Девпечак (Cусcута Л.) — чирмовуқ-дошлар (Cусcутаcеаэ)ра мансуб бир ва кўп йиллик текинхўр ўсимлик. Ватани — Америка ва Африка. Ўрта Осиёда 5 тури тарқалган. Буларнинг ҳар бири 150—200 гача ўсимлик турини зарарлаб, ҳосилнинг кўп қисмини нобуд қилади, сифатини пасайтиради. Илдизи, барги бўлмаганидан хлорофилл йўқ. Пояси (0,5—7,5 мм гача) сарғиш ёки сарғишпушти, сершох. Гули оқ ва оқиш-пушти, овал шаклда. Чаноғи қалпоқсимон, серуруғ. Уруғи думалоқ ёки тухумсимон, учли, ғадир-будур, усти қаттиқ пўст билан қопланган. Д., асосан, уруғидан ва қисман поясидан кўпаяди. Тупроқда қишлаб чиққан уруғлари март— апрел ойларида униб чиқади. Ўсимталари дастлаб кунига 2—3 см, 10-кундан бошлаб 12—15 см дан ўсади. Ўсимталари бирор ўсимликка чирмашиб, уруғидан ажралади, ўсимлик танасига 2— 4 марта спирал шаклида ўралиб олади ва сўрғичлари билан ўсимлик ширасини сўра бошлайди. Натижада ўсимликда модда алмашинуви бузилади, Ҳосили камаяди, ҳатто қуриб қолади. Д., асосан, мевали, манзарали, ўрмон дарахтлари, ток, бута, резавор, субтропик ва ситрус ўсимликларига тушиб, халқ хўжалигига катта зарар келтиради. Кураш ч орал ар и: Д. тушган дарахт новдалари қирқиб ёқилади, кучли зарарланганлари тупи билан ковлаб йўқотилади. Боғ, токзор, кўчатзор ва дарахтзорларда қатор оралари ҳайдаб қўйилади, дарахтга тушган Д.ни кимёвий усулда йўқотиш чораси ҳозирча ишлаб чиқилмаган (имкон қадар қўлда тозаланади). Экин майдонлари, йўл ёқаларидаги ўсимликларга тушган Д.ни йўқотиш учун эса нитрафеннинг 4% ли эритмаси билан гектарига 1200 л нормада дориланади (қаранг Зарпечак).

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил