Девчарх, катта чарх — кад. хонаки пиллакашлик корхонасида турли дастгоҳ (авурсак, дугдон, тегирмон ва чоридон)ни ҳаракатга келтирадиган улкан чарх, (диаметри 2,5 м); аштоб ёки катта чарх деб ҳам юритилган. Д.ни айлантириш оғир иш бўлган. Марғилонлик уста Юсуфжон Маъруфжонов бу меҳнатни енгиллаштириш ниятида 1942 йилда Д.ни 2 бараварга кичрайтирди; 1944 йилда эса у Д.ни мотор билан ҳаракатланадиган қилди. Атлас, беқасам, шойи ва б. матолар пиширилган тайёр ипаклардан тўқиладиган бўлгач, Д. ишлатилмай қўйилди.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил