Германия) ёхуд парламент томонидан сайланиши (Чехия) мумкин. Деярли барча давлатлар конституцияларида Д.б.га жуда кенг ваколатлар берилган: у ҳукумат бошлиғини ва вазирларни тайинлайди, қуролли кучлар олий бош қўмондони ҳисобланади, маҳкумларни афв этиш ва вето ҳуқуқига эга бўлади, фуқароларни орден ва медаллар билан тақдирлайди, парламентларнинг сессияларини чақиради ва ҳоказо. Айрим давлатларда унга парламентни ёхуд унинг қуйи палатасини тарқатиб юбориш ҳуқуқи ҳам берилган. Парламентар республикаларда Д.б.нинг барча ваколатларини унинг номидан ҳукумат амалга оширади (қаранг Президентлик бошқаруви).

Ўзбекистон Республикасида давлат ва ижро этувчи ҳокимият бошлиғи президентдир. У айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг Раиси ҳисобланади (қаранг Ўзбекистон Республикасининг Президенти).

Яна қаранг

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил