Дентин (лотинча денс — тиш) — суяксимон пишиқ тўқима, тишнинг асосий қисмини ташкил этади. Тиш коронкасида Д. эмал билан, бўйни ва илдизида эса семент билан қопланган. Д. 70—72% минерал тузлар ва тахминан 28% органик моддалардан таркиб топган. Д. асосан коллаген толалар ва улар орасидаги аморф моддалардан иборат; моддалар орасида Томе толалари деб аталувчи ҳужайра ўсиқчалари жойлашган каналчалар тармокланиб кетган. Д.да қон томирлар бўлмайди, у каналчалар ва Томе толалари орқали диффузия йўли билан озиқланади. Тоғайли балиқлар тангачасида ҳам Д. бор.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил